01.01.2014

ҲУҚУҚИЙ ЭКСПЕРИМЕНТ

2013 йилнинг энг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларидан бири сифатида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг янги даврини бошлаб берди

Ҳаёт тажрибасидан маълумки, фуқаролари ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билган, сиёсий маданиятли жамият изчил тараққий этади. Чунки, ижтимоий-сиёсий фаол одамлар ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини, ўз тақдиридаги ўрни ва аҳамиятини чуқур англайди.

Мамлакатимизда давлат ва жамият бошқарувини янада демократлаштириш, бу жараёнда фуқа­ролар иштирокини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган муҳим ишлар мана шу мақсадга қа­ратилгани билан аҳамиятлидир.

Хусусан, Президентимизнинг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуни ло­йиҳаси синови бўйича ҳу­қуқий эксперимент ўтказиш ҳақида»ги Фармо­йиши асосида Бухоро ва Самар­қанд вилоятлари давлат ҳокимияти органлари негизида ўтказилган ҳуқуқий эксперимент бу борадаги ишларнинг янги босқичини бошлаб берди.

Қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўзлари қабул қиладиган қарорлар борасидаги масъулиятини ошириш, фаолияти тўғрисидаги ахборотдан юридик ва жисмоний шахслар кенг фойдалана олишларини таъминлаш, фуқароларнинг ахборот олиш бўйича конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш шаклларини кенгайтириш каби асосий вазифалар белгиланган.

2013 йилнинг март ойида бошланиб, йил охиригача давом этган ҳуқуқий эксперимент жараёнида қонун лойиҳаси нормаларини такомиллаштириш, уни самарали қўллаш механизмларини яратиш, ҳуқуқий эксперимент усулларини қонун ижодкорлигига жорий этиш юзасидан кўплаб таклифлар олинди.

Ҳуқуқий тажриба муайян бос­қичлар доирасида тизимли олиб борилди. Дастлаб зарур ташкилий-ҳуқуқий база яратилди. Шунингдек, кенг жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари мазкур эксперимент мақсад-вазифалари ҳақида мунтазам равишда хабардор қилиб борилди.

Асосий босқичда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, ОАВ, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ахборотдан фойдаланувчилар фао­лияти эксперимент ўтказиш тартибига мувофиқ ташкиллаштирилди. Давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари томонидан маз­кур жараённи ташкил этиш, веб-сайтлар яратиш ва уларни мунтазам янгилаб бориш, ахборот олиш хоналарини шакллантириш бўйича зарур ишлар амалга оширилди. Шунингдек, фуқароларнинг манфаатига бевосита дахл­дор бўлган масалалар юзасидан қабул қилинаётган қарорлар мазмун-моҳиятини матбуот анжуманлари, брифинглар, интервьюлар орқали тушунтириш бўйича давлат органлари раҳбарларининг масъулияти оширилди, қо­нун лойиҳаси нормаларининг самарадорлиги бўйича комплекс баҳолар олинди.

Ҳозирда эса ҳуқуқий эксперимент субъектлари эксперимент натижаларини умумлаштириб, таҳлил қилмоқда. Қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан асослантирилган таклифлар ишлаб чиқмоқда.

Алоҳида қайд этиш лозимки, ҳуқуқий эксперимент давомида ахборот соҳасидаги ижтимоий муносабатларни такомиллаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш борасида катта тажриба тўпланди. Шунингдек, дастлабки натижаларга эришилди. Хусусан, ҳуқуқий эксперимент мобайнида Самарқанд вилояти ҳокимлигига фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари томонидан 274, Бухоро вилоятида эса 183 сўров йўл­ланди. Самарқанд вилоятидаги туманлар ҳокимликларига эса жами 368, Бухоро вилоятида 316, Самар­қанд вилоятида ташкилот ва корхоналарига 2194, Бухоро вилоятида эса 1014 сўров келиб тушган. Жами сўровлар сони Самарқанд вилояти бўйича 2836 тани, Бухоро вилояти бўйича эса 1513 тани ташкил этди. Уларга асосан жавоблар қайтарилди, муайян қисми эса кў­риб чиқилмоқда.

Қонун лойиҳаси синови жа­раёнида ҳуқуқий эксперимент субъектларига тегишли веб-сайт­лар сони Самарқанд вилоятида 27 тадан 83 тага, Бухоро вилоятида эса 28 тадан 56 тага етди. Ана шу мисолларнинг ўзиёқ ҳу­қуқий экспериментнинг натижаси юқори бўлганлигини кўрсатиб турибди.

Таъкидлаш керакки, ҳуқуқий эксперимент жараёнида фуқаролик жамияти институтлари зиммасига ҳам муайян вазифалар юклатилди. Зеро, қонун лойиҳаси синовида уларнинг иштироки, фаоллиги муҳим аҳамиятга эга. Шу боис Ўзбекистон Халқ де­мократик партияси ҳам ҳуқуқий эксперимент жараёнида муносиб иштирок этишга ҳаракат қилди. Партия Марказий Кенгаши Самарқанд, Бухоро ва бошқа қатор вилоятларда ҳуқу­қий эксперимент мазмун-моҳия­ти, уни фуқаролар, электорат вакиллари ҳаётида тутган ўрнига бағишланган семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ўтказди. Мазкур тадбирларда жамоатчилик вакиллари, партия фаоллари, депутатлардан қонун лойиҳаси нормаларини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар олинди. Улар умумлаштирилган ҳолда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясига тақдим этилди.

Қайд этиш ўринлики, ЎзХДП­нинг Сайловолди дастурида мамлакатда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг ҳуқу­қий асосини ташкил этадиган давлат қарорларининг жойларда аниқ ижро этилиши юзасидан давлат бошқаруви маҳаллий органлари ходимлари масъулиятини ошириш, давлат ижтимоий дастурлари бажарилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати тизимини такомиллаштириш белгиланган. Шунинг учун ҳам давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, ҳеч қандай тўсиқларсиз ахборот олиш имконияти ЎзХДП дастурий мақсадларини амалга оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Дарҳақиқат, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фао­лияти тўғрисидаги ахборотлардан фойдаланиш имкониятининг кафолатланиши жамиятда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттиришда долзарб аҳамиятга эга. Чунки, одам қачон ўзи ишлаётган соҳа, истиқомат қилаётган ҳудуд, унинг ривожланиши ва истиқболи учун режалаштирилган ишлар мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида яқиндан хабардор бўлса, ислоҳотларнинг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилганини етарли даражада англаса, мазкур жараёнларда фаол иштирок этади.

Демак, ҳуқуқий эксперимент ўт­казилиши «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қо­нун лойиҳасининг ҳаётий аҳа­миятини ўрганиш, фуқароларнинг дунёқарашини кенгайтириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, жамиятда демократик тамойилларнинг қарор топишига хизмат қилмоқда.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.