11.01.2014

Эл-юртга садоқат рамзи

12 январь – "Ватанга қасамёд" монументи очилган кун

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Қуролли Кучларимизнинг жанговар тайёргарлиги, тактик маҳоратини ошириш, кадрлар сифатини яхшилаш, армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида ихчам, тезкор, замонавий қуролларга эга миллий армиямиз шакллантирилди.

Ҳарбий соҳада ўтказилган ислоҳотлар – ҳарбий хизмат муддатининг бир йил қилиб белгилангани, ҳарбийга чақириқнинг бир йилда бир марта ўтказилаётгани, сафарбарлик-чақирув резервининг жорий этилгани, сержантлар тайёрлаш тизимининг шакллантирилгани, ҳарбий қисмларнинг тавсияномасини олган йигитларга олий ўқув юртларига ўқишга киришда берилаётган имтиёзлар, ҳарбийларнинг уй-жой ва бошқа шароитларини яхшилаш мақсадида кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳарбий хизматнинг нуфузини беқиёс даражада оширишга хизмат қилаётир. Бугун ҳарбий хизмат нафақат бурч, балки садоқат, матонат ва жасорат мактаби, миллий армиямиз эса мамлакатимиз ҳудудий яхлитлиги ва халқимиз осойишталигининг ишончли кафолатидир.

Тошкент шаҳрида барпо этилган "Ватанга қасамёд" монументи Ватан ҳимоячилари шарафига ўрнатилган гўзал обида, эл-юртимизнинг уларга чуқур ҳурмат-эҳтироми, муҳаббатининг ифодасидир.

Президентимиз Ислом Каримов ғояси ва ташаббуси асосида бунёд этилган бу мажмуада жасур аскар давлатимиз байроғини кўзига суртиб, Ватан ҳимояси учун, жонажон юртимизнинг ҳар қарич ерини асраш учун тиз чўкиб қасамёд қилаётир. Унинг елкаси узра мард ва жасур ўғлонни бағрида авайлаб ўстирган Ватан тимсоли – мунис ва мўътабар она ҳарбий хизматга отланган азиз фарзандига фотиҳа бериб, оқ йўл тиламоқда.

Халқимизда "Йигитнинг лафзи ҳалол бўлсин" деган нақл бор. Бу йигит киши сўз бердими, гапида турсин, ваъдасига вафо қилсин, деган маънони англатади. Биз ориятни, номусни, ғурурни ҳамма нарсадан устун қўядиган, бир сўзли халқмиз. Шундай экан, бизнинг фарзандларимиз – Ватан ҳимоячиларининг қасамёд қабул қилиш маросими шунчаки расмий тадбир эмас. Бу асл ўғлонларимиз, мард ва жасур йигитларнинг ўз халқига, Ватанига, ота-онасига, Президентига бераётган ваъдаси, лафзидир.

Ватан ҳимоячилари куни нафақат ҳарбийлар, балки бутун халқимизнинг улуғ байрамидир.Чунки дунёда Ватан ҳимоясидан муқаддас, шарафли иш йўқ. Бу байрам ёшларимизни юртимиздаги тинчлик-осойишталикнинг қадрига етишга, мамлакатимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ва яратувчилик ишларининг муносиб давомчилари бўлишга даъват этишга хизмат қиладиган гўзал тадбирдир.

"Ватанга қасамёд" монументи пойидан йил давомида гулчамбарлар аримайди. Байрам муносабати билан бу ерга ташриф буюрувчилар сафи янада кўпайган. Улар орасида мамлакатимиз ҳарбий қисмларида йигитлик бурчини ўтаётган аскару офицерлар, олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари, умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежлар ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, ота-оналар, пойтахтимиз меҳмонлари, хорижлик сайёҳларни кўриш мумкин.

– Бу монумент ёшларимизни эл-юртга садоқат руҳида, мард ва жасур инсонлар этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказий институти "Маънавият асослари" кафедраси мудири, тарих фанлари доктори Ўктам Мавлонов. – Шу боис ҳар сафар мазкур монумент зиёратига келганимда қалбимда улуғ туйғулар жўш уради.

– Ҳарбий билим юртимизда пухта билим олиб, спорт билан шуғулланишимиз учун барча шарт-шароит яратилган, – дейди Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсанти Алишер Долиев. – Мен назарий ва амалий машғулотларда устозларимдан ҳарбий сабоқларни қунт билан ўзлаштиришга ҳаракат қиляпман. Орзуим – Ватанимга садоқат билан хизмат қилиш.

Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, армиямизнинг кучига куч қўшадиган, вақти келганда, ҳал қилувчи омилга айланадиган қудратли бир восита борки, унинг номи – ҳарбийларимизнинг маънавий-руҳий тайёргарлиги, уларнинг бақувват ирода, фаол ҳаётий позицияга эга бўлиши, энг муҳими, ким учун ва нима учун ҳарбий бурчини адо этаётганини чуқур англаши ва тушунишидир.

"Ватанга қасамёд" монументи зиёратига келган ҳар бир юртдошимиз қалбида ана шундай туйғулар жўш уриши табиийдир. Зеро, Ватан ҳимояси учун шу заминда яшаётган инсонларнинг барчаси масъулдир.

ЎзА



DB query error.
Please try later.