Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
26.12.2013

ИСЛОҲОТЛАРНИНГ БУГУНГИ БОСҚИЧИДА

фаолиятимизга янгича ёндашув асосида янада масъулият билан ишлаш талаб этилади

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмита­си ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг кенгайтирил­ган қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конститу­ция­си қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тан­танали маросимдаги «Амал­га ошираётган ислоҳотларимизни янада чуқурлашти­риш ва фуқаролик жамиятини қу­риш — ёруғ келажагимизнинг асосий омилидир» деб номланган маъру­засидан келиб чиқадиган хулосалар, бу борада ЎзХДП­нинг устувор вазифалари муҳокама этилди.

Мажлисга тайёргарлик кў­риш жараёнида ЎзХДП фракцияси аъзолари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларидан иборат ишчи гуруҳ дав­латимиз раҳбари маърузасининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари, қа­бул қилинаётган қонунлар ва бошқа муҳим ҳужжатлардан аҳолини яқиндан хабардор қилиш мақсадида ҳудудларга чиқиб, электорат вакиллари, сайловчилар ўртасида учрашувлар ўтказди.

Ишчи гуруҳ аъзолари таъ­кидлаганидек, давлатимиз раҳбарининг маърузаси аҳо­ли томонидан катта қи­зиқиш билан кутиб олинди. Учрашувларда мамлакатимиз демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида дадил қадам­лар ташлаётгани, аҳолининг турмуш фаровонлиги, реал даромадлари ошиб бораётгани, барча соҳаларда тарихий ютуқлар қўлга киритилаётгани айтилди.

Сўзга чиққанлар шуни ало­­ҳида таъкидлашдики, Концепция асосида ЎзХДП дас­турий мақсадларига хизмат қиладиган қатор қонунлар қабул қилинмоқда. «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғ­рисида»ги ва Ўзбекистон Республикаси «Аҳоли банд­лигини таъминлаш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳа­қида»ги қонунларнинг қабул қилиниши ҳам партия электорати манфаатларига тў­лиқ мос келади.

Шу билан бирга, мазкур жараёнларда партиямиз ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари етарли даражада фаол иштирок эта олмаётгани, бу борада яратиб берилган имконият ва ваколатлардан электорат манфаати ҳимояси йўлида самарали фойдаланмаётгани қайд этилди. Хусусан, ижтимоий масалаларни чуқур таҳлил этиб, муқобил таклифлар тайёрлаш, маҳаллий ижро ҳоки­мияти органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини изчил йўлга қўйиш юзасидан қатъият кўрсатилмаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

2014 йилнинг «Соғлом бола йили» деб эълон қилиниши ва бу борада белгиланадиган долзарб вазифалар Ўзбекистон Халқ демократик партияси зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди. ЎзХДПнинг парламентдаги фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари электоратнинг узоқ муддатли ижтимоий манфаатларига жавоб берадиган муҳим масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этиш, бу борада аниқ нати­жаларга эришишни партия ўзининг асосий вазифаси, деб ҳи­соблайди.

Кенгайтирилган мажлисда пар­тия ташкилотлари, фракция ва депутатлик гуруҳлари фаолияти танқидий нуқтаи-назардан таҳлил қилинди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бугунги бос­қичини инобатга олган ҳолда, партия дастурий ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Мажлисда муҳокама қилинган масалалар юзасидан партиянинг чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Назира МАТЁҚУБОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Биз — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари яқинда сайлов округларимизда аҳоли билан бўлган учрашувларда шунга амин бўлдикки, бугунги одамларнинг фикрлаши, ҳаётга муносабати кечагидан мутлақо фарқ қилади. Бугун улар кўпроқ жамиятга дахлдор масалалар ҳақида ўз нуқтаи назарини билдирмоқда. Биз депутатларга талаб ҳам шунга яраша ошиб бораётганини англаб турибмиз.

Давлатимиз раҳбари маърузасида депутатлар фаоллигини жид­дий ошириш билан боғлиқ қатор вазифалар илгари сурилди. Тўғ­ри, ҳозир йиғилишда айтилганидек, 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойи­ҳаси муҳокамаси фракцияларда қизғин мунозараларга сабаб бўлди. ЎзХДП фракцияси касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини кафолатли таъминлаш билан боғлиқ қатор муҳим масалаларни дастур лойиҳасига киритилишига эришди.

ЎзХДП фракцияси парламент назоратини янада такомиллаштириш мақсадида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси бўйича парламент эшитувларини ташкил этиб келмоқда. Хусусан, бу йилги парламент эши­тувида 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси доирасида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш ҳолати атрофлича муҳокама қилиниб, бу борадаги камчиликларни бар­тараф этиш бўйича чоралар бел­гиланди.

