26.12.2013

ФРАКЦИЯЛАРАРО ТОРТИШУВЛАР

қонунлар сифати ошиши, уларда электорат манфаатлари ифодаланишининг муҳим омили

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йил­лигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз Ислом Каримов томонидан ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда сиёсий партияларнинг ролини кескин кучайтириш, кўппартиявийлик тизимини мустаҳкамлаш, партиялараро рақобатни кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Бу ҳаётий талаблардан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, сиёсий партияларнинг асосий кучи бўлган фракциялар, депутатлар олдида жуда катта масъулиятли вазифалар турганини англаш қийин эмас. Давлатимиз раҳбари маърузасида илгари сурилган вазифалар, демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичи Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ҳар бир сиёсий партия фракциясидан қонун ижодкорлиги, парламент назорати, сайловчилар билан ишлаш йўналишларини, умуман, ўз фаолиятини қайта кўриб чиқишни, ишга муносабатни тубдан ўзгартиришни тақозо этмоқда. Чунки, сиёсий партиянинг жамиятдаги ўрни ва обрўси, сайловчилар ва аъзоларнинг ишончини оқлаши кўп жиҳатдан сиёсий партия парламент­даги фракцияси фаолиятига, ташаббускорлигига боғ­лиқ.

Сиёсий партиянинг дастурий мақсадларини, сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини рўёбга чиқаришда парламент томонидан қа­бул қилинадиган қонунлар ва бошқа ҳужжатларнинг ўрни катта. Шунинг учун сиё­сий партия­лар фракция­ларининг парламентда муҳокама этилаётган барча ҳужжатлар юзасидан ўз принципиал фикрларини бил­дириши ва уни ҳимоя қила олиши кундан-кунга катта аҳамият касб этиб бормоқда.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартириш ва қў­шимчалар парламент қуйи палатасида қонун ижодкорлиги жараёнининг барча босқичларида сиёсий пар­тиялар фракцияларининг роли ва масъулиятини кучайтирди. Шу билан бирга, қонун лойиҳаларини фракцияларда ва масъул қўмиталарда кўриб чиқишнинг барча босқичларини батафсилроқ тартибга солди. Уш­бу янгилик қуйи палата иши­ни бир мунча жонлантирди, албатта. Қонун лойиҳалари юзасидан фракциялар ўртасида кескин тортишувлар сезила бошлади. Мисол учун, «Ўз­бекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Аҳо­лини иш билан таъминлаш тўғ­рисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонунлар лойиҳалари муҳо­ка­масида ЎзХДП ва бошқа пар­тиялар фракциялари, хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси ўртасида жиддий баҳс-мунозаралар бў­либ ўтди.

— ЎзХДП фракцияси мазкур қонун лойиҳаларида аҳо­лининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами манфаатларини тўлиқ акс эттириш мақсадида жойларда экспертлар, олим ва мутахассислар иштиро­кида мониторинг ва давра суҳбатлари ўтказди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Улуғбек Ҳожибеков. — Ушбу тадбирларда олинган таклифлар асосида фракциянинг принципиал нуқтаи-назари ишлаб чиқилди. Яъни, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш кафолатларини янада мустаҳкамлаш ва бу жараёнда барча иш берувчилар, шу жумладан, тадбиркорларнинг масъулиятини янада оширишга қаратилган қатор талабларни илгари сурди. ЎзЛиДеП фракцияси эса бу масалада тадбиркорлар, иш берувчиларнинг манфаатларини эътиборга олиш лозимлигини асослашга ҳаракат қилди. Айтиш лозимки, мазкур масала юзасидан тортишувлар конс­труктив тус олди ва пировар­дида мақбул ечимга келинди.

Яқинда ҳукумат томонидан киритилган «Хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳасидаги айрим меъёрлар юзасидан ҳам ЎзХДП ва ЎзЛиДеП фракцияси ўзларининг принципиал ёндашувларига эга. ЎзЛиДеП фракцияси хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштириш кераклигини таъкидлаб, бу жараёнда мулкдорлар ва тадбиркорлар ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш тўғрисидаги таклифлар билан чиқаяпти. ЎзХДП фракцияси эса аксинча, мазкур масалада шошма-шошарлик ҳар доим ҳам кутилган натижани бермаслигини таъкидламоқда. Айни пайтда, хусусийлаштирилган мулк билан боғлиқ меҳнат жамоа­си олдидаги мажбуриятларни эътибордан четда қолдир­маслик позициясини ҳимоя қилмоқда. Ҳар бир таклиф ва позиция ўзининг асосларига эга, албатта. Масъул қўмита қонун лойиҳасини кў­риб чиқишда фракцияларнинг таклиф-мулоҳазаларини эътиборга олиши зарур. Акс ҳолда, фракциялар ўз нуқтаи-назарини Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида ҳимоя қилишига тўғри келади.

Фракциялар фаолиятини кучайтиришнинг яна бир муҳим омили парламент назорати изчиллигига эришиш масаласи, албатта. Гап шу ҳақда кетганда, бу йил Олий Мажлис Қонунчилик пала­тасида ўтказилган парламент эшитувларига тўхталиб ўтиш жоиз.

— Жорий йилда парламент қуйи палатасида ҳукумат аъзоларининг юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан боғлиқ иккита масала юзасидан ҳисоботи эшитилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси де­путати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Алишер Содиқов. — Хусусан, 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси доирасида коллеж битирувчиларининг мутахассислиги бў­йича ишга жойлаштирилиши би­лан боғлиқ масала ЎзХДП фракцияси ташаббуси билан парламент эшитувига киритилиб, бу борада ҳукуматга электоратимиз манфаати ҳимояси билан боғлиқ қатор таклифлар берилди.

Бироқ партиямиз дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, электорат вакилларини ўйлантираётган масалаларга ечим топиш учун бу етарли эмас.

Умуман айтганда, бу масалада фракциямиз, депутатлар Конституциямиз ва қонунларимизда парламент назоратини самарали амалга ошириш учун берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан тў­лиқ фойдалана олмади. Бундан жиддий хулоса чиқаришимиз лозим.

Бу йил юртимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиёти билан боғлиқ муҳим масалалар юзасидан бир қатор парламент эши­тувлари ўтказилиши кўзда тутилган эди. Бу ма­салаларни сиёсий партиялар фракциялари ўзлари ташаббус қилиб, Қонунчилик па­латасининг иш режаларига киритган эдилар. Лекин бу тадбирларнинг баъзилари бажарилмай қолиб кетди. Фикримизча, фракциялар, уларнинг раҳбарлари бундан жиддий хулоса чиқаришлари лозим.

Хулоса қилиб айтганда, давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштиришда Олий Мажлиснинг ролини ошириш, сиёсий партиялар фаолиятини, пар­­тиялараро тортишувларни кескин кучайтириш бўйича билдирилган танқидий фикр­­лар депутатлик вазифасига мут­лақо янгича ёндашиш­ни, муаммоларни четдан туриб кузатмасдан, ичига кириб ҳал қилишда фидойилик кўрсатишни тақозо этаяпти.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.