11.01.2014

ЭЛЕКТОРАТ ВАКИЛЛАРИ ФИКР-МУЛОҲАЗАЛАРИ

партия дастурини амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга

Пойтахтимизнинг ­Шайхонтоҳур туманидаги ­«Шофайзий» маҳалла­сида  8000 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Оилалар сони эса 1500дан ошди.

Маҳалладаги ЎзХДП ҳудудий ташкилоти манзилли ижтимоий ­ҳимояни кучайтириш, кам таъминланган оилалар, ёлғиз ­кекса ва ногиронларни моддий ҳамда ­маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббус кўрсатиб келмоқда.

Маълумки, аҳолини манзилли ижтимоий муҳофаза қилишда маҳалла инс­титути имкониятларидан самарали фойдаланишнинг аҳамияти катта. ЎзХДП томонидан 2012 йилдан буён ўтказиб ке­линаётган «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси ана шу мақсадга қаратилган. Лойиҳа доирасидаги нав­батдаги тадбир «Шофайзий» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди.

Унда ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, шаҳар, туман партия кенгашлари фаоллари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар маҳалла институти тобора ривожланиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги ошиб бораётгани, ижтимоий ёрдам ва қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд кишилар, хотин-қизлар ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, хусусан, уларнинг бандлигини таъминлаш масаласида кўплаб ютуқлар қўлга киритилаётганини таъкидлашди.

Кези келганда айтиш керакки, ўтган йили мазкур лойиҳа доирасида Тошкент шаҳридаги тадбирларда пенсия, нафақалар тўлаш, иш ўринлари ташкил этиш ва бошқа ижтимоий масалалар бў­йича 819 та мурожаат ва таклиф келиб тушган. Хозиргача 654 та мурожаатда кўтарилган масалалар халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи иштироки ва ҳамкор ташкилотлар кўмагида ижобий ечимини топган. Бошқа таклифлар юзасидан ишлар давом этмоқда. Маҳаллаларда аҳоли орасига чуқур кириб боришда, уларнинг ўй-фикр­лари, электорат манфаатлари билан боғлиқ турли ижтимоий масалаларни батафсил ўр­ганишда ло­йиҳанинг самараси катта бўлди.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— ЎзХДП ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депу­татлик гуруҳлари электорат манфаатларини таъминлашга хизмат қиладиган масалаларни чуқур ўрганиш, уларнинг ечими бўйича маҳаллий ижро ҳокимияти ва мутасадди корхона-ташкилотларга муқобил таклифлар киритишга алоҳида эътибор қаратаяпти. Мазкур ло­йиҳа доирасидаги тадбирлар бунда муҳим аҳамиятга эга бўлаяпти.

Аммо кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтишнинг бугунги босқичида амалга ошираётган ишларимиз етарли эмас, албатта.

Президентимиз Конституциямизнинг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида сиёсий пар­тиялар фаолияти, мамлакатнинг бундан кейинги ҳаёти, тараққиётини таъминлашда уларнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида билдирган фикрлари сиёсий партиялар зиммасига янада масъулият юклайди. Партиямиз мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича стратегик вазифаларни ҳал этиш жараёнида фаол иштирок этмоғи лозим. Электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида кўплаб ташаббуслар, муқобил таклифларни илгари суришимиз, партия ташкилотларимиз ҳамда депутатлик гуруҳларимизнинг фаолиятини изчил такомиллаштириб боришимиз зарур.

Алишер СОДИҚОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Хақиқатан ҳам сиёсий партиялар, парламентнинг ролини янада кенгайтириш, шу орқали демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш долзарб аҳа­мият касб этаяпти. Шу маънода, партия­миз, хусусан, парламентдаги фракциямиз фаолиятини янада кучайтириш талаб этилмоқда. Бунга эришиш кўп жиҳатдан партиямизнинг лойиҳалари самарадорлигига боғлиқ эканини унутмаслигимиз керак. Шунинг учун лойиҳа дои­расидаги ҳар бир тадбирдан амалий натижа бўлишига эътибор беришимиз, электорат вакиллари фаол иштирокини таъминлашимиз лозим бўлади.

Электорат фикр-мулоҳазалари ва таклифлари фракциямиз ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг ишга масъулия­тини кучайтиришда, партия электорати манфаатларини муҳофаза қилишда муҳим роль ўйнайди.

Назокат РАХМАТУЛЛАЕВА, ЎзХДП фаоли, «Шофайзий» маҳалласи:

— Бу йил лойиҳа доирасидаги тадбирларда соғлом бола тарбияси билан боғлиқ масалалар алоҳида эътиборда бўлиши керак, деб ўйлайман. Чунки болаларнинг маънан ва жисмонан соғлом бўлиши у ўсиб-улғаяётган маҳалладаги муҳитга ҳар томонлама боғлиқ эканини яхши биламиз. Шу боис ҳам бугун маҳалла оқсоқоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар фаолияти билан бирга ёшлар тарбияси, эрта никоҳлар, оилавий низоларнинг олдини олиш, урф-одат ва маросимларни ихчам ва тартибли ўтказишга янада кенг эътибор қаратишимиз керак.

Тадбирда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Турсунбоев, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шайхонтоҳур туман бўлими масъул ходими Дилфуза Назарова аҳолининг манзилли ижтимоий муҳофазаси билан боғлиқ қонун ва қарорлар ижроси, бу борадаги муҳим вазифалар хусусида фикр билдиришди.

Тадбир давомида кўчма Жамоатчилик қабулхонаси ташкил этилиб, электорат вакилларини ўйлантираётган масалалар ўрганилди, депутатлар томонидан мурожаатлар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.