01.01.2014

ЭЛЕКТОРАТ ИШОНЧИНИ ОҚЛАШ

учун янада қатъий ҳаракат талаб этилади

Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ­Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 29 нафар депутати фаолият кўрсатмоқда.

Фракция партия Сайлов­олди дастури, 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури ижросини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами ҳаётини яхшилашга реал таъсир кўрсатишга қаратилган кўплаб ташаббусларни илгари сураяпти. Қонунлар лойиҳаларига ўз таклифларини бермоқда, қонунлар ло­йиҳалари айрим моддаларининг муқобил таҳририни ишлаб чиқмоқда. Улар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилаяпти.

Мисол учун, «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қў­шимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳа­қида»ги қонунлар лойиҳаларида аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами манфаатлари­ни тўлиқ акс эттириш мақсадида ЎзХДП фракцияси деярли барча вилоятларда тегишли ўрганишлар, давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказди.

Ушбу тадбирларда партиямиз электорати томонидан билдирилган барча таклифлар фракциянинг ишчи гуруҳи томонидан умумлаштирилди ва таҳлил қилинди. Шундан сўнг, қо­нун лойиҳалари фракция мажлисларида тегишли экс­пертлар, олимлар, мутахассислар иштирокида яна муҳокама қилиниб, фракциянинг позицияси ишлаб чиқилди. Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари биринчи иш жойи билан таъминланишидаги кафолатларни янада мустаҳкамлаш ва уш­бу жараёнда барча иш берувчилар, шу жумладан, тадбиркорларнинг масъулия­тини янада ошириш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўз­гартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун 2013 йил 19 апрелдан кучга кириши қонун ижодкорлиги жараёнининг барча босқичида фракцияларнинг ро­лини янада кучайтирди, таъсир этиш имкониятини кенгайтирди. Янги тартибга кўра, Олий Мажлиснинг Қонун­чилик палатасига киритилган қонунлар лойиҳалари тегишли қўмита билан бир вақтнинг ўзида сиёсий пар­тияларнинг фракцияларига ҳам юборилади. Сиёсий пар­тиялар фракцияларининг қонун лойиҳаси юзасидан фикри, муносабатини олмай туриб, қўмита қонун лойиҳаси юзасидан ўз хулосасини чиқара олмайди.

Демак, партия ташкилотлари фракцияни ҳаракатга келтириши, яъни унинг фао­лиятини ғоявий, ташкилий, услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид таҳлиллар, партиянинг нуқтаи назари билан қуроллантириб туриши керак. Аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами манфаатлари билан боғлиқ барча масалаларни жойларда ўрганиб, таҳлил этиб бориши, унинг натижаларини доимий равишда фракцияга етказиб туриш даркор.

ЎзХДПда ҳозир шундай амалиёт йўлга қўйилди. Қонунчилик палатасига киритилган қонун ҳужжатларини фракция мажлисида муҳокама қилишдан олдин партия ташкилотлари у билан боғлиқ масалаларни аҳоли орасида чуқур ўрганмоқда. Шунингдек, маҳаллий Кенгашлардаги партия­миз депутатлик гуруҳлари, фаоллар ва электорат вакиллари иштирокида муҳокамалардан ўтказилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш керакки, ЎзХДП фракцияси ҳар йили мунтазам равишда ўз электорати манфаати билан бевосита боғлиқ долзарб ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни парламент эшитувига ки­ритиб келмоқда. Булар ҳам, аввало, пар­тиянинг бошланғич бўғинида муҳокама қилинмоқда.

Мисол учун, 2013 йилда партия ташкилотлари касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласини жойларда чуқур ўрганди. Кейинги икки йил давомида янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси билан боғлиқ масала ЎзХДП депутатлик гуруҳларининг ўзида 51 марта, уларнинг ташаббуслари билан маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссияларида 28 марта ҳамда сессияларда 28 марта муҳокама этилди ва шундан сўнг парламент эшитувига олиб чиқилди. Шу жараёнда фракция нафақат муаммоларни кўтарди, балки уларнинг ечими бўйича ҳукуматга ўз таклифини киритди.

