14.01.2014

МУСТАҚИЛ ВАТАНИМИЗНИНГ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯЧИЛАРИ

“Туркистон” саройида Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Миллий армиямиз юртимизда қарор топган тинч-осойишта ҳаёт, мамлакатимиз хавфсизлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигининг мустаҳкам қалқонидир. Шунинг учун ҳам халқимиз Ватан ҳимоячилари кунини миллий байрам сифатида кенг нишонлайди. Ҳарбий хизматчиларни осуда ва обод ҳаётимиз қўриқчилари сифатида эъзозлайди.

13 январь. “Туркистон” саройи байрамона безатилган. Бу ерга сенаторлар ва депутатлар, ҳукумат аъзолари, аскар ва сержантлар, офицерлар, генераллар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, ота-оналар ва жамоатчилик вакиллари ташриф буюрган.

Байрам тадбирини Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов очди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 22 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригини Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Қ.Бердиев ўқиб эшиттирди.

Президентимиз Ислом Каримовнинг фармони билан 1991 йил 6 сентябрда Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилди. Давлатимиз раҳбарининг 1992 йил 14 январда қабул қилинган қарорига мувофиқ мамлакатимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикаси юрисдикциясига ўтказилди. Ўша кундан эътиборан миллий армиямизга асос солинди.

Ана шу тарихий кун – 14 январь мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни сифатида кенг нишонлаб келинмоқда.

Миллий армиямизни профессионал кадрлар билан тўлдириш, ҳарбий хизматчиларнинг тайёргарлигини, билим ва кўникмаларини янада юксалтириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Ҳарбий ўқув ҳамда машғулотлар илм-фан ва техниканинг илғор ютуқлари асосида ўтказилмоқда. Олий ҳарбий таълим муассасаларида ҳар қандай хавф-хатарни чуқур таҳлил этишга қодир, тезкор қарорлар қабул қила оладиган, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларига эга офицер кадрлар тайёрланмоқда.Ўтган вақт мобайнида Қуролли Кучларимиз ташкилий ва таркибий жиҳатдан янада такомиллашди. Тузилмаларнинг ҳаракатчанлиги, жанговар қобилияти, ҳарбийларнинг жисмоний ва маънавий-маърифий тайёргарлиги ошди. Қисм ва бўлинмалар замонавий қурол-яроғ ва жанговар техника билан таъминланди.

Муддатли ҳарбий хизматга чақирувнинг бир йилда бир марта ташкил этилаётгани, шартнома асосида хизмат қилувчилар сафининг кенгаяётгани, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматнинг жорий этилгани натижасида армиямизнинг қиёфаси, ҳарбий жамоалардаги маънавий муҳит тубдан ўзгарди. Ҳарбий хизмат ёшларда мустаҳкам ирода ва характерни шакллантирадиган, жисмоний чиниқиш ва юксак инсоний фазилатлар камол топадиган ўзига хос мактабга айланди.

Бунинг натижасида ёшлар орасида ҳарбий хизматга қизиқиш ва интилиш тобора кучайиб бораётир. Йигитлар бундай шарафга лойиқ бўлиш учун ҳар томонлама тайёргарлик кўрмоқда. Болалигидан спорт билан шуғулланиб, фанларни чуқур ўрганиб, жисмонан ва ақлан баркамол бўлиб вояга етмоқда.

Муддатли ҳарбий хизматга танлов асосида қабул қилинаётгани армия сафларини жисмоний тайёргарлиги ва интеллектуал салоҳияти юқори йигитлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлмоқда. Бунинг самарасида аскарлар жанговар тайёргарлик дастурларини, замонавий техника ва технологиялардан фойдаланишни пухта ўзлаштирмоқда.

Ватан ҳимоячиларининг хизматни ўташ ва яшаш жойларидаги ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, резервга бўшатилган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш ҳам доимий эътиборда. Хусусан, Янги – 2014 йил байрами арафасида ҳам юртимизнинг кўплаб ҳудудларида ҳарбийлар учун янги уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Минглаб ҳарбийларимиз байрамни оиласи билан янги уйда кутиб олди.

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасини олган фуқаролар мамлакатимиз олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синовларида тўплаш мумкин бўлган энг кўп баллнинг 27 фоизи миқдорида имтиёзли баллга эга бўлмоқда. Бу уларнинг олий ўқув юртларига ўқишга кириб, касб-ҳунар эгаллаши, ҳаётда ўз ўрнини топишида катта имконият яратмоқда.

Бу йил Ватан ҳимоячилари куни мамлакатимизда “Ўзбекистон – ягона Ватаним!” шиори остида нишонланмоқда. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан ушбу мавзуда ҳарбий қисм ва бўлинмаларда, барча вилоятларда, олис қишлоқ ва маҳаллаларда кўплаб учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Уларда халқимизнинг юртимиздаги тинчлик-осойишталикни қадрлаши, бу азиз неъматни асраб-авайлашга барча ўзини бирдек дахлдор сезиши – Ўзбекистон ягона Ватан, бир тану бир жон экани намоён бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 10 январдаги фармонига мувофиқ, Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳи орден ва медаллар билан тақдирланди. Йиғилишда уларга Ватанимизнинг ана шу юксак мукофотлари топширилди.

– Мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик халқимизнинг энг катта бойлигидир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий округи бўлим бошлиғи, II даражали «Шон-шараф» ордени соҳиби, подполковник Отабек Камолов. – Мен ана шу бойликни асраб-авайлаш, мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ишига ҳисса қўшаётганимдан фахрланаман. Президентимиз фармонига мувофиқ, шундай тантанали шароитда Ватанимизнинг юксак орденини кўксимга тақиш менга янада ғурур-ифтихор бағишлайди. Бундай ишончни оқлаш, халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги, фарзандларимиз келажагини ҳимоя қилиш учун бор кучимни сарфлайман.

Ўзбекистон Қуролли Кучларида анъанага айланган танловга асосан энг илғор олий ҳарбий таълим муассасаси, сержантлар тайёрлаш мактаби, мудофаа ишлари бошқармаси аниқланди. Тадбирда ана шу танлов ғолибларига диплом ва совғалар топширилди.

Йиғилишда сўзга чиққан “Шуҳрат” медали соҳиби, капитан Аброрбек Ибрагимов, “Жасорат” медали соҳиби, кичик сержант Нозимжон Иброҳимов, аскар онаси Муяссар Воҳидова, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ва бошқалар байрам қатнашчиларини Ватан ҳимоячилари куни билан табриклаб, Президентимиз, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Ислом Каримовга ҳарбий хизматчиларга кўрсатаётган доимий эътибори ва ғамхўрлиги учун самимий миннатдорлик изҳор этди.

Тантанали маросим катта байрам концерти билан якунланди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси И.Собиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Д.Тошмуҳамедова, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев иштирок этди.

ЎзА



DB query error.
Please try later.