04.01.2014

СОҒЛОМ АВЛОД СОҒЛОМ ОИЛАДА КАМОЛ ТОПАДИ

Қачон оила бахтли бўлади? Қачонки, аёл бахтли бўлса. Қачон аёл бахтли бўлади? Авваламбор, унинг болалари, оила аъзолари, турмуш ўртоғи соғ-омон бўлса. Қачон аёл ҳаётдан рози бўлади? Қачонки, оиласи тинч, рўзғори фаровон бўлса, эртанги кунидан кўнгли тўқ бўлса...

Президентимиз Консти­туция­миз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида айтган бу фикрлар ҳаммамизни оилани қадрлашга, аёлни эъзозлашга яна бир бор даъват этади.

Ҳақиқатан ҳам аёлнинг бахту саодати, ҳаётидан мамнунлиги аввало, оила мустаҳкамлигига, фарзандлар камоли ва саломатлигига боғлиқ. Шу боис мамлакатимизда хотин-қизларни эъзозлаш, оғирини енгил қилиш, улар яхши яшаши, меҳнат қилиши учун муносиб шароитларни яратиш,  оиладаги ва жамиятдаги мав­қеини мустаҳкамлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

ЎзХДП Марказий Кенгаши «Фаол аёллар» қаноти Тошкент шаҳар партия кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этган амалий семинарда ана шу фикр­лар кенг муҳокама этилди. Тадбир «Мустаҳкам оила — жамият ­таянчи» лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Гулшан АСАТОВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

— Оналик ва болаликнинг давлат томонидан муҳофаза қилиниши Конс­титуциямизнинг 65-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган. Оила Кодексининг 4-моддасида она ва бола манфаатларини муҳофаза қилиш, аёлларнинг меҳнати ва соғлигини сақлашга доир махсус чоралар кўриш, аёлларга қулай меҳнат шароити яратиш, оналик ва болаликни ҳуқуқий ҳимоялаш белгиланган.

Бу ишлар самарадорлигини оширишда биз ҳам фаол иштирок этишимиз талаб этилади.

Давлатимиз раҳбари Соғлом бола йили давлат дастурини ишлаб чиқишда ҳам биринчи навбатда, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилаларда соғлом муҳитни кучайтириш, уларнинг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш каби масалалар эътиборимиз марказида бўлиши лозимлигини алоҳида уқтирди. Шундан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, Соғ­лом бола йилида «Фаол аёллар» қаноти зиммасида ҳар қачонгидан катта ва масъулиятли вазифалар турганини англаймиз.

Аввало, 2014 йилни «Соғлом бола йили» деб эълон қилинишидан кўзланган мақсадни хотин-қизларимиз ўртасида кенг тарғибот қилишимиз лозим. Иккинчидан, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, оилада тиббий маданиятни юксалтириш борасида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтиришимиз, аниқ режа асосида ҳаракат қилишимиз талаб этилади.

Аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, улар ўртасида касаначиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари устида кўпроқ изланишимиз керак бўлади.

Муқаддас РАҲМАТУЛЛАЕВА, Шайхонтоҳур туманидаги 44- оилавий поликлиника бош шифокори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати:

Соғлом оилани шакллантириш кўпқиррали ва доимий эътибор талаб қиладиган масала. Бунинг учун, аввало, соғлом бола тарбиясини тўғри йўлга қўйиш керак. Фарзандларимиз боғча ёшидан бошлаб спортга жалб қилинса, соғлом ва бақувват бўлиб вояга етади.

Юқорида оилада тиббий маданиятни шакллантириш лозимлиги ҳақида тўғри айтилди. Дарҳақиқат, мактабларда, маҳаллаларда тиббиёт ходимлари иштирокида тиббий саводхонлик дарсларини тизимли равишда юқори савияда ташкил этиш ҳам болалар саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бунинг учун тиббиёт ходимлари ва жамоат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқ­ариш органлари ҳамжиҳатликда иш олиб бориши зарур. Шунингдек, маҳаллий Кенгаш депутатлари ўз округларида таълим муассасалари, маҳаллалар ва оилавий поликлиникалар фаолиятига кўпроқ эътибор қаратса,  муаммо ва камчиликлар ўз вақтида бартараф этилади.

Гулчеҳра АЗИЗОВА, «Фаол аёллар» қаноти Тошкент шаҳар бўлими етакчиси:

Ўтган йили «Мустаҳкам оила жамият таянчи» лойиҳаси доирасида пойтахтимиздаги 50 га яқин маҳаллада давра суҳбати ва семинарлар ўтказдик. Натижада 100 нафарга яқин хотин-қиз иш жойига эга бўлишига кўмаклашилди. Ижтимоий нафақаларнинг манзиллилигини таъминлаш юзасидан жамоатчилик ва депутатлик назорати ўрнатилди ҳамда ижтимоий нафақа олишда турли муаммоларга дуч келган 70 дан ортиқ оилага ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар билан бирга 5150 нафар хотин-қиз бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, касаллиги аниқланган 623 нафар аёлга даволаниш учун йўлланма берилди.

Вилоят ХУДОЙБЕРДИЕВА, Чилонзор туманидаги «Бешёғоч» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, «Фаол аёллар» қаноти туман бўлими етакчиси:

— Хотин-қизларнинг бандлик даражасини оширишда ўзига хос ёндашувни шакллантириш лозим. Масалан, «Мустаҳкам оила — жамият таянчи» лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирлар орқали кўплаб хотин-қизлар ўз ишини йўлга қўйиб, оилавий даромадини оширяпти. Оиладаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар бартараф этилаяпти. Демак, биз хотин-қизлар ва ёшларни касаначилик, уй меҳнати, оилавий тадбиркорликка кенг жалб этишга қаратилган янги лойиҳаларни кўпайтиришимиз керак.

Давра суҳбати давомида «Фаол аёллар» қаноти аъзолари ўзларини қизиқтирган саволлар билан соҳа мутахассисларига мурожаат қилишди. Анжуман сўнггида соғлом болани вояга етказиш бўйича ижтимоий шерик ташкилотлар билан ҳамкорликда бажариладиган дастлабки вазифалар белгилаб олинди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овоиз» мухбири.



DB query error.
Please try later.