14.01.2014

ЎЗ МУСТАҚИЛЛИГИ ВА ТИНЧЛИГИНИ АСРАЙ ОЛГАН ДАВЛАТ

изчил тараққий этади, фуқаролари ҳаёти фаровонлигини таъминлайди

Мустақиллик — буюк неъмат. Уни асраш, ҳимоя қилиш эса, шарафли вазифа ва шу билан бирга улкан масъулият. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, зудлик билан ҳал этилиши зарур бўл­ган муҳим вазифалардан бири — ­миллий армияни шакллантириш эди.

Бош Қомусимизда мам­лакатимиз Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, халқимизнинг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қи­лиш учун ташкил этилиши белгилаб қўйилган. Ўзбе­кистон Республикасини ҳи­моя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи экани қайд этилган. Шундан келиб чиқиб, ўтган давр мобайни­да профессионал армияни шакллантиришга алоҳида эътибор берилиб, тизимнинг қонуний асослари янада мустаҳкамланди.

Хусусан, «Мудофаа тўғрисида», «Умумий ҳарбий маж­бурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида»ги қонунларнинг қабул қилиниши юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, осойишталигимизни асраш, ҳаётимизнинг барча соҳаларида ­барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ватан ҳимояси, Қуролли Кучларга оид қо­нунлар мунтазам ва изчил такомиллашиб бораяпти. Жумладан, юқоридаги қо­нунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳарбий хизматнинг нуфузини оширмоқда, шунингдек, армиямизни ҳар жиҳатдан кучайтиришга, ҳарбий хизматчилар манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Масалан, қонунларга киритилган ўзгартишларга асосан, муддатли ҳарбий хизмат 12 ойгача қисқартирилди. 2009 йилдан буён бир йиллик муддатли ҳарбий хизматга чақирув танлов асосида амалга оширила­япти.

Ҳар жиҳатдан таъминланган, пухта тайёргарликка эга ҳарбий хизматчилар Қуролли Кучларимиз қудратини оширишга, осойишта ҳаётимиз хавфсизлигини таъминлашга қодир бўлади. Шунинг учун бугун миллий армия сафида хизмат қилаётган аскарлар ҳарбий соҳадаги билим ва кўникмаларни пухта ўзлаштиришлари учун етарли шароит яратилди. Мудофаа ишлари бошқарма ва бўлимлари учун замонавий бинолар бунёд этилиб, улар бугунги кун талаблари асосида жиҳозланди. Бу эса ҳарбий хизматга чақирилувчиларни сифатли тиббий кўрик ва синовлардан ўтказиш, Қуролли Кучларимиз сафларини яхши тайёрланган, бақувват ва мард йигитлар билан тўлдириш ишларини самарали олиб боришга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, мамлакатимизда ҳарбий соҳа ходимлари ҳамда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёш­ларга бир қатор имтиёзлар яратилиб, уларни ижти­моий ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор берилмоқда. Масалан, Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига асосан 2012-2013 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган фуқаролар барча йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича республиканинг олий таълим муассасаларига киришда тўплаш мумкин бўлган максимал баллнинг 27 фои­зи миқдорида қўшимча балл олиш имтиёзига эга бўлди. Ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномалари берилган санадан бошлаб 3 йил мобайнида амал қи­лади.

Бу эса ҳарбий хизматда чиниққан, катта ҳаёт мактабини ўтаб тобланган, хизмат чоғида ҳар томонлама ўзини кўрсатиб, ҳарбий қисм раҳбариятининг эътиборига сазовор бўлган йигитларнинг кейинчалик олий таълим олишларига қўшимча имкониятлар яратади.

Бугунги кунда халқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, мамлакатимиз Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш, замонавий миллий армиямизни шакллантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ва уларнинг юксак самарасини халқимизга етказиш, миллий армиямизнинг салоҳияти ва қудратини кенг тарғиб этиш ҳамда ҳарбий хизматни ўтаётган ва чақирилувчи ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга кўмаклашиш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Бу ўз навбатида, ҳарбийларнинг касбга бўлган муҳаббатини оширади, эл-юртга садоқатини юксалтиришга хизмат қилади. Шу боис 2012 йилда Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига асосан Мудофаа вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик Кенгаши ташкил этилди. Кенгаш томонидан ёш ҳарбий хизматчилар, офицерлар, аҳоли ўртасида кенг кўламли маънавий-маърифий ишлар амалга оширилмоқда.

Ватан ҳимояси нафақат ҳарбий соҳа ходимлари куч-қудрати, салоҳиятига, балки ҳар бир фуқаронинг масъулиятига, Она юртга муҳаббати ва эътиқодига боғлиқ эканини унутмаслигимиз лозим. Ватан тақдирига дахлдорлик билан яшасак, ёшларни ана шу руҳда тарбиялашга интилсак, юртимиз тинчлиги ва хавфсизлигига хизмат қилган бўламиз.

Комила КАРОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.