09.01.2014

ҚАШҚАДАРЁНИНГ САНОАТ САЛОҲИЯТИ

«Қашқадарё вилоятининг тараққиёт суръатларини тезлаштириш, бугунги кунда ривож ­топаётган тармоқлар билан бирга, замонавий технологиялар билан қуролланган, қўшимча қийматга эга бўлган, дунё бозоридаги талабга жавоб берадиган тайёр маҳсулотлар чиқарадиган лойиҳаларни амалга ошириш зарур.

Қисқача айтганда, вилоятда орқада қолаётган енгил, озиқ-овқат, қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, информация ва коммуникация соҳаларининг йўлини очиб бериш, шу билан бирга, қурилиш ишлари соҳасига янги куч-қувват бериш масалалари бугун эътиборимиз марказида туриши керак».

Президентимизнинг халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқидан.

Йўлнинг бир томони кенг майдон, охири кўринмайди, узоқдан ғалла майсалари кўзга ташланади. Дала йўлидан ўнгга қайриламиз. Ўзига хос лойиҳа билан қурилган иккита оқ иморатга кўзимиз тушади. Бинога кираверишда бизни Наби Ғиёсов кутиб олди. У паррандачилик илмини яхши эгаллаган, меъморчиликдан ҳам хабардор. 2009 йилда 2 минг бош товуқ келтирган эди. Ер майдони 22 гектарга етгач, 7 гектари боғ бўлди. Қорамол ҳам парвариш қилишаяпти. Бироқ асосий йўналиш — паррандачилик. Кредит эвазига аввал Германиядан, кейин Англияда тайёрланган ускуналарни харид қилиб, саноат паррандачилигини йўлга қў­йишди. Ҳозир товуқнинг 74 минг бош сермаҳсул ва наслдор «Ломанн» ва «Хай-лайн» зотлари парвариш қилинмоқда. Жамоада 41 киши меҳнат билан банд.

— Президентимиз «ҳалол ишла, бойлик топ, мен қўллайман!», деб турганларида олға интилмасак, тараққиёт қаердан келади? — дейди у. — Биз йўқ жойдан мана шу биноларни қурдик. Давлатимиз ташаббуси билан Қашқадарё вилоятида саноатни янада юксалтириш Дастури ишлаб чиқилди. Унда бизнинг ҳам орзуимиз акс этган. Банкдан кредит олиб, 350 минг долларга қум-шағал цехи қурмоқчиман. Шундан 100 минг доллари ўзимизнинг сармоя. Насиб этса, 2014 йилнинг биринчи ярмида ниятимизга етамиз...

Президентимизнинг 2013 йил 2 августдаги «Қашқадарё вилоятининг 2013-2016 йилларда саноат салоҳиятини ривожлантириш дас­тури тўғрисида»ги қарори вилоят саноатида янги даврни бошлаб берди. Бу ҳақда мамлакатимиз раҳбари халқ депутатлари Қашқа­дарё вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида, жумладан, шундай деган эди: «...саноат соҳасининг янги турларини ривожлантириш мақсадида келгуси тўрт йилда умумий қиймати — шунга эътибор беринг — 2 миллиард 98 миллион долларга тенг бўлган 555 та лойиҳани амалга ошириш, энг муҳими, 13 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш кўзда тутилаётганининг ўзи, ўй­лайманки, бу ишларнинг кўла­ми ва миқёсидан яққол далолат беради».

Дарҳақиқат, воҳа ўз тарихида ҳеч қачон бундай улкан бунёдкорликларни кўрмаган. Тўғри, мамлакатимизнинг барча минтақаларини ривожлантириш борасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилмоқда. Аммо Қашқадарё саноатини ривожлантириш дастурининг қиёси йўқ. Бунинг сабаби бор, албатта. Чунки, бу воҳа катта ер ости ва ер усти бойликларига эга. Бугун унинг бағридан қазиб олинаётган нефть, газ мамлакат қудратига қудрат қўшмоқда.

Умрини кон қидиришга бахшида қилган, узоқ йиллар Қашқадарё геология экспедициясига раҳбар бўлган меҳнат фахрийси Баҳром Ражабов воҳа ҳудудида фойдали қазилмаларнинг катта захиралари борлиги ҳақида гапириб берган эди. Ҳозирда мутахассислар цемент, керамзит, гипс, калий тузи, ойна хомашёси, оҳак, мармар, кварц, марганец, фарфортошининг бой захираларини аниқлашган.

Ҳудудларнинг ўзига хослиги-чи? Масалан, Китоб туманида цемент, лак-бўёқ, ўтга чидамли ғишт хомашёси, Яккабоғ туманида чинни ва шиша, Деҳ­қонободда деворбоп тош, қишлоқ хўжалиги­га ишлатса бўладиган глина бентонит, Ғузорда — керамзит, Қа­машида қурилиш гипси, Нишонда қум-шағал хомашёси мавжуд.

Президентимиз вилоятда енгил саноатни ривожлантириш имкониятлари ҳақида шундай деган эди: «Дастурда, жумладан, вилоятда енгил саноат корхоналарини ривожлантириш орқали экспортбоп замонавий тайёр газлама ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 100 миллион доллардан иборат бўлган 82 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Бу эса 2016 йилга бориб, вилоятда етиштириладиган пахта толасини қайта ишлаш ҳажмини ҳозирги 6 фоиздан 35 фоизга етказиш ва энг муҳими, 4 мингга яқин иш ўрни яратиш имконини беради...»

— Мамлакатимиз раҳбари жаҳоннинг тараққий этган давлатлари тажрибасидан унумли фойдаланиб, саноатда юксак тараққиётга эришиш йўлларини кўр­сатиб бердилар, — дейди вилоят ҳокимининг иқтисодий-ижтимо­ий масалалар бўйича ўринбосари Ғайрат Жовлиев. — Масалан, Хитой 15 миллион тонна пахта етиштириб, тўлиқ қайта ишлар, бошқа давлатлардан ҳам пахта сотиб олар экан. Юртимизда, жумладан, вилоятимизда пахта, ғалла, пилла, узум, сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил етиштирилмоқда, ишчи кучи етарли. Демак, уларни ишлаб, тайёр маҳсулот олиш, шу орқали даромадни ошириш ҳозир бизнинг бош вазифамиз бўлиб турибди. 2013 йилда пиллани қайта ишлайдиган Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси Қарши шаҳрида ишга туширилди. Бошқа режалар ҳам изчил амалга ошмоқда.

«Ўзбекенгилсаноат» компания­си­нинг вилоятдаги вакили Останақул Аллаёровнинг айтишича, Китобдаги ип-йигирув фабрикасини қайта тиклаш учун 100 та замонавий тикув машинаси келтирилди ва иш бошланиб кетди. Яна битта лойиҳа жорий йилда амалга ошади. Жами 4 миллион доллар сарфланиб, Германиянинг «Trustler» фирмасидан асбоб-ус­ку­налар олиб келинади ва йилига 2700 тонна ип-калава ишлаб чиқа­ришга эришилиб, 300 янги иш ўр­ни яратилади. 2015 йилга бориб, яна 3,5 минг тонна калава ип тайёрлаш лойиҳаси амалга ошади.

Қарши, Муборак, Ғузор, Миришкор, Касби, Косон, Қамаши, Чироқчи туманларида ҳам пахта толасини қайта ишлайдиган йирик корхоналар ишга тушади. Ишлаётганларининг қуввати янада оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 августдаги йиғилиш баё­нига кўра, Дастурга кирган лойи­ҳаларни ҳал қилиш йўллари батафсил шарҳлаб берилди. Масалан, «Қарши темир-бетон» корхо­насини, Муборакдаги «Сечанкўл» участкаси биносини «Санам» ва «Садо» МЧЖ ҳамда «Китоб ип-йигирув» АЖнинг 25 фоиз давлат улушларини «Ўзбекенгилсаноат» ДАК устав фондига бериш ва бошқа масалаларни ҳал қилиш тартиби ишлаб чиқилди.

Дастурда озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлашга катта эътибор қаратилган. Энг чекка ва чўл тумани — Нишонда «Ўзбекистон» фермер хўжалиги банкдан кредит олиб, помидор пастаси тайёрлайдиган ускуналарни ўрнатди. Сабзавот етиштиришга ҳам эътибор қаратаётган Қамаши туманидаги «Агровосток» ОҲЖ 2014 йилда 700 тонна помидор пастаси ишлаб чиқарадиган кичик корхонани ишга туширади. Иқлими қулай Шаҳрисабз, Китоб ва Яккабоғ туманида ўнлаб кичик корхоналар шарбат ва консерва ишлаб чиқариш учун шароит ва замонавий ускуналарга эга бўлмоқда. Ёки чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлашни олайлик. Илгари Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида гўшт ва сутни қайта ишлайдиган 4 та корхона бор эди. Ҳозир биргина Шаҳрисабз туманида 30 дан ошиқ кичик корхона гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда. Уларнинг сафига янгилари қўшилди. Воҳада чорвачилик маҳсулотларини кўпайтириш ва қайта ишлашнинг янги режалари оғишмай амалга оширилмоқда. Йилига 800 тонна гўштни қайта ишлайдиган корхонани Деҳқонобод туманида «Шўр­таннефтгаз» унитар шўъба корхонаси барпо этаяпти. Муборак газни қайта ишлаш заводи Косон туманида 600 тонна сутдан кефир, пишлоқ ва бошқа маҳсулотлар оладиган корхонани жадал қурмоқда. 2014 йилда «Косон ёғ-экстракция» заводи сутни қай­та ишлаш цехини модернизация­лаш режасини тузган. Бу лойиҳа­га 300 минг доллар банк кредити ва 100 минг доллар ўз маблағлари йўналтирилади. Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси тизимида 179 та лойиҳа тузилган. Уларнинг аксарияти ҳозирданоқ самара бера бошлади.

Дастурга бағишланган ҳукумат йиғилишининг баённомасида «Яккабоғ консерва» МЧЖнинг 51 фоиз давлат улушини «Ўзвиносаноат холдинг» компанияси устав фондига бериш кўзда тутилган. Бунинг боиси бор, албатта. Узумчилик, хусусан, уни қайта ишлаш мақсадида 13 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Шундан 5 таси «Шаҳрисабз вино-ароқ» ОАЖда жорий қилинади, ускуналар янгиланади, биргина узумни қайта ишлаш линиясини модернизация қилиш учун 1,2 миллион доллар сарфланади.

— Очиғини айтадиган бўлсак, — дейди ушбу корхона қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғи Шукур Назаров. — Минтақада саноатбоп узумзорлардан яхши ҳосил олингани туфайли мана шу завод қу­рилган. Собиқ шўро давлатининг алкоголли ичимликка қарши кўр-кўрона кураши оқибатида саноатбоп узумзорларга қирон келтирган ўша пайтларда вилоят раҳбари бўлган Ислом Каримов 3 минг гектардан ошиқ токзорларни сақлаб қолган. Афсуски, кейинги йилларда саноатбоп узумзорлар камайиб кетди. Ҳозир Китоб туманида 1200 гектар саноатбоп узумзор, шундан 200 гектар «Саперави» нави сақланиб қолган. Шаҳрисабз туманида 1800 гектар ҳар хил узумзор, шундан 400 гектар са­ноатбоп. Яккабоғ туманида бу кўр­саткич 150 гектардан ошмайди.

Яна бир муҳим мисол. Собиқ «Китоб» боғдорчилик хўжалиги­даги узумни қайта ишлаш корхонаси иш юритувчиси Абдужалол Авлоқуловнинг айтишича, дастурга кўра, шу корхонада 1,2 миллион долларлик модернизация амалга ошиши керак. Туманда биринчи лойиҳага кўра 500 гектар, иккинчи лойиҳага асосан 171 гектар боғ, учинчисига кўра 551 гектар саноатбоп узумзор барпо этилади. Туманда узумчиликни ривожлантириш бўйича марказ тузилади. Бундай узумзорлар Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларида ҳам ташкил этилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Дастурда ёқилғи-энергетика тизимидаги корхоналар қувва­тини оширишга ҳам катта эътибор қаратилган: «Шўртангазкимё» мажмуи 2016 йилда қўшимча 8 минг тонна суюлтирилган газ ола бошлайди. Худди шу корхона йилига 5 минг дона болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқарадиган кичик корхонага асос солади. «Шўртаннефтгаз» унитар шўъба корхонаси 2013 йилда 800 тонна гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини якунига етказди. Ёки Шимолий Шўртан, Ғармистон, Қумчи, Шакарбулоқ конларида ўткинчи газларни қайта ишлаш ҳам истиқболли режа. Умуман, «Ўзбекнефтгаз» МХК тизимида 21 та истиқболли лойиҳа амалга ошиши кўзда тутилган.

«Ўзкимёсаноат» ДАК тизимидаги энг йирик қурилиш Деҳ­қонобод туманида олиб борилмоқда. Хитой ва Россия давлатидаги ҳамкорларимиз билан юртимиз қу­рувчилари калий ўғитлари заводи қурилишининг биринчи бос­қичини якунлашгач, йилига 200 минг тонна калийли ўғит ишлаб чиқарилаётган эди. Бунёдкорлик давом этди. Қурилишнинг иккинчи босқичи 2013 йилда асосан якунланди. Яна 400 минг тонна ўғит ишлаб чиқариш имкони яратилди. Янгидан 944 иш ўрни яратилди. Энди корхонада 2,5 минг киши меҳнат қилади. Бундан таш­қари, туманда ўнлаб кичик са­ноат корхоналари қурилаяпти.

Вилоят кенгашининг сессиясида Юртбошимиз айрим туманларда саноат секин ривожланаётганига эътиборни қаратган эди. Дас­турда барча ҳудудларни комплекс ривожлантириш, маҳаллий хомашёдан самарали фойда­ланиш режаси қамраб олинган. Ғишт, қум-шағал ишлаб чиқариш барча туманда эътиборга олинган. «Ўзқурилишматериаллари» компанияси тизимида 182 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши мўлжалланган. Янги, йирик корхоналар туманлар иқтисодини кўтаришга хизмат қилади. Масалан, ривожланиши бир мунча секин бўлган Чироқчи туманида 2 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарадиган корхона бунёд этилади. Нишон туманида 2014 йилда 5400 тонна сут, 100 тонна гўшт ишлаб чиқариш қувватига эга чорвачилик комплекси қуришни «Шўртангазкимё» мажмуи ўз зиммасига олган. Вилоятда энг кўп пахта етиштирадиган Касби туманида ип-калава, трикотаж мато, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган тўқимачилик комплекси вужудга келади. Косон туманида Муборак газни қайта ишлаш заводи ҳо­мийлигида 600 тонна сутни қайта ишлайдиган кичик корхона бунёд этилди. «Қамаши ип-йигирув» ОҲЖ қўшимча равишда яна 500 тонна калава ип чиқара бошлади. Қарши туманидаги Бешкент пахта тозалаш заводининг бўшаб қолган биносида 4 минг тонна калава ип тайёрлайдиган йирик корхона ҳаракати бошланган...

«Ўзбекчармпойабзал» уюшмаси вилоятга 9 та лойиҳани татбиқ этишни мўлжаллаган. Қарши шаҳри, Шаҳрисабз, Китоб туманларида чармга ишлов бериш, пойабзал ишлаб чиқариш режалари тузилиб, дастлабки ҳаракатлар бошланган. Биргина Яккабоғ туманидаги «Насаф Нур» ОҲЖ 500 минг жуфт катталар ва болалар оёқ кийимлари тайёрлаш ва жунга қайта ишлов бериш лойиҳаларига қўл урмоқда. Айтиш мум­кинки, лойиҳаларда барча жиҳатлар назарда тутилган. Биринчидан, ўнлаб лойиҳалар учун миллий валютамизни конвертациялаш аниқ белгилаб берилган. Вазифалар ижроси учун тадбиркор, юридик шахс, йирик корхоналарнинг ўз маблағи ва банк кредитлари сарфланиши қатъий кўрсатилган. Битта мисол. Таллимаржон ГРЭСи бошлиғи Абдусалом Нормўминовнинг айтишича, қа­рийб 167 миллион доллар сарфланган биринчи лойиҳа амалга ошиб, нимстанция ёрдамчи иншоотлар бунёд этилган. Дастурнинг энг йирик лойиҳаси «Ўзбек­энерго» ДАК тизимида иссиқлик электр станциясига яна ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган 2 та газ-буғ ускунасини ўрнатишдир. Бу лойиҳага 862 миллион долларга яқин маблағ ажратилган бўлиб, унинг салмоқли қисми хорижий сармоя ҳисобланади. 2016 йилда бу ускуналар ишга тушгач, электр энергия ҳосил қи­лиш 2 баравар ошади, 70 янги иш ўрни очилади.

— Биз турли кийимлар тикамиз, — дейди Қаршидаги «Санам» МЧЖ раиси, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Мавлуда Йўлдошева. — Юртбошимиз 2014 йилнинг муҳим вазифаларини белгилар экан, соғлом бола — аввало, соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир, дедилар. Ҳақ гап. Мен ҳам аёлман, фарзандларимиз ҳеч нарсадан кам бўлмаслигини истайман. Биз Миллий банкдан 450 миллион сўм кредит олиб, ишлаб чиқаришни кенгайтирдик. Ҳозир корхонада 540 киши ишлаётган бўлса, асосий қисми аёллар, 70 фоизи эса касаначилик асосида меҳнат қилаётганлар ҳисобланади. Яна янги марралар сари интиламиз. Давлатимизнинг ғамхўр­лиги туфайли вилоят саноати янада юксалар экан, минглаб оилаларга фаровонлик, қут-барака киришига ишонамиз.

Дарҳақиқат, банк ходимлари масалага масъулият билан ён­дашмоқда. «Агробанк»нинг Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб ва бошқа туманлардаги бўлимлари лойи­ҳаларни тўла молиялаштириб бўлди. Китоб туманида лак-бўёқ ишлаб чиқарадиган Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонасининг биринчи навбати ишга тушди ва 50 киши ишли бўлди. Қаршидаги «Cot­ton road» Ўзбекистон — Америка қўшма корхонаси Шаҳрисабз шаҳрида ўз фаолиятини бошлади. Хитой ва Германияда ишлаб чиқарилган 45 та тикув машинаси ўрнатиб берилди. Бу ерда ҳозир 20 хил трикотаж буюмлари ишлаб чиқарилмоқда. «Кеш­ёруғ макон» ОҲЖ «Ипотекабанк»­дан олинган 25 миллион сўм маблағ эвазига чинни тайёрлашни кўпайтиради. Қувонарлиси шуки, 2013 йилда белгиланган 236 та лойиҳанинг ҳаммаси амалга ош­ди. Хулоса қилиб айтганда, булар катта ишларнинг бошланиши. Олдинда вилоятни янада катта ишлар, ривожланиш ва юксалишлар кутмоқда.

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.