Сиёсий партиянинг салоҳияти кўп жиҳатдан депутатлик гуруҳлари амалга ошираётган ишлар билан белгиланади. Депутатлар қанча фаол ва ташаббускор бўлса, электорат манфаати ҳимояси шунча кучаяди.

Маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўзи сайланган ҳудуднинг ривожланиш ҳолати, ютуқлари-ю муаммоларини яхши билади. Депутатдан эса муаммоларни нафақат билиш, балки, уларни ҳал этиш бўйича муқобил таклиф айтиш, бу таклифларни маҳаллий вакиллик ҳокимияти муҳокамасига олиб чиқиб, амалий жиҳатдан таъсири бўлган қарорлар қабул қилинишига эришиш талаб этилади.

Агар мисолларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2013 йил давомида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳлари йиғилишларида 218 та масала кўриб чиқилган. 136 та масала доимий комис­сиялар йиғилишлари, 115 та масала эса сессиялар муҳокамасига киритилган. Масалан, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлиги, озиқ-овқат маҳсу­лотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ҳамда бозорларимизни арзон, сифатли ва ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан тўлдириш, қишлоқ аҳоли пунктларида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш, мазкур соҳага оилавий тадбиркорлик субъ­ект­лари ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини кенг жалб этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Меҳнатга лаёқатли аҳолининг бандлиги даражаси ошиши аҳоли реал даромадлари янада ўсишини таъминлаш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳалари ривожи, ҳудудларда уй-жой ва ижтимоий инфратузилма яхшиланишининг муҳим омили ҳисобланади.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳларининг ҳудудий инвестиция дастурларига маҳаллий ресурс ва хусусий сармояларни кенг жалб этиш йўли билан янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича қўшимча лойиҳаларни киритишга қаратилган фаолиятини янада ривожлантириш устида иш олиб борилмоқда.

ЎзХДП Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция аъзолари, Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Савдо саноат палатаси ҳудудий бошқармалари иштирокида «Пар­тия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг маҳаллий ресурс ва инфратузилмани ҳисобга олган ҳолда туман ва шаҳарлар инвестицион дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча лойиҳаларни тузиш борасидаги вазифалари» мавзусида амалий семинарлар ўтказилди. Натижада, жойлардаги имкониятлардан келиб чиқиб, туман, шаҳар инфратузилмаси, маҳаллий хомашёга асосланган ва барча бошқа имкониятларни инобатга олган ҳолда уларнинг аниқ инвестицион дастурларини шакллантириш ва ҳаётга татбиқ этиш мақсадида аниқ тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Бунда оилавий тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга кўмаклашиш асосий мақсад қилиб қўйилди. Ҳозирги кунгача 800 та қўшимча лойиҳа маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик бирлашмалари томонидан ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Бунинг натижасида 2000 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши назарда тутилган.

Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида муносиб иштирок этиш ҳар бир сиёсий партиядан жиддий масъулият талаб этади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Конституциямиз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда «ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда сиёсий партияларнинг ролини кескин кучайтириш, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича стратегик вазифаларни ҳал этишда уларнинг иштирокини кенгайтириш демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишнинг энг муҳим омилига айланмоғи зарур», деб алоҳида таъкидлади.

Бундан хулоса қиладиган бўлсак, хотиржамлик кайфиятига берилмасдан, фао­лиятни тизимли равишда кучайтириб бориш талаб этилади. Партия электоратини ташвишлантираётган муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганиб, таҳлил этиб бориш, бартараф этиш йўл­лари бўйича аниқ таклифлар асосида партиянинг позициясини ҳимоя қи­лиш зарур.

Умуман, Конституция байрамига бағишланган маросимда илгари сурилган ғоя ҳаётга изчил татбиқ этилиши сиёсий партияларнинг фаоллиги, сиёсий масъулияти, етуклик даражаси ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган ўз позициясини қанчалик даражада қатъият билан илгари сура олишига боғлиқ.

Бекзод ШУКУРОВ



DB query error.
Please try later.