26.12.2013

ДЕПУТАТЛИК ВАКОЛАТИ

Бугунги демократик жараёнларда ундан самарали фойдаланиш тақозо этилмоқда

Кейинги йилларда бутун мамлакатимизда бўлгани каби Сурхондарё вилоятида ҳам катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Замонавий таълим муассасалари — умумий ўрта таълим мактаблари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари нафақат келажагимиз эгалари бўлган болаларимизни ҳар жиҳатдан баркамол этиб вояга етказишга хизмат қилмоқда, балки шаҳар ва қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшаяпти.

Айниқса, Термиз давлат университетининг янги ўқув бинолари фойдаланишга топширилиши вилоят ёшлари ҳаётида катта воқеа бўлди. Кўплаб саноат корхоналари ҳам ишга тушди, «Обод турмуш йили»да энг олис туманларда ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган уй-жойлар қишлоқларимиз кўркини бутунлай ўзгартириб юборди. Бундай ютуқлар ҳақида яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Аммо халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашининг яқинда бўлиб ўтган нав­батдан ташқари сессиясида билдирилган танқидий фикрлар, аввало, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ҳа­қида чуқур ўйлаб кўришимиз кераклигини кўрсатди. Ислоҳотларнинг бугунги босқичи нафақат маҳаллий ижро ҳокимияти ор­ганлари, айни пайтда, биз депутатларнинг ҳам ўз ишимизни қайта кўриб чиққан ҳол­да, фаолиятимизни жиддий кучайтиришни тақозо этаяпти. Чунки, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, одамлар ҳаёти даражасини оширишга нафақат маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, балки маҳаллий вакиллик ҳокимияти теппа-тенг, керак бўлса, кўпроқ жавобгар бўлиши лозим.

Ислоҳотлар изчиллигини таъминлашда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг позициясини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни кўтариб чиқиш бўйича партияларнинг, депутатлик гуруҳларининг фаоллиги етарли бўлмаяпти. Буни очиқ тан олишимиз зарур.

Вилоятда ислоҳотлар самарадорлиги ошишида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг, ундаги депутатлик бирлашмаларининг ўрни катта бўлиши керак эди. Биз туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларига ўрнак бўлишимиз лозим эди. Аммо амалда ундай бўлмади. Сессияларда доимий икки-уч нафар депутатдан бошқа бирон-бир кишининг сўзга чиқиши таъминланмади, назорат сусайтириб юборилди. Жойларда вакиллик ҳокимиятининг ваколатлари ҳамда назорат вазифаларининг ролини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар кўришга етарлича эътибор берилмади.

Вилоятда юзага келган вазиятни тўғри баҳолаб, танқиддан керакли хулоса чиқариб, жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганиш, йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларнинг сабабларини муҳокама қилиб бориш, энг муҳими, муаммоларни ҳал қилиш бўйича муқобил таклифлар бериш борасида фаоллик кўрсатишимиз зарур. Партия ташкилотларимиз билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимизнинг электорат манфаатларидан келиб чиқадиган вазифаларни ҳал этиш бўйича ташаббускорлигини кучайтириш бунда муҳим аҳа­миятга эгадир.

Қонунларимизда маҳаллий Кенгашларга катта ҳуқуқ ҳамда ваколатлар берилган. Улардан самарали фойдаланиб, одамлар ҳаёти янада яхшиланишига таъсир кўрсатиш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан вакиллик ҳокимиятининг назоратини кучайтириш депутатлар, депутатлик бирлашмаларининг фаоллигига бевосита боғлиқ. Бироқ фаоллик ва қатъийлик етишмаслиги сабабли вилоятда қатор қўпол хато-камчиликларга йўл қўйилди. Сессияда билдирилган танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, бундан кейин фаолиятимизни кескин кучайтириш чораларини кўришимиз зарур. Ислоҳотларнинг бугунги босқичи ҳам биздан шуни талаб қилаяпти.

Иброҳим ЁҚУБОВ,

ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари.



DB query error.
Please try later.