Аммо Президентимиз маърузасида билдирилган фикрлардан келиб чиқадиган хулоса шу­ки, биз ўзимизга берилган ваколат ва имкониятлардан етарли фойдалана олмаяпмиз. Қилган ишларимизга ортиқча баҳо бериб, хотиржамликка ўрганиб қолаяпмиз.

Бугун замон жуда тез ривожланиб бораяпти. Аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами манфаати билан боғлиқ масалаларга ҳам янгича ёндашувлар талаб этилмоқда. Демак, Соғлом бола йили дастурига биз ўз электоратимиз манфаатидан келиб чиқиб аниқ таклифлар беришимиз лозим. Қонун ижодкорлиги жараёнидан тортиб, қонунлар ижроси устидан парламент назоратини ўрнатишгача бўлган ишларда қатъият кўрсатишимиз керак.

Маҳмуджон МАҲКАМОВ, ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати:

— Бугун жамиятимиз ҳаё­тида қандай улкан ва ижобий ўзгаришлар рўй бераётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Янги ижтимоий объектлар барпо этилаяпти, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмаси муттасил яхшиланмоқда. Замонавий, барча қулайликларга эга уй-жойлар, энг сўнгги асбоб-ускуналар билан жиҳозланган тиббий марказлар, жаҳон андозаларига мос спорт иншоотлари қад ростламоқда. Буларнинг барчаси ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини кўпайтириш ва турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Сўнгги пайтларда Фарғона вилоятининг ҳам қиёфаси тубдан ўзгарди. Ижтимоий-иқтисодий соҳаларда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ишларда партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари ҳиссаси ҳақида гап кетса, тўғриси, эътироф этишга арзийдиган ишларимиз жуда камлигидан хижолат тортиб қолишимизни инкор этиб бўлмайди.

Биз камчиликлар ҳақида гап кетганда, «бундан кейин эътиборни кучайтирамиз, камчиликларни бартараф этамиз», каби ваъдалар беришга одатланиб қоляпмиз. Аввало, бундай масъулиятсизликка мутлақо чек қўйишимиз лозим. Партия ишида, депутатлик гуруҳи фаолиятида катта-кичик масала бўлмайди. Кўтарилган ҳар бир муаммо ортида электоратимиз манфаати ётади. Масалага эътиборсиз қараш ҳолларини электорат вакиллари мурожаатига эътиборсизлик, деб баҳолашимиз керак. Ислоҳотларнинг бугунги босқичи, ҳаётнинг ўзи биздан шуни талаб қилмоқда.

Конституциямизнинг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузада билдирилган танқидий фикрлардан, илгари сурилган ғоялардан ўзимизга тегишли хулосаларни чиқариб олишимиз зарур.

Ҳаёт ўзгариб, талаб ўзгариб бораётган экан, демак, биз ҳам электорат манфаатини самарали ҳимоя этиш, партиялараро рақобатда замонавий сиёсий технологиялардан кенг фойдаланиш устида изланишимиз талаб этилади.

Раимберган САБУРОВ, ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Мамлакатимиз раҳбарининг маърузасида сиёсий партиялар, депутатлар тўғрисида билдирил­ган танқидий фикрлар, илгари су­рилган вазифалардан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, бугун фаолиятимизни тубдан кучайтириш лозимлиги аён бўлади.

Тўғри, ўзининг фаоллиги билан бошқаларга ўрнак бўладиган депутатларимиз, депутатлик гуруҳларимиз бор. Улар биргина жорий йилда электорат манфаатларига хизмат қиладиган қатор масалаларни маҳаллий Кенгашлар сессияларига олиб чиқди. Аммо тан олиш керак, ҳали-ҳамон йиғилишларда қатнашиш билангина чекланиб қолаётган депутатларимиз, бирорта масалани доимий комиссия ёки сессия муҳокамасига олиб чиқмаган депутатлик гуруҳларимиз ҳам борлигидан кўз юма олмаймиз.

Бугун депутатлар олдига қўйилаётган талабларнинг нақадар юксак эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Демак, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг кейинги тўрт йиллик фаолиятини танқидий таҳлил этишимиз, йўл қўйилган камчилик ва хатоларни такрорламаслик чораларини кўришимиз лозим. Депутатлик гуруҳларининг партия Дастури, Сайловолди дастурида илгари сурилган вазифаларни амалга ошириш юзасидан тизимли фаолият юритишига эришишимиз зарур. Шунингдек, бу борада маҳаллий депутатларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз билан ҳамкорлигини янада мус­таҳкамлаш талаб этилмоқда.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.