14.01.2014

ЮРТНИНГ СОДИҚ ФАРЗАНДЛАРИ

Қодиржон Отахонов ёшлигидан ҳарбий бўлишни, Ватанни ҳимоя ­қиладиган, тинчлик ва осойишталигимизни асрайдиган аскар бўлишни орзу қиларди. Ниҳоят, ­ниятига эришди. Айни пайтда у Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги ҳарбий қисмда йигитлик бурчини адо ­этаяпти.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент вилоят кенгаши ҳамкорлигида мазкур ҳарбий қисмда ўтказилган маданий-маърифий тадбир Қодиржон ва унинг сафдошларида катта таас­сурот қолдирди. Ватан ҳимояси, миллий армиямизнинг ташкил топиш тарихи, ҳуқуқий асосларининг мустаҳкамланиши билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар аскарлар кучига куч берди, шаҳдига шаҳд қўшди.

Тадбирда ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, санъат, маданият намояндалари ҳамда офицер ва аскарлар иштирок этди.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

Қуролли Кучларимиз халқимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигининг мустаҳкам қалқонидир. Буни ушбу ҳарбий қисм мисолида ҳам кўриб турибмиз. Ҳозирда миллий армиямиз сафларида жисмонан соғлом, маънан етук, юқори интеллектуал салоҳиятга эга бўлган фарзандларимиз хизмат қилмоқда. Бугунги кунда ёшлар орасида ҳарбий хизматга бўлган қизиқиш, ҳурмат, иштиёқ ҳам кундан кун ошиб бораяпти.

Давлатимиз томонидан ҳарбийларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, маиший шароитларини яхшилаш, уларни уй-жой билан таъминлаш, моддий манфаатдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки оиласи тинч, фарзандлари­дан кўнгли хотиржам инсонгина бор куч ва эътиборини Ватан ҳи­моясига қаратади.

Маҳмуд ТОИРОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон халқ шоири:

Биз қўлга киритаётган тарихий ютуқ ва марралар, халқимизнинг турмуш фаровонлиги ошиши, мамлакатимиз дунё саҳнида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллашида миллий армиямизнинг ўрни беқиёс. Зеро, Қуролли Кучларимиз давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаб турган экан, одамлар хотиржам меҳнат қилади, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти тобора ортиб бораверади.

Халқ вакили, бир ижодкор сифатида кўплаб учрашув ва тадбирларда қатнашамиз. Одамларимизнинг юз-кўзидан бугунги кунидан розилик, энг асосийси, тинч­лигимизга шукроналикни уқиш мумкин. Шунинг учун ҳар бир инсон астойдил меҳнат, эркин ижод қилиб, ҳаётимиз фаровонлигига ҳисса қўшишга интилаяпти.

Сайдивали АҲМЕДОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси:

Ҳар қайси тизим ривожлани­шида унинг ҳуқуқий асоси муҳим ўрин тутади. Шу боис истиқлолнинг илк кунларидан бошлаб миллий армиямизнинг қонуний асосларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Собиқ тузумдан қолган турли қарашлар, сохта анъаналарга барҳам берилди. Қуролли Кучларимизда чуқур ислоҳотлар амалга оширилди. Бу ислоҳотлар босқичма-бос­қич давом эттириб келинмоқда. 2002 йил­да «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни янги таҳрирда қабул қи­линиб, янги ҳарбий хизмат турла­ри ташкил этилди. Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида миллий армиямиз ҳар томонлама мукаммал, замонавий, ихчам ва ҳаракатчан Қуролли Кучларга айланди. Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда ҳарбий кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилиб, кўплаб билим юртлари, олий ўқув юртларида махсус факультетлар ташкил этилди. Уларда миллий армиямизнинг қудратига қудрат қўшаётган етук кадрлар, ҳарб илмининг сир-асрорларини чуқур эгаллаган мутахассислар тайёрланмоқда.

Дилором СОДИҚОВА:

— Мен энг бахтиёр оналардан бириман. Чунки фарзандим Аҳаджон Содиқов ўз йигитлик бурчини содиқлик билан бажариб келмоқда. Худога шукр, эл-юрт олдида юзимиз ёруғ бўлаяпти. Ўғлимнинг келажакдаги орзулари юксак. Унинг мақсадларига етишида, ҳаёт­да ўзининг муносиб ўрнини топишида армия тарбияси муҳим ўрин тутади, деб ўйлайман.

Нурмуҳаммад САЛИМОВ, оддий аскар:

— Мен Сурхондарё вилояти, Узун туманидан ҳарбий хизматга чақирилганман. Мана, қарийб бир йилдан бери ҳарбий хизмат сир-асрорларини ўрганаяпман, жисмонан чиниқиб, интеллектуал салоҳиятимни ошираяпман. Ҳарбий хизмат ҳаётимда катта аҳамиятга эга бўлаяпти. Мен ёшлигимдан журналист бўлишни орзу қилардим. Ҳарбий қисм тавсияномасига эга бўлиб, журналистлар тайёрлайдиган олий ўқув юртига ҳужжатларимни топширмоқчиман. Келгусида бор имконият ва билимларимни шу соҳанинг ривожига сарфлайман.

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекис­тон Республикаси Халқ артисти Эркин Комилов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Комила Каромова, Зиёвиддин Мансуров, ЎзХДП Тошкент ви­лоят кенгаши раиси ўринбосари Меҳрож Дархонов ва бошқалар сўзга чиқиб, Ватан ҳимоячиларини байрам билан қутлади, Ватан ҳимоя­си олий шарафлиги тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Учрашув тугаб, ҳовлига чиққач, оддий аскар Қодиржон Отахонов билан суҳбатлашиб қолдик.

— Армия сафида хизмат қилиб шунга амин бўлдимки, ҳарбий касбсиз ҳаётимни тасаввур қила олмас эканман, — дейди у. — Шунинг учун шартнома асосида ҳарбий хизматни давом эттиришга қарор қилдим. Буни оила аъзоларим, яқинларим ҳам катта мамнуният билан қўллаб-қувватлади. Энди мен бутун куч, билим ва салоҳиятимни Ватаним тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида сарфлайман. Ватанга содиқ фарзанд бўлишдан, ота-онам, яқинларим тинчлигини ҳимоя қилишдан ортиқ бахт йўқ мен учун.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.