04.01.2014

СОЦИАЛ ДЕМОКРАТИЯ ҒОЯЛАРИ АМАЛГА ОШАЯПТИ,

либерал ғояларнинг тарафдорлари эса камайиб бормоқда

2014 йилдан Германия ҳукумати янги таркиб билан иш бошлади. Мазкур таркиб 2013 йил сентябрь ойида мамлакат парламентига ўтказилган сайловларда кўпчиликнинг овозига эга бўлган сиёсий партиялар вакилларидан иборат бўлди. Халқаро таҳлилчиларнинг фикрича, сайловчи сиёсий партия илгари сурган ғоя учун ёки партиядан кўрсатилган номзоднинг салоҳиятига ишонгани учун овоз берар экан. Хўш, Германиядаги қайси етакчи партиялар қандай ғояларни олға суриб, сайловчилар ишончини қозонди?

Канцлер Ангела Меркел хонимнинг (у 2013 йил декабрь ойида парламент аъзоларининг кўпчилик овози билан кетма-кет учинчи марта бу лавозимга сайланди) Христиан-демократик/Христиан-социалистик иттифоқи (ХДИ/ХСИ) Германияда олиб борилаётган сиёсатга мувофиқ келадиган ғояларни, яъни ижтимоий масалалардаги ислоҳотларни изчил давом эттиришни таклиф қилди.

Улар, хусусан, мамлакат иқтисодиётидаги мавжуд иш ўринларининг барқарорлигини сақлаб қолиш ва янги иш жойлари очилишига хизмат қиладиган ижтимоий дастурларни амалга ошириш билан боғлиқ эди. Бунда ҳамма иш топиши ва яхши даромад олиши учун шароит яратиб беришга эътибор қаратилди. Ҳар бир фуқаро муносиб даромад топиш имконига эга бўлиши лозим, аммо бунинг эвазига нарх-наво ошиб кетиши керак эмас. Сиё­сий иттифоқ таклиф этган энг муҳим ва характерли ғоялардан бири шу бўлди, дейиш мумкин.

Социал демократик партия (ГСДП) ўз ғояларига мос тарзда ижтимоий йўналтирилган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлини танлади. Партия асосий даромади иш ҳақи бўлган ишчи-ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ таклиф билан чиқди. Ҳар бир ишчи-ходим бир соатлик иш вақти учун энг камида 8,5 евро олиши, қисқа муддатларга тузиладиган меҳнат шартномаларини имкон қадар камайтириш чоралари кўрилиши керак. Таълим мутлақо бепул бўлиши, билим олиш учун барча шароит яратилиши, таълим тизими ривожига инвестиция жалб қилиниши зарур. Энг кам пенсия миқдори 850 евро миқдорида белгиланиши лозим. Банклар ин­қирозли вазиятга тушиб қолганда, давлат пуллари уларни қўл­лаб-қувватлашга сарфланмаслиги учун банклар фаолияти устидан давлат назорати бўлиши керак.

Эркин демократик партия либерал ғоялар тарафдори сифатида ишбилармонликка кенг имконият бериш, иқтисодиёт, хусусан, немис саноати янада эркин ривожланиши учун шароит яратиш билан боғлиқ ғояларни олға сурди. Барча хоҳловчилар иккита давлат фуқаролигини қўлга киритиши мумкин. Солиқ тизими иш ҳақига мувофиқ равишда қайта ишлаб чиқилиши лозим. Шаҳарликлар янада эркин бўлиши керак. Ўрта синфнинг молиявий юки камайтирилиши, бойларга катта солиқ солинмаслиги муҳим аҳамиятга эга.

Айтиш керакки, Германияда бу галги парламент сайловларида 30 дан ортиқ сиёсий партия ва блоклар қатнашди. Уларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтишнинг иложи йўқ, албатта. Шунинг учун асосан сўнгги йилларда Германия ҳукуматини шакллантиришда бевосита иштирок этиб келаётган ва парламентда кўпроқ ўринни қўлга киритаётган иттифоқ ҳамда партияларнинг сайловолди дастурларига эътибор қаратдик. Қолаверса, парламент сайлови натижалари шунга туртки бўлди.

Парламент сайловида ­­ХДИ/ХСИ 41,5 фоиз овоз олди ва бу парламент, яъни Бундестагдаги 630 депутатлик ўрнидан 311 тасига эгалик қилиш имконини берди. ГСДПга 25,7 фоиз сайловчи ишонч билдирди. Бу парламентдаги 192 та депутатлик ўрнини социал демократлар олишини англатди. «Сўллар» партияси 8,6 фоиз, «Иттифоқ 90» ва «Яшиллар» биргаликда 8,4 фоиз овоз олди.

ХДИ/ХСИ қайд этган натижа 2009 йилги сайловдагидан яхши бўлишига қарамай, парламентда кўпчиликни ташкил этиш, яъни ҳукуматни шакллантириш имконини қўлга олиш учун етарли бўлмади. Иттифоқ 2009 йилда ҳам парламентда кўп­чиликни ташкил этиш учун бошқа бирон партия билан келишишга — коа­лиция тузишга мажбур бўлганди. Ўшанда Иттифоқ ­Эркин демократик партия билан бир келишувга келганди. Аммо 2013 йилги сайловда немис либераллари 4,8 фоиз овоз олди. Германия сайлов қонунчилигига кўра, бу натижа мамлакат парламентига кириш ва фракция тузиш учун етарли эмас (бунинг учун партияни камида 5 фоиз сайловчи қўллаб-қувватлаши керак). 2009 йилда Бундестагда 93 депутатлик ўрнига эгалик қилган либерал партиядан 2014 йилдан янги таркиб билан иш бошлаган парламент аъзолари ичида бирон вакил йўқ. Охирги сайлов Германияда либерал ғояларни қўллаб-қувватловчилар сафи тобора камайиб бораётганини кўрсатиб қўйди.

Шунинг учун ХДИ/ХСИ аввалги шеригини қўйиб, сайловда ўзидан кейинги энг яхши натижага эришган ГСДП билан муросага келди. Партиялар вакиллари кейинги тўрт йилликда Германия ички ва ташқи сиё­сатининг асосий йўналишларини ўзаро келишиб олиш учун узоқ муҳокамалар ўтказди. Шундан сўнг Германия тарихида учинчи марта «Катта коалиция» тузилди. Бу сайловда кўпчилик овозини олган иккита партия ҳукуматни бошқаришини, Германияда ижтимоий ҳимояни кучайтиришга асосланган ғоялар амалга ошишини англатади.

Халқаро таҳлилчилар ХДИ/ХСИ ва ГСДПнинг муросага келишида уларнинг сайловолди дастурларидаги айрим мувофиқликлар ҳам ўзига хос ўрин тутганини айтишмоқда. Масалан, ХДИ/ХСИ сайлов олдидан оилали ишчи-ходимлар фарзандлари ва умр йўлдоши учун кўпроқ вақт ажратиш имконига эга бўлиши кераклигини, уй-жой қуриш ва сотиб олиш учун кам даромадлиларга енгилликлар беришни таклиф қилган бўлса, ГСДП ёш болали ота-оналар учун иш вақтини қисқартириш, кам даромадли оилалар фарзандларига нафақа пулларини кўпайтириш тарафдори бўлганди.

Бу йилдан Германия ҳукуматини шакллантирган аъзолар ХДИ/ХСИ ва ГСДПнинг сайлов­олди дас­турларини ўзаро мувофиқ шаклда амалга оширади.

Сайфулла ЭШБОБОЕВ



DB query error.
Please try later.