Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
24.12.2013

ИШ ЎРИНЛАРИ ЯРАТИШ

ва аҳоли бандлигини таъминлаш — долзарб вазифа

Олий Мажлис Сенатининг жорий йил 12-13 декабрь кунлари бўлиб ўтган ўн учинчи ялпи мажлисида мамлакатимизда демократик жараёнларни янада чуқурлаштириш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш билан боғлиқ муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Улардан бири «2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури»дир.

Таъкидлаш керакки, сўнгги вақтларда дунёда аҳоли бандлигини таъминлаш, хусусан, ёшлар учун иш ўринлари яратиш масаласи жиддий муҳокама қилинмоқда. ­Айниқса, жаҳон молиявий-иқтисодий ин­қирози ҳамон давом этаётган шароитда меҳнат бозорига кириб келаётган ёш­ларга иш топиб бериш вазифаси иқтисодиёти узоқ йиллардан бери барқарор ривожланиб келган давлатларни ҳам ташвишга солиб қўйди.

Бу ўткир ижтимоий муаммони ҳал қилишга турли хил ёндашувлар бўлаяпти. Баъзи давлатлар ёшларни қизиқишига қараб, мактаб давридаёқ касбга йўналтириш, кейин шунга мувофиқ ишга жойлаштиришни назарда тутаётган бўлса, айримларида тўғридан-тўғри инвестиция йўналтириш орқали ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектларида янги иш ўринлари яратилаяпти. Европадаги қатор мамлакатлар эса бу муаммони таълим, қайта ихтисослашув, касбий малака ва бандликни қўллаб-қувватловчи турли фондлар ёрдами билан енгиллатишга уринмоқда.

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарлари қатор муҳокамалардан сўнг 2014 йилдан бошлаб ёшлар ўртасида ишсизликни бартараф этишга қаратилган лойиҳани амалга оширишга қарор қилди. Халқаро экспертларнинг қайд этишича, қиймати 8 миллиард еврони ташкил қиладиган мазкур лойиҳа ёшлар орасида ишсизлик даражаси 50 фоиздан ҳам юқори бўлган Греция ва Испания каби давлатлардаги вазиятни юмшатолмайди. Глобал молиявий ин­қироз сабабли жаҳон иқтисодиётида юзага келган мураккаб вазият турли мамлакатларни бу масалада ўзига хос ёндашувларни излаб топишга мажбур этмоқда. Аммо шунга қарамай, қатор давлатларда аҳоли бандлигини таъминлаш жиддий муаммога айланиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби, иш ўринлари яратиш масаласига тизимли ёндашув шаклланмаганидадир.

Ўзбекистонда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ дастурлар 2008-2009 йилларда ҳукумат доирасида қабул қилинган бўлса, 2010 йилдан бошлаб  ҳукумат тавсиясига кўра, парламентда муҳокама қилиш йўлга қўйилди. Бу эса ҳукуматнинг аҳолини иш билан таъминлашга оид фаолияти устидан парламент назорати кучаяётганини кўрсатади. Дастур лойиҳаси ҳукумат томонидан ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилганда, соҳалар ва тармоқларда яратилиши кутилаётган иш ўринлари бўйича прогноз кўрсаткичлар ҳамда уларни амалга ошириш, иш жойларининг барқарорлигига эришиш имкониятлари атрофлича таҳлил қилинаяпти.

Олий Мажлис Сенатида дастур ҳудудлар кесими бўйича ҳам муҳокамадан ўтказилганидан сўнг маъқулланмоқда. Кўриниб турганидек, мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича бевосита парламент иштироки ва унинг назоратига асосланган изчил тизим яратилган. Ўтган йиллар давомида бу тизим ўзининг тўғри ва ҳаётий эканини кўрсатди. Шунинг учун мамлакатимизда бандлик дастурини ҳар томонлама пухта тайёрлашга, энг муҳими, унинг ижро механизмини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Мазкур дастур ижросидан аҳолининг ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами манфаатдор бўлгани туфайли Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси бу борада парламент назоратини изчил йўлга қўйиш учун қатор ташаббуслар билан чиқмоқда. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари билан биргаликда дастурнинг ҳар бир ҳудудда тўлиқ бажарилишига эришишда фаоллик кўрсатмоқда.

