14.01.2014

АМНИСТИЯ АКТИ: ИНСОНПАРВАРЛИК, ИШОНЧ, ИМКОНИЯТ

Президентимиз Ислом Каримов тақдимномасига мувофиқ  Олий Мажлис Сенати томонидан 2013 йил 12 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги қарор давлатимизнинг инсонпарварлик ғояларига содиқлигининг яна бир ­намойиши бўлди.

Ҳаёт мураккаб. Унинг пиллапояларида инсон билиб-билмай қоқилиши, адашиши мумкин. Жиноят учун эса жазо муқаррар. Ундан кўзланган мақсад тарбиядир. Хатосини тушуниб етган, тўғри йўлга киришни астойдил истаган кишини кечирмоқ, уни жамият­дан ажратмаган ҳолда тарбия­ламоқ ва оиласи бағрига қайтармоқ адолатли ва эзгу иш ҳисобланади. Навбатдаги амнистия акти ҳам бир неча минг маҳбуснинг муддатидан олдин озодликка чиқиши, шунингдек, кўпчилигининг жазоси енгиллаштирилишига имконият яратди.

Бир-бирининг қувончига шерик бўлиш, мусибатидан қайғуриш, адашиб, хато қадам қўйганларни тўғри йўлга солиш, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетиши учун кўмаклашиш, кечиримлилик эзгу фазилатдир. Қарор ва унинг ижроси тимсолида инсон, унинг ҳаёти ва эркинлиги, шаъни ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари юртимизда олий қадрият эканлиги яна бир бор амалда исботини топаётир.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси тасарруфидаги 1-сон тергов ҳибсхонасида сенаторлар, депутатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ўтказилган тадбир мазкур қарор ижросига бағишланди. Шу куни бир гуруҳ маҳкумлар амнистия актига кўра, озодликка чиқарилди.

— Ҳозир мен ҳаяжонланганимдан, ич-ичимдан хурсанд­лигимдан нима дейишни ҳам билмай турибман, — дейди кўз-ёшини арта туриб янгийўллик Нуржамол Абдикаримова. — Президентимизнинг тақдимномасига кўра, амнис­тия эълон қилинганини газетада ўқиб, радиодан эшитиб, У кишининг биз кабиларга қанчалик даражада бағрикенглик, кечиримлилик қилганини сўз билан ифода эта олмайман. Аслида суд ҳукмига кўра, 3 йилга озодликдан маҳрум этилган эдим. Амнистия туфайли 3 ойда озодликка чиқдим. Ёшим 27 да. Мен тенги ва мендан анча кичкина қизларнинг бугунги кунда эришаётган, қўлга киритаётган ютуқларини радио орқали эшитиб ёки газеталарда ўқиб, уларнинг чиройли суратларини кўриб, ич-ичимдан эзилиб йиғлардим. Чунки, йўлдан адашдим. Мен ҳам шулар қатори ҳалол меҳнат қилиб, бирон ютуққа эришишим мумкин эди-ку, деган хаёл ҳеч тинч­лик бермасди. Мен бу инсонпарварликдан тўғри хулоса чиқариб, ўзим орзу қилган касб эгаси бўламан...

Жамолни ҳамкасблари яхши мутахассис, ўз ишининг устаси сифатида ҳурмат қилар, шунинг учун маоши ҳам бошқаларга қараганда кўпроқ эди. У ойлигини оиласига сарфлаш ўрнига танишлари билан кафе ёки ресторанда кунора кайфу сафо қилишга ишлатди. Саёқ юриш ҳеч қачон ҳеч кимга обрў келтирмаган... Суд ҳукми билан у 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

— Қилган ишимдан минг пушаймонман, — дейди Жамол Аминов. — Ичкилик таъсирида жиноятга қўл урдим... Мен тенгилар ота-онасининг ҳурматини жойига қўйиб, оиласи бағрида бахтли ҳаёт кечирмоқда. Ҳибсга олинганимда 4 ёшга тўлган қизим ва 6 ойлик ўғлим бор эди. Бу ерда ўтирганимга ҳам бир йилу бир ой бўлди. Аёлим ҳеч жойда ишламасди, улар қандай кун кечирди экан... (У кўз ёшини бекитиш учун ерга қаради). Бугун озодликка чиқдим, Президентимизнинг кўрсатган ғамхўрлигидан жуда миннатдорман. Қонунсиз ишга иккинчи бор қўл урмайман.

Чирчиқ шаҳрида яшовчи Жасур Иноқов ўзганинг мулкини ўғирлагани учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум қилинган эди.

— Ота-онам йўқ, тоғамнинг қўлида катта бўлганман, — дейди у. — Ёшлик қилдимми, билмадим, хато йўлга кирдим. Афсус ва пушаймонимнинг чеки йўқ. Энди ҳалол меҳнат қи­либ кун кечирмоқчиман. Ҳали ёшман. Орзуларим кўп. Бу қоқилиш менга сабоқ бўлди.

Жиззах шаҳрида яшовчи Шуҳрат Муқимов шериклари билан ўғирлик жиноятини содир қилгани учун судланганди. Энди ўз уйига қайтмоқда. Уни қариндошлари, дўстлари кутиб турибди.

Сирдарёлик 29 ёшли Тўлқин Тошбоев ҳам ўғирлик қилган. Унда ҳам оиласи бағрига қайтиш имкони пайдо бўлди.

— Уч нафар фарзандим бор, — дейди у. — Афсусдаман. Адашдим. Болаларимга энг керакли пайтимда, уларнинг таълим-тарбиясига қарашим керак бўлган вақтда эгри йўлга кирдим. Уларнинг кўзига қараш оғир... Давлатимиз бизни кечирди. Мен бу кечирим ва инсонпарварликнинг ортида болаларимнинг келажагини ўй­лаш, оиламнинг бутунлигини сақлаш ва менга тўғри йўлга қайтиш учун имкон бериш каби олижаноб мақсадлар ётганлигини яхши англадим. Бу имконият ва ишончдан фақат тўғриликда фойдаланаман. Мен оиламга керакман, яқинларимга керакман, жамиятга, давлатимизга керакман. Буни бугун жуда чуқур ҳис қилиб турибман...

Олижаноблик, адолатпарварликни ўзида мужассам этган амнистия тўғрисидаги қарор туфайли кўплаб хонадонларга бағрибутунлик кириб бормоқда. Амнистия тўғри йўлга қайтиш имконияти. У бошқа адашмаслик, ҳаётни тўғри йўлга қўйиб, жамият учун фойдали ишлар қилишга яратилган шароит ва ишончдир.

Шу куннинг ўзида қарор ижроси доирасидаги бундай тадбирлар Тошкент вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларида ҳам бўлиб ўтди.

Равшан ШОДИЕВ,

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.