11.01.2014

ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИ ЯНАДА ЧУҚУРЛАШТИРИШДА ПАРТИЯ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

Тажриба кўрсатмоқдаки, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришни сиёсий партияларнинг фаол иштирокисиз амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун ҳам тараққиё­тимизнинг бугунги босқичи сиёсий партияларнинг ­фуқаролик жамиятини ривожлантиришдаги иштирокини кучайтиришни талаб этмоқда.

Президент Ислом Каримов Ўзбекис­тон Республикаси Конституциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда сиёсий партияларнинг ролини кескин кучайтириш, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича стратегик вазифаларни ҳал этишда уларнинг иштирокини кенгайтириш демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишнинг энг муҳим омилига айланмоғи зарур, дея таъкидлади.

ЎзХДП Фарғона вилоят кенгашида ташкил этилган семинарда ана шу вазифани ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама этилди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари, партия маҳаллий кенгашлари раислари ҳамда масъул ходимлари иштирок этди.

— Бугун ЎзХДПнинг ҳар бир депутатлик гуруҳи асосий эътиборни ижтимоий масалаларга боғлиқ бўлган қонунлар ва бош­қа давлат қарорлари бажарили­шини депутатлик назорати тартибида изчил ўрганишга қаратиши лозим, — деди ЎзХДП Фар­ғона вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Маҳмуджон Маҳкамов. — Иккинчи йўналиш — ўрганиш натижасида аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифларимизни тегишли маҳаллий Кенгаш сессияси ёки дои­мий комиссиялар йиғилишлари муҳокамасига киритиш. Бундан ташқари, депутатлик гуруҳларимизнинг тегишли давлат органлари мансабдор шахс­ларининг электоратимиз учун муҳим бўлган ижтимоий масалалар бўйича ҳисоботларини сессияда эшитиш тажрибасидан кенг фойдаланишимиз лозим. Зеро, улар нафақат ўзларининг юқори ташкилотлар ёки ижро ҳокимияти олдидаги, балки аҳоли, унинг намояндаларидан иборат бўлган вакиллик ҳокимияти олдидаги масъулиятини ҳам чуқур ҳис қилсин. Биз ўтган 2013 йилда бошқа сиёсий пар­тияларнинг депутатлик гуруҳларидан фарқ­ли ўлароқ вилоят бошқарма бошлиқлари ҳисоботларини тингладик. Келажакда бу тажрибани мустаҳкамлаб бориш керак бўлади.

— Сиёсий партияларнинг кучи, аввало, мамлакат парламентида қабул қилинаётган қонунлар муҳокамасида ўз электорати манфаатларини изчил ҳимоя қи­лиш ва у билан боғлиқ меъёрларни таклиф этиш ҳамда қабул қилинишига эришишида, — дей­ди Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Шуҳратжон Нишонбоев. — Олий Мажлис Қо­нунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси бу борада астойдил ҳаракат қилаяпти. Шунингдек, фракция ҳали ўз фаолиятини янада такомиллаштириши керак, деб ҳисоблайман. Менимча, қонун лойиҳаларини партия электорати ўртасида муҳокама қилиш амалиётини кенгайтириш зарур. Фақатгина Фарғона вилоятидаги маҳаллий Кенгашларда ЎзХДП вакили бўлган 238 нафар депутат фаолият кўрсатади. Шу сабабли ҳам қонун ло­йиҳаларини дастлаб қуйида, партия депутатлик гуруҳларида фракция аъзолари иштирокида муҳокама этишни изчил йўлга қўйиш зарур. Шунда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар пар­тия фракциясининг парламентдаги муносабатини шакллантиришда қўшимча манба бўлиб хизмат қилади.

— Партиянинг 2014 йилга мўл­жалланган Харакат дастурида аввалги йиллардаги каби аҳоли бандлиги ва янги иш ўринлари ташкил этиш устувор йўналиш сифатида сақланиб қолиниши зарур, — деди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси Азим­жон Сулаймонов. — Биз эса бар­қарор иш ўринлари ташкил этилишини ҳар томонлама қўл­лаб-қувватлаб, бу борада янги-янги ташаббуслар билан чиқаверишимиз керак. Чунки янги очилган иш жойларида бизнинг элек­торатимиз вакиллари банд­лиги таъминланади. Шунинг билан бирга ҳудуддаги кўпгина ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳам ҳал этилади.

— Партиялараро рақобат ҳам айнан ана шундай амалий ҳа­ракатлар асосида олиб борилса, бундан жамиятнинг барча қатлами манфаатдор бўлади, — деди ЎзХДП Учкўприк ту­ман кенгаши раиси Илҳомжон Каримов. — Демак, амалий ташаббусларни кучайтириш билан бирга, давлат ҳокимиятининг маҳаллий вакиллик органлари даражасида қарорлар қабул қилиш пайтида аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами манфаатини ифодалайдиган аниқ позициямизни қатъият билан илгари суришимиз ҳамда ҳимоя қилишимиз талаб этилади.

Семинарда ЎзХДП фаолиятининг амалий натижаларини аҳо­ли қай даражада билиши, тарғибот-ташвиқот ишларидаги камчиликлар ҳам эътибордан четда қолмади.

— Шуни очиқ тан олиш керак­ки, кўп ҳолларда биз фақат ўз фаолларимиз билан дастурий йўналишларимизни муҳокама қиламиз, — деди ЎзХДП Тошлоқ туман кенгаши раиси Умматали Маҳмудов. — Биз ўз электоратимиз деб ҳисоблаган инсонлар кўпинча бундан бехабар қо­лади. Уларнинг ижтимоий манфаатларини партиямиз қандай ҳимоя қилаётгани ва бу борада қандай амалий натижаларга эришаётгани ҳақида изчил равишда ҳар бир маҳалла, мавзеда мақсадга йў­налтирилган тушунтириш ишларини ташкил этишимиз керак. Бунда партиямиз бевосита электорат манфаатларига оид иқтисодий, ижтимоий, сиё­сий масалалар бў­йича қандай позицияга эга эканлигини тушунтириб бориш муҳим аҳа­миятга эга.

Баҳс-мунозаралар чоғида Умматали Маҳмудов таклифи янада тўлдирилди.

— Шуниси муҳимки, биз фақат ЎзХДП позициясини баён этиб­гина қолмай, партиямиз бошқа сиёсий пар­тиялардан нимаси билан фарқ қилишини ҳам очиб беришимиз зарур, — деди Маҳмуджон Маҳкамов. — Бунинг учун эса ўз навбатида бошқа партиялар по­зициясини ҳам аниқ билишимиз керак.

Семинарда Олий Мажлис Қо­нунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари Жўрақўзи Қўлдошев, Мастура Сайфид­динова, Олий Мажлис Сенати аъзоси Раҳима Қўрғонова иштирок этди ва барча масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Семинарда ЎзХДП Фарғона вилоят кенгашининг 2014 йил­га мўлжалланган Харакат дастурининг асосий йўналишлари белгилаб олинди.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.