09.01.2014

РЕПРОДУКТИВ САЛОМАТЛИК

болалар ва ўсмирлар баркамол бўлиб вояга етишининг муҳим кафолати

Мамлакатимизда болалар ва ўсмирларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш бу — давлат сиёсати даражасида энг кўп эътибор қаратилаётган масалалардан биридир. Президентимизнинг «Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори асосида она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш тизими ривожланиб, ҳар бир вилоят ва йирик шаҳарларда перинатал ва скрининг марказлари ташкил этилди.

«Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида» ҳамда «Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида»ги қонунларнинг қабул қилиниши микронутриент, йод етишмаслиги натижасида келиб чиқадиган хасталикларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этаяпти. Умуман олганда, соғлом болани вояга етказиш, аҳоли, хусусан, болалар ва ўсмирларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий марказида ўтказилган давра суҳбатида мазкур соҳани янада ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди. Депутатлар, Вазирлар Маҳкамаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти масъул ходимлари ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасидаги олий таълим ҳамда илмий муассасалар олимлари болалар ва ўсмирларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш масалалари тўғрисида сўз юритди.

Қайд этилдики, юртимиз аҳолисининг катта қисмини болалар ва ўсмирлар ташкил этади. Уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат тегишли қонун ва қарорлар, меъёрий-ҳу­қу­қий ҳужжатлар билан тартибга солинган ва тобора такомиллаштириб борилмоқда. Президентимизнинг «2009-2013 йилларда репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дас­тури тўғрисида»ги Қарори соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, бу борадаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича аниқ мақсадли йўналишларни белгилаб берди.

Мазкур дастурлар асосида «Фертил ёшдаги аёлларни, болаларни ва ўсмир қизларни соғломлаштириш ҳафталиги» ташкил этилмоқда. Унинг доирасида республикамизнинг олис ҳудудлари, чекка қишлоқларидаги фертил ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмир қизларгача чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Масалан, ўтган йилнинг 11 ойи давомида республика бўйича 11 марта ҳафталик ўтказилиб, 793 нафар юқори малакали мутахассис томонидан 131027 нафар туғиш ёшидаги аёл ва 92313 нафар ўсмир ва бола тиббий кўрикдан ўтказилган. Энг муҳими, мазкур чора-тадбирлар оналар ва болалар саломатлигини асраш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Ҳозирги кунда вилоят ва шаҳар Марказий шифохоналарида болалар гинекология­си ва эндокринологияси бў­лимлари фаолият юритаяпти. Бундай бўлимлар Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Хоразм ва Сурхондарё вилоятлари, Тошкент, Самар­қанд ва Андижон шаҳарларида ташкил этилган бўлса, Жиззах, Қаш­қадарё, Навоий, Сирдарё, Бухоро, Тошкент ва Фарғона вилоятларида бу ишлар йўлга қўйилмоқда. Давра суҳбати иштирокчиларининг фикрича, экологик номақбул олис ҳудудларда ҳам болалар гинекологияси ва эндокринологияси бўлимларини ташкил этиш, уларни малакали кадрлар билан таъминлаш, тиббиёт ходимларининг касбий маҳорат ва билимини ошириш масаласига эътиборни кучайтириш лозим.

— Партиямиз Сайловолди дастурида оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш даражасини оширишга доир чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгиланган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Комил Очилов. — Шундан келиб чиқиб, жойларда аҳоли, хусусан, болалар ва ўсмирларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганишда фракциямиз аъзолари ҳам фаол иштирок этди. Ўрганиш жараёнида мазкур йўналишда қатор камчиликлар ҳам кузатилди. Масалан, болалар ва ўсмирларнинг гинекологик касалланиши бўйича умумий йўриқнома ва ҳужжатлар, шунингдек, касалланиш бўйича аниқ кўрсаткичлар мавжуд эмас. Бундай камчиликларни бартараф этиш учун соғлиқни сақлаш ташкилотлари масъулиятни кучайтириши, болалар ва ўсмир қизларнинг гинекологик ва бошқа касалланиш кўрсаткичларини аниқлаш методикасини яратиш бўйича умумий норматив ва меъёрий ҳужжатларни қабул қилиш, болалар ва ўсмирлар репродуктив саломатлик хизматини такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муассасаларнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Давра суҳбати якунида муҳокама этилган масалалар умумлаштирилган ҳолда «Соғ­лом бола йили» муносабати билан қабул қилинадиган давлат дастурига амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.