21.12.2013

АМАЛИЙ НАТИЖА УЧУН ИШЛАШ КЕРАК

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси Самарқанд вилоят партия кенгаши билан ҳамкорликда «Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида ЎзХДП ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳларининг устувор вазифалари» мавзусида амалий семинар ўтказди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари раҳбарлари иштирок этди.

Амалий семинарда Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги маърузаси мазмун-моҳияти, «Соғлом бола йили»да ЎзХДП ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида фикр алмашилди. ЎзХДП­нинг 2014 йилга мўлжалланган Ҳаракат дастурини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.

Улуғбек ВАФОЕВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари:

Мамлакатимиз раҳбари маърузаси ЎзХДПнинг барча даражадаги ташкилотлари томонидан чуқур ўрганилмоқда. Маърузада Ўзбекистон эришган ютуқлар, тараққиёт йўлимиз, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда сиёсий пар­тияларнинг ўрнини мус­таҳкамлаш вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шундан келиб чиқиб, пар­тиямиз фаолиятини кучайтириш, аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида келгуси режаларимизни аниқ белгилаб олишимиз, ҳаммамиз ўз вазифамизга чуқур масъулият билан ёндашишимиз керак.

Ижтимоий ислоҳотларнинг самарадорлигини кучайтиришда парламентнинг таъсирини ошириб бориш далзарб масаладир. Фракциямиз бунга алоҳида