07.01.2014

АМАЛИЙ ВА ТАЪСИРЧАН ТАДБИР

иштирокчиларга фойда беради, партия фаолиятини кучайтиради

Жиззах вилоят партия кенгаши «Демократик ­ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ЎзХДП ташкилот­лари, депутатлик гуруҳларининг вазифалари» мавзусида семинар ўтказди. Унда партия фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, йирик бошланғич ташкилотлар етакчилари, «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қанотлари вакил­лари иштирок этди.

Семинарда партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳларининг ўтган йилги фаолияти танқидий таҳлил этилди. 2014 йилда улар олдидаги вазифалар хусусида фикр алмашилди.

— Очиғи, у ёки бу тадбирга узоқ-яқин йўл босиб келамиз, — деди Зафаробод туман партия кенгаши раиси Холмурод Ережепов. — Ундан нимадир олишга, фаолиятимиз учун керакли тажрибаларни, иш услубларини ўрганишга ҳаракат қиламиз. Шу маънода, бугунги тадбирни мазмунли, самарали ва фойдали бўлди, дейишга асосимиз бор. Хусусан, мен электорат манфаатларига жавоб берадиган ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни ҳал этишда маҳаллий ташкилотлар, депутатлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, бу борада мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланишимиз зарурлигини англадим.

Амалий семинарда Жиззах давлат педагогика инс­титути профессори Фания Аҳмедшина Соғлом бола йилида фарзандларимизнинг мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида пухта билим олишлари, тарбия топишлари учун яратилаётган шароитларни маҳаллий партия ташкилотлари, депутатлар томонидан мунтазам мониторинг қилиб борилиши зарурлигини таъкидлади.

Тадбирда ЎзХДП Мар­казий Кенгаши ташкилий кадр­лар бўлими мудири Зокиржон Холматов Соғлом бола йили муносабати билан маҳаллий партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари олдида турган муҳим вазифалар, халқ депутатлари вилоят Кен­гашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари Акром Иномов депутатлик гуруҳлари фаолияти самарадорлигини ошириш маса­ла­лари, Жиззах шаҳар пар­тия кенгаши раиси Носир Сиддиқов партия дастурий мақсадларини тарғиб қи­лиш ва электорат билан ишлашда бошланғич ташкилотлар имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш борасида ўз мулоҳазаларини билдирди.

Семинарда жойлардаги партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари, депутатлар давлат ва жамият қурилиши, мамалакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан аниқ позицияга эга бўлиши лозимлиги қайд этилди. Бунда жа­моатчилик ва депутатлик назорати, депутатлик сўрови, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари раҳбарларининг партия электорати учун устувор бўлган ижтимоий масалалар бўйича ҳисоботларини эшитиш сингари тажрибалардан кенг фойдаланиш кераклиги уқтирилди.

Тадбир қатнашчиларининг фикрича, бугун қуруқ ваъдалар, баландпарвоз гаплар билан мақсадга эри­шиб бўлмайди. Аксинча, аниқ натижаларга қаратилган, ижтимоий аҳамиятга эга амалий ишларгина сама­ра беради. Айниқса, электорат билан ишлаш механизмларини такомиллаштириб бориш, маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари, сессиялари муҳокамасига аниқ таклифларни киритиш муҳим аҳамият касб этади.

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.