09.01.2014

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР ФАОЛЛИГИ КУЧАЙИШИ

юрт тараққиётига хизмат қилади

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ва Тошкент вилоят кенгаши ташаббуси билан Паркент туманида давлатимиз раҳбарининг Конституциямиз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси мазмун-моҳиятини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга бағишланган амалий семинар ўтказилди. Семинарда Соғлом бола йилида партия ташкилотлари фаолиятининг муҳим йўналишлари, сиёсий партияларнинг демократик жараёнларни чуқурлаштиришдаги таъсир кучини ошириш вазифалари ҳақида ҳам сўз юритилди. Унда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари иштирок этди.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни чуқурлаштириш, мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг иштирокини кенгайтириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Партиямиз Дастурида боқувчисини йўқотган, моддий ёрдамга эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ижтимоий фаоллигини ошириш, оналаримиз, опа-сингилларимиз соғ­лигини мустаҳкамлаш, уларни иш билан таъминлаш, ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоялаш бўйича қатор масалалар белгиланган. Соғлом бола йилида бу борадаги ишларимизни кучайтириш, янги ғоя ва ташаббусларни илгари суриш, турли лойиҳаларни амалга оширишда партиянинг барча ташкилотлари ҳамда депутатлари фаол иштирок этиши талаб этилади.

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қонунлар ва меъёрий ҳужжатларни кўриб чиқиш ва қабул қилишнинг барча босқичларида депутатлар, сиёсий партиялар фракцияларининг роли кучайтирилди. Бугунги кунда фракцияларнинг фикр ва таклифларини ҳисобга олмасдан туриб, биронта ҳужжат қабул қилинмайди. Бу сиёсий партияларга ўз дастурий мақсадларини қонунларда ифодалашга эришиш учун реал имконият яратиб бермоқда.

Президентимиз маърузасида таъкидланганидек, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда сиёсий партияларнинг ролини кескин кучайтириш бугунги куннинг, демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг муҳим талабидир.

Бунинг учун партиянинг Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясидан тортиб ҳар бир аъзо, фаоллар ва бошланғич ташкилотларгача ўз вазифасига сидқидилдан ёндашиши зарур.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА, Тошкент вилояти педагогик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти проректори, ЎзХДП аъзоси:

— Ватанимиз мустақил тараққиёт йўлида дунёнинг ҳавасини келтирадиган ютуқ ва марраларга эришмоқда. Юртимиздаги тинч ва осуда ҳаёт, одамлар ўртасидаги тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар бунга асос бўлаётганини юракдан ҳис қилиб турибмиз. Аёлларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, фарзандларни жондан азиз билиш халқимизга хос қадрият ҳисобланади. Биз аёлни том маънода миллат тарбиячиси, деб биламиз. Шу боис соғлом авлодни тарбиялашда аёлларга барча шарт-шароитни яратиб беришга давлатимиз тобора катта эътибор қаратмоқда. Биргина ортда қолган 2013 йилда туғуруқ ёшидаги 7 миллион аёл ҳамда 7 миллион 300 минг нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилгани фикримизнинг ёрқин далилидир.

Соғлом бола йилида бу борадаги ишлар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилади. Партия ташкилотлари бу жараёнда муносиб иштирок этиши учун жойлардаги ҳолатни таҳлил этиб, соғлом бола туғилиши ҳамда ривожланиши билан боғлиқ юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш бўйича ўз нуқтаи назари, таклифларини илгари суриши зарур, деб ҳисоблайман.

Покиза ИНОҒОМОВА, халқ депутатлари Паркент туман Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси:

— Бугун мамлакатимиз жуда тез суръатлар билан ривожланиб, тобора обод ва фаровон бўлиб бораяпти. Буни биргина бизнинг туманимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар, таълим масканлари, спорт иншоотлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари — буларнинг барчаси ҳаётимиз даражасини янада юқори босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга бўлаяпти.

Президентимиз маърузасида сиёсий партиялар фаолияти ва масъулиятини кучайтириш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилди. Бу бежиз эмас. Чунки мамлакатни ислоҳ қилиш, стратегик мақсадларга эришишда сиёсий партияларнинг фаоллиги ва ташаббускорлиги кучайиши, ўз позициясига эга бўлиши ҳамда уни қатъият билан ҳимоя қилиши ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши, юрт тараққиётига хизмат қилади.

***

Тадбирда шунингдек, партиянинг дастурий мақсадларини амалга оширишда депутатлар ваколатларидан унумли фойдаланиш, ижтимоий соҳаларга ажратилаётган бюджет маблағлари мақсадли сарфланиши устидан назоратни кучайтириш масалалари юзасидан таклифлар билдирилди.

Тадбир сўнгида кўчма Жамоатчилик қабулхонаси ташкил этилди ва 20 нафарга яқин фуқаро мурожаати тингланди. Улар томонидан кўтарилган ижтимоий масалаларни ҳал этиш юзасидан депутатлар тегишли чора-тадбирларни белгилаб олди.

Басандабону ЖАЛИЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.