Мазкур жараёнда ҳудудлар ва тармоқларда иш ўринлари яратиш юзасидан йўл қўйилаётган камчиликлар, меҳнат муносабатларини ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга мувофиқ равишда ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштириш масалалари атрофлича таҳлил қилинаяпти, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги қўшимча имкониятлар ўрганилаяпти, кўплаб ҳаётий таклифлар илгари сурилиб, уларни амалга ошириш чоралари кўрилаяпти.

ЎзХДП фракцияси парламент назоратини янада такомиллаштириш мақсадида дастур ижроси бўйича парламент эшитувларини мунтазам ташкил этиб келмоқда. Хусусан, 2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштиришга бағишланган парламент эшитувида масала атрофлича муҳокама қилиниб, аниқ ва самарали чора-тадбирлар белгиланишига алоҳида эътибор қаратилди.

Фракция аъзоларининг таъкидлашича, коллежни тамомлаган йигит-қизлар қаерда, қандай шароитда иш бошлаши уларнинг меҳнатга, ҳаётга муносабати шаклланишида муҳим ўрин тутади. Шунинг учун ҳукумат томонидан мутасадди вазирликлар ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулияти оширилиши, парламент томонидан уларнинг фаолиятига холис баҳо берилиши, ёшларнинг шижоати қўллаб-қувватланиб, рағбатлантириладиган муҳит яратилиши зарур.

Аммо айрим ҳудудларда бу масалага жиддий эътибор берилмаяпти. 2013 йил учун тасдиқланган дастур ижроси жорий йилнинг биринчи чорагида 6 та, иккинчи чорагида 4 та туманда бажарилмаган. Депутатлар эса бунга аксарият ҳолларда ер ажратиш, тижорат банкларидан кредитлар олиш, хомашё таъминоти, коммуникация тармоқларига уланиш муаммолари ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар томонидан ўз вақтида ҳал қилиб берилмаётгани сабаб бўлаётганини таъкидлашмоқда.

Парламент муҳокамалари натижаларига кўра, дастур ижросидаги сусткашлик ва камчиликларни бартараф этиш, келгусида такрорланишига йўл қўймаслик мақсадида ҳукуматга қатор таклифлар киритилди. ЎзХДП фракцияси аъзоларининг таъкидлашича, мазкур таклифлар 2014 йил учун дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда инобатга олинган.

Ҳукумат томонидан киритилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қабул қилинган 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида маъқулланди. Унда банд бўлмаган аҳоли, айниқса, биринчи марта меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларни иш билан таъминлашга, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларида ишчи кучига бўлган талабни қондиришга алоҳида эътибор қаратилган. Келгуси йилда 7 асосий йўналишда 983,6 мингта иш ўрни ташкил этилиши кўзда тутилган. Хусусан, касб-ҳунар коллежларининг 500 мингга яқин битирувчисини иш билан таъминлаш вазифаси қўйилган.

Дастурга коллежлар битирувчиларини ишга жойлаштиришга доир алоҳида бўлим киритилди. Унга кўра, битирувчиларни иш билан таъминлаш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳар бўйича махсус комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилади, уларни амалга оширишда мутасадди вазирликлар, ҳокимликлар ва корхона-ташкилотлар ҳамкорликда иштирок этади. Бу жараёнда коллеж битирувчиларини ишга қабул қилаётган кичик корхоналар учун белгиланган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш, иш берувчилар масъулиятини ошириш мақсадида меҳнат қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ижросини таъминлаш, ўз ишини очиш истагидаги ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш катта аҳамиятга эгадир.

ЎзХДП фракцияси аъзоларининг фикрича, дастур тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш ҳамда инвестиция дас­турлари билан, энг муҳими, минглаб ёшлар, аёллар тақдири билан узвий боғлиқ бўлгани учун унинг ижроси парламент қуйи палатасининг қўмиталарида, барча фракцияларда (депутатлик гуруҳлари) атрофлича кўриб чиқилиши — долзарб масала. Парламент назорати изчиллигида бунинг аҳамияти катта.

Шу ўринда бандлик дастури ҳудудларда тўлиқ ва беками-кўст ижро қилиниши кўп жиҳатдан Қонунчилик палатаси билан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг қатъият ва фаоллигига боғлиқ бўлаётганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Дастур ижроси ижтимоий вазиятнинг янада барқарорлашишига хизмат қилади. Шу сабабли ҳам бу вазифага катта масъулият билан ёндашиш талаб этилади.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.