01.01.2014

«ПРЕЗИДЕНТ АРЧАСИ»

атрофидаги болалар қувончи бутун Ўзбекистон бўйлаб кезмоқда

Тошкент шаҳри. Халқ таълими вазирлиги, «Sen yolg’iz emassan» Республика жамоатчилик болалар жамғармаси ҳамкорлигида «Туркистон» саройида ўтказилган «Президент арчаси» тантаналарида пойтахтимиздаги Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, махсус мактаб-интернат ўқувчилари, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари иштирок этди.

...«Туркистон» саройининг фойесида Қорбобо ва Қорқиз барча болаларни Янги йил байрамига чор­лади. Кичкинтойлар турфа чироқлару ўйинчоқлар билан безатилган арча атрофида янги йил, Ватан, бахт­ли болалик, қиш, байрам шодиёналарига бағишланган шеърлар айтиб, қувноқ куй-қўшиқлар, рақсларга жўр бўлади. Эстрада ва цирк санъати усталари иш­тирокидаги концерт дастури болаларнинг қувончига қувонч қўшади.

— Байрамда мазза қи­либ ўйнадик, қўшиқлар айтдик, — дейди Олмазор туманидаги 24-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Сардор Зайниддинов. — Президен­тимизга арча байрами ва совғалар учун катта раҳмат.

Самарқанд вилояти. Самарқанд шаҳрида ўтказилган байрам тадбирига вилоятдаги Меҳрибонлик уйлари, SOS болалар маҳалласи тарбияланувчилари, Ватанимиз тинчлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш йўлида хизмат бурчини бажариш чоғида қурбон бўлган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг фарзандлари таклиф этилди. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ҳам «Президент арчаси» тантаналари ўтказилиб, давлатимиз раҳбарининг совғалари болаларга топширилди.

Байрам тадбирида Самарқанд вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқди.

Қорақалпоғистон Республикаси. Шаҳар ва қишлоқларида, олис овулларида ҳам «Президент арчаси» шодиёналари кенг нишонланмоқда. Уларда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ҳамда кўп болали оилаларнинг фарзандларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Нукус шаҳри ҳамда Хўжайли туманидаги Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига, шунингдек, шаҳар ва туманларда бўлиб ўтаётган тадбирларда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 751 нафар болажонларга Президент совғалари топширилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Эрниязов сўзга чиқди.

Тошкент вилояти. Шаҳар ва туманларида ҳам «Президент арчаси» байрам тадбирлари ташкил этилди.

Оҳангарон туманида бўлиб ўтган тадбирларда болажонлар Қорбобо, Қорқиз ва турли эртаклар қаҳрамонлари даврасида, ранг-баранг ўйинчоқлар билан безатилган арча атрофида байрамни шод-хуррамлик билан нишонлади. Бадиий жамоалар, таниқли санъаткорларнинг чиқишлари, театрлаштирилган томошалар болаларда унутилмас таассурот қолдирди.

Тадбирда Тошкент вилоятининг ҳокими Аҳмаджон Усмонов сўзга чиқди.

Сурхондарё вилояти. Шаҳар ва қишлоқларида ҳам «Президент арчаси» байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Термиз шаҳридаги «Истиқлол» тантаналар саройида ўтказилган тадбирга Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва хизмат бурчини ўташ вақтида ҳалок бўлган осойишталик посбонларининг фарзандлари таклиф этилди.

Болажонларга Президентимизнинг янги йил совғалари топширилди. Куй-қўшиқ ва рақслар, эртак қаҳрамонлари иштирокидаги қизиқарли томошалар барчага бир олам қувонч улашди.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Эшдавлат Жўраев сўзга чиқди.

Наманган вилояти. Алишер Навоий номидаги мусиқали драма ва комедия театрида «Президент арчаси» тантаналари ўтказилди. 267 нафар ўғил-қизга Президент совғалари тақдим этилди.

Ёш истеъдод соҳиблари, «Камалак юлдузлари» республика болалар ижодиёти фестивали ғолиблари иштирокидаги концерт ва театр ижодий жамоаси томонидан тайёрланган «Янги йил саргузаштлари» мусиқали томошаси болажонларга завқу шавқ улашди.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Баҳодир Юсупов сўзга чиқди.

Шунингдек, мамлакатимизнинг бош­қа вилоятларида ҳам «Президент арчаси» шодиёналари бўлиб ўтди.

Ўз мухбирларимиз



DB query error.
Please try later.