09.01.2014

БАНК КРЕДИТЛАРИ

янги иш ўринлари яратилишига ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясига хизмат қилмоқда

Республика Марказий банки томонидан «Обод турмуш йили» Давлат дастури ижросини таъминлашда банк тизимининг иштироки» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

— Президентимиз томонидан 2013 йилнинг «Обод турмуш йили», деб эълон қилиниши муносабати билан қабул қилинган Давлат дастурига мувофиқ аҳоли бандлиги ва реал даромадларининг изчил ўсишини таъминлаш, уй-жойлар ва ижтимоий-маиший шароитлар яратишда тижорат банклари ҳам муносиб иштирок этиб келмоқда, — дейди Мар­казий банкнинг Тижорат банк­лари инвестиция портфелини мониторинг қилиш департаменти директори Азамат Қосимов. — Хусусан, «Обод турмуш йили» Давлат дастури доирасида ти­жорат банклари томонидан 2013 йил давомида белгиланган прог­ноз кўрсаткичдан 15 фоиздан кўп, яъни 1,5 триллион сўмдан зиёд кредитлар ажратилди ва дас­тур­да белгиланган барча кўрсат­кичларнинг тўлиқ бажарилишига эришилди.

Маълумотларга кўра, ажратилган кредитларнинг қарийб 1,3 триллион сўмини микрокредитлар ташкил этиб, бунда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг салкам 125 миллиард сўмга тенг бизнес режалари имтиёзли шарт­лар асосида молиялаштирилди. Оилавий бизнес, хусусий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга йўналтирилган микромолиявий хизматлар миқдори қарийб 130 миллиард сўмни ташкил этди. 2013 йилда банклар томонидан тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш учун 651 миллиард сўм ажратилди. Шундан 117 миллиард сўми ўз бизне­сини бошлаётган, айниқса, коллежларни битирган қизларнинг ишбилармонлик фаолиятини йўл­га қўйиш билан боғлиқ лойиҳаларга йўналтирилди.

Маълумки, мамлакатимизда аграр соҳа салоҳиятини ошириш борасида ҳам изчил чоралар кў­риб борилмоқда. Тижорат банкларининг кредит сиёсатида бу алоҳида эътиборга олинди. Бинобарин, банкларнинг кредитлари ёрдамида минглаб гектар майдонлардаги боғ ва токзорлар қайта тикланди, янгилари барпо этилди. Бундан ташқари, тижорат банкларининг кредитлари ҳисобига ҳар бир қишлоқ туманида паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик хўжаликлари ташкил этилди. Натижада ўн минг­лаб қишлоқ аҳолиси доимий иш билан таъминланди.

«Ёш оилаларга — уй-жойлар» дас­тури ўтган йил ҳам давом эттирилди. Ёшларнинг уй-жой қуришга бўлган интилишларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 346 миллиард сўмдан ортиқ, яъни 2012 йилга нисбатан 10 фоиз кўп ипотека кредитлари ажратилди. Шунингдек, «Қишлоқ қурилиш банк», Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Ипотекабанк» кредитлари эвазига республикамизнинг 147 та туманида намунавий лойиҳалар асосида 10 мингта якка тартибдаги уй-жой барпо этилди.

Тижорат банклари жойларда бозор инфраструктурасини ўзгартириш жараёнларида ҳам фаол иштирок этмоқда. Ўтган йил замонавий савдо-маиший ва бошқа турдаги хизмат кўрсатиш объект­ларини яратиш ва кенгайтириш учун қарийб 900 миллиард сўм кредит ажратилди. Банкларнинг 68 миллиард сўмлик истеъмол кредитлари қишлоқ аҳолиси учун узоқ муддат фойдаланиладиган маҳаллий уй-рўзғор буюмларини сотиб олишига шароит яратди.

«Обод турмуш йили» Давлат дас­тури ижроси ва амалдаги бир қатор қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти, яратилган имтиёзлар, соҳа субъектлари учун кредитлар ажратиш шарт-шароитларини тар­ғиб қилиш мақсадида жойларда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалий учрашув ва семинарлар, бизнес-форумлар ўт­казилди.

Тадбир сўнгида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.