Мустақиллик йилларида Қуролли Кучларимиз тизимида ҳам кенг кўламли изчил ислоҳотлар олиб борилди. Ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Шу боис бугунги кунга келиб, ёшларимиз орасида ҳарбий касбни эгаллаётганлар, Ватан ҳимоячиси бўлишга интилаётганлар тобора кўпайиб бормоқда.
Айниқса, ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, замонавий ҳарбий шаҳарчалар қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари эҳтиёжларига жавоб берадиган барча қулайликларни яратишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Ўтган йил Тошкент ҳарбий округида хизмат қилаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оиласи учун 50 хонадондан иборат замонавий турар-жой биноси қуриб битказилгани фикримиз далилидир.
Ҳарбий шаҳарча ҳар қачонгидан гавжум. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, фарзандларининг қувончига шерик бўлиш учун отахону онахонлар, ёру биродарлар ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари бу ерга ташриф буюришган. Барчанинг юзида табассум, хурсандчилик.
Амир Темур номли маҳаллада истиқомат қилаётган Абдураззоқ Маҳмудов янги уй эгаларини қутлаб, шундай деди.
— Болалигим шу ерларда ўтган. Маҳалламиз кўркига кўрк қўшиб турган бу янги уй ўрни яқин йилларгача ташландиқ, кўримсиз жой эди. Қаранг, қисқа муддат ичида шундай гўзал, ҳашаматли, замонавий турар-жой биноси қуриб битказилди. Тилагим — юрт тинчлиги йўлида туну кун хизмат қилаётган ҳарбийларимиз соғ бўлсин.
— Бизга уч хонали уйнинг калити тантанали равишда топширилди, — дейди майор Бахтиёр Ибрагимов. — Айниқса, бундан турмуш ўртоғимнинг қувончи чексиз. Негаки, ошхонамиз кенг ва замонавий жиҳозланган. Барча шароитлар муҳайё.
Майор Равшан Якубовнинг рафиқаси Зубайда Аширбекова ҳам ҳарбий хизматчи.
— Ҳукуматимиз томонидан ҳарбий хизматчиларга қаратилаётган эътибордан беҳад миннатдормиз, — дейди кичик сержант Зубайда Аширбекова. — Чунки ҳарбийнинг оиласи, хонадони тинч бўлса, унинг хизматида унум бўлади, эл-юрт осойишталиги йўлида фидокорона хизмат қилади. Биз, уй соҳибаларининг асосий вазифаларимиздан бири бу — ширин таомлар пиширишдир. Янги уйимизнинг ошхонаси кенглиги ва замонавий жиҳозлангани менга жуда маъқул бўлди. Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонига миннатдорлик билдирамиз.
Янги хонадонларга кўчиб ўтганлар янги йилни янги уйда кутиб олди. Бу файзли, чароғон хонадонларда хурсандчилик, шодлик, байрам бир-бирига уланди. Буларнинг барчаси давлатимиз томонидан юрт посбонлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилган амалий ишларнинг ёрқин намоёнидир.
Равшан ШОДИЕВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
|