16.01.2014

ТИЖОРАТ СИРИ ФАҚАТ ТАДБИРКОРГА ДАХЛДОР ЭМАС

Сиёсий партиянинг дастурий мақсадлари, сайловчилари хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш биринчи навбатда парламентда қонун ижодкорлиги жараёнига таъсир кўрсатиш йўли билан амалга оширилади. Шунинг учун ҳозирда барча сиёсий партиялар фракциялари парла­ментда муҳокама этилаётган қонунлар лойиҳалари юзасидан ўз электорати манфаатларидан келиб чиқиб, принци­пиал фикрларни бил­дирмоқда, уни ҳимоя қилишга интилмоқда.

Айтиш керакки, қонунлар ло­йиҳалари бўйича ишни тизимли ташкил этишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Регламентига киритилган ўз­гартиш ва қўшимчалар муҳим аҳамият касб этаяпти.

Парламент қуйи палатасидаги қонун ижодкорлигининг барча босқичида сиёсий партиялар фракциялари (депутатлар гуруҳи) ўз фикр ва таклифлари билан иштирок этмоқда. Бу сиёсий партиялар фракциялари ўртасида тортишувларни, қизғин муҳокамаларни келтириб чиқармоқда. Айни пайтда такомиллаштириш жараёнида бўлган «Тижорат сири тўғриси­да»ги қонун лойиҳаси меъёрлари бўйича ҳам сиёсий пар­тиялар фракциялари ўртасида турли фикр ва ёндашувлар юза­га келган.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, тижорат сирини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ҳуқуқий меъёрлар умумий кўринишда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида белгиланган. «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунда ахборот тақдим қилиш билан боғлиқ муносабатлар тартибга солинган бўлса-да, унда тижорат си­ри ва уни ҳимоя қилиш тушунчалари акс этмаган. Қонунчилик палатасида ҳар томонлама муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаси бу муаммони ҳал этишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Қонун лойиҳасида белгиланган тижорат сирига бўлган талаблар бўйича ЎзХДП ва ЎзЛиДеП фракцияларининг позиция­лари турлича бўлмоқда. ЎзЛиДеП фракцияси тижорат сирининг таркиби ва ҳажми хўжалик юритувчи субъектнинг мулкдори томонидан белгиланиши билан боғлиқ позицияни ҳимоя қилмоқда. Ушбу фракция аъзоларининг фикрига кўра, тижорат сири махфийлигини таъмин­лаш, ундан фойдаланишнинг ички қоидаларини ишлаб чиқиш, ҳужжатларни жорий қилиш, сақлаш ва қўллашни ташкил қи­лишга оид ҳимоя чораларини кўришда мулкдорнинг ҳуқуқлари чекланмаслиги керак.

Чунки тижорат сири тижорат фаолияти билан шуғулланувчи ҳар қандай корхонанинг турли фан-техника, технология, ишлаб чиқариш, молиявий-иқтисодий амалиётлардаги ахборотлар сир сақланишига бўл­ган ҳуқуқидир. Яъни, хўжалик юритувчи субъектларнинг фао­лиятида тижорат сирини ташкил қилувчи ахборотлар бошқа моддий ва интеллектуал активлар сингари салмоқли ўрин эгаллайди. Бир сўз билан айтганда, тижорат сири моддий қий­матга эга. Шундай экан, бундай ахборот эгаси уни ўз хоҳишига кўра ҳимоя қилишга, фойдаланишга бериш тартибини белгилашга ҳақли.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси эса бу ўринда мулкдорга мутлақ ҳуқуқ берилиши айрим ҳолларда салбий оқибатларга олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди. Фракциямиз аъзоларининг фикрича, қонун лойиҳасида тижорат сирини мувофиқлаштирувчи талабларни белгилашда меҳнат жамоалари, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси, албатта, эътиборга олиниши лозим.

ЎзХДП фракцияси тижорат сирини белгилаш, уни ҳимоя қилиш ёки фойдаланишга бериш тартиб-таомиллари ягона қонуний мезонлар доирасида бўлиши лозим, деган позиция­ни илгари сураяпти. Яъни, бу ўринда айнан қандай ахборот тижорат сири эканига доир мезонларни, тижорат сирини корхона фаолиятига зарар етказмаган ҳолда ахборотдан фойдаланувчилар, давлатнинг вако­латли органларига ошкор этиш, айни вақтда ҳимоя қилиш тартиб-таомилларини белгилаш долзарб масаладир.

Қатор ривожланган давлатларнинг қонунчилигида ҳам тижорат сири, аввало, давлат ва жамият манфаатларига қарши бўлмаслиги кераклиги ҳақидаги меъёрлар акс этган.

Мамлакатимизда бозор муносабатлари чуқурлашиб боргани сайин хўжалик юритувчи субъектларнинг сони кўпайиб, ишлаб чиқариш ва хизмат кўр­сатиш тармоқлари ҳам ривожла­ниб бораётгани иқтисодиётимизнинг барқарор, юқори суръатлар билан ўсишида юксак самаралар бермоқда. Юртимизнинг ишлаб чиқариш салоҳияти, меҳнатга лаёқатли аҳолининг асосий қисми банд бўлган иш ўринларининг барқарор сақланиши ва бошқа кўпгина ижтимоий-иқтисодий масалаларнинг ўз вақтида ҳал этиб борилиши уларнинг фаолиятига бевосита боғлиқ. Хўжалик юритувчи субъ­ектлар фаолиятида муҳим ўрин тутадиган тижорат сирига алоқадор масалаларнинг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланмаслиги оддий ишчи-ходимлар, меҳнат жамоалари, истеъмолчилар манфаатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Қолаверса, тижорат сири билан боғлиқ ҳу­қуқий масалаларнинг ҳал қи­линмаслиги корхоналардаги иш ўринларининг беқарорлиги­ни ҳам келтириб чиқариши мум­кин. ЎзХДП фракцияси қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида масаланинг айнан шу томонларини ҳам, албатта, ҳисобга олиш керак, деган позицияда турибди.

Фракциямиз қонун лойиҳасида акс этган яна бир масалага эътибор қаратмоқда. Қонун ло­йиҳасида хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ҳақидаги ахборотдан фойдаланиш имконини чекловчи ёки қийинлаштирувчи меъёрлар мавжуд.

Уларга асосан хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари тижорат сирига кирмайдиган ахборотларни ҳам тақдим этиш­ни пайсалга солиши мумкин. Шу боис бизнинг фракция ЎзЛиДеП фракциясидан фарқли равишда қонун лойиҳасида тижорат сирига кирмайдиган маълумотларнинг турлари ва хусусиятларини янада аниқлаштириш муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди.

Ҳозирда ҳар бир фракция «Ти­жорат сири тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини асослаб беришга ҳаракат қилаяпти. Сабаби тижорат сири билан боғлиқ ҳуқуқий асос мустаҳкамлиги нафақат хўжалик юритувчи субъ­ектлар фаолиятида, балки уларда ишлаётган меҳнат жамоаларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Тижорат сири ҳақидаги меъёр­ларнинг номувофиқ белгиланиши ҳам корхона фаолиятига, ҳам унинг ишлаб чиқариш кў­лами ва даромадларига, ишчи-ходимлар манфаатларига салбий таъсир этиши мумкин. Шу маънода тижорат сири фақат тадбиркорга дахлдор масала эмас. Демак, у билан боғлиқ муносабатларни тартибга соладиган қонунчилик ҳар томонлама пишиқ ва пухта бўлиши лозим.

Дилбар ХОЛИҚОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.