07.01.2014

САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ ИЖРОСИ ТАҲЛИЛ ЭТИЛДИ

ҳамда навбатдаги долзарб вазифалар белгилаб олинди

Президентимизнинг Конституция кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилаб олишда сиёсий партияларнинг ролини янада ошириш, кўппартиявийлик тизимини мустаҳкамлаш, партиялараро рақобатни кучайтириш борасида билдирган фикрларини ўрганиш, таҳлил этиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис Ўзбекистон Халқ демократик партияси барча минтақавий кенгашларда мазкур масалани депутатлар, партия фаоллари, электорат вакиллари орасида кенг тарғиб қилмоқда, ундан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ҳамда учрашувлар ташкил этмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Сирдарё вилоят партия кенгашида ўтказилди. Унда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, халқ депутатлари Сирдарё вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари аъзолари, маҳаллий партия ташкилотлари раислари ҳамда бошланғич партия ташкилотлари етакчилари иштирок этди.

Йиғилишда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Рустам Комилов иштирок этиб, мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Президентимизнинг Конс­титуция кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида сиёсий партиялар фао­лиятига тўхталиб, бугунги кунда улар зиммасидаги муҳим ва­зифаларга эътибор қаратди. Билдирган фикрлари ҳар бир сиёсий партияни ўз фаолиятига танқидий ёндашиб, келажак режалар хусусида чуқур ўйлаб кўришга ундайди, — деди у. — Шу боис биз аввало, Сайлов­олди дастурида белгиланган ва­зифа­ларни қай даражада бажараяпмиз, деган саволни ўзимизга беришимиз лозим.

Айтиш керакки, бизнинг асосий кучимиз — бу маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимиз. Уларнинг имко­ният ва ваколатларидан самарали фойдаланиш масаласи биринчи ўринда туриши лозим. Айтайлик, депутатлик гуруҳи бир масалани туман Кенгаши сессиясига олиб чиқди ёки Жамоатчилик қабулхонасига тушган мурожаатни ўрганиб, депутатлик сўрови орқали ҳал этди. Бу масала ечим топди дегани эмас. Бу ишнинг биринчи босқичи холос. Эндиги навбат электорат манфаатларига доир масалаларни комплекс ҳал этиш, унга жамоатчилик эътиборини қаратиш, вилоят, республика даражасига олиб чиқишдир. Шу орқали пар­тиянинг мамлакат тараққиёти, жамият ривожидаги иштирокини фаоллаштиришимиз лозим.

Бундан ташқари сиёсий пар­тия давлат Дастурлари, мамлакат миқёсидаги муҳим ижтимоий-сиёсий масалалар, бир сўз билан айтганда, мамлакат келажаги юзасидан ўз таклифларини бериши лозим. Ана шундагина партиямиз сиёсий куч сифатида жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллайди.

Бунинг учун биринчи навбатда бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини янада кучайтириш керак. Айниқса, ҳудудий ташкилотлардаги тарғибот ишларини жонлантириб, аҳолига партиямиз ғоя ва мақсадларини чуқур тушунтириш, бошқа сиёсий партиялардан ғоявий жиҳатдан устун томонларини очиб бериш лозим.

Маҳмуд АҲМЕДОВ, ЎзХДП Сирдарё туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Юртимизда кечаётган демократик янгиланишлар, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар энг аввало, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар зиммасига жиддий вазифаларни қўймоқда. Ана шу жараёнларни чуқур англаган ҳолда депутатлик гуруҳидаги 13 нафар депутатимизга талабни ошираяпмиз, улар фаолиятини кучайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Хусусан, жорий йилда икки масалани халқ депутат­лари туман Кенгаши сессиясига олиб чиқишга эришдик. Жумладан, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этишга доир масала депутатлик гуруҳимиз томонидан чуқур ўрганилди. Аҳолига сифатли коммунал хизмати кўрсатиш, тумандаги ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ айрим камчиликлар аниқланди.

Ушбу масала ҳам сессияда муҳокама этилганидан сўнг тегишли қарор қабул қилинди. Ҳозирда қарор ижроси юзасидан депутатлик назорати ўрнатилган.

Исматулла ИСОҚОВ, ЎзХДП Янгиер шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Дастурий мақсадларимизга эришиш, электоратни ўйлантираётган масалаларни чуқур ўрганишда бошланғич партия ташкилотлари имкониятларидан самарали фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиясига киритилаётган масалаларни ўрганишда уларнинг ёрдами катта бўлаяпти. Ҳозирда 2014 йил учун бошланғич ташкилотлар билан ишлаш режасини ишлаб чиқаяпмиз. Унга кўра БПТларда Ҳаракат дастури ижроси, қабул қилинаётган Қонунлар мазмун-моҳияти тар­ғиботи, Соғлом бола йили муносабати билан аҳолининг тиббий маданиятини оширишга қа­ратилган семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ўтказилади.

Сарвар СУЛТОНОВ, ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий масалалар бўлими мудири:

— Яқинда депутатлар, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Гулистон шаҳридаги 10 та қўп қаватли уйларда таҳлил ва сўровлар ўтказди. Унга кўра, мазкур уйлардаги коммунал хизматларнинг аҳволи, у ерда истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган кишилар, пенсионерлар, ёлғиз кексалар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдик. Ўрганиш натижаларига кўра, аниқланган айрим камчиликлар, ҳал этилиши зарур бўлган масалалар юзасидан тегишли ташкилотларга тавсиялар берилди, депутатлик сўровлари юборилди. Албатта, бу саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад бизга ишонган кишилар манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш, партиямиз олдида турган долзарб вазифаларни ҳал этишдир. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, бундай амалий ишларимиз аҳоли ўртасида партиямиз нуфузини янада оширади.

Йиғилишда, шунингдек, ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раи­си, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Алишер Тошматов, ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзоси Ҳаётхон Ортиқбоева, ЎзХДП Боёвут туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Раббимқул Ибрагимов, «Истиқбол» ёшлар қаноти Сирдарё вилоят бўлими етакчиси Мурод Ҳаитов, Гулистон давлат университети ўқитувчиси, партия фаоли Ўғилой Эрбўтаева ва бош­қалар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Йиғилиш якунида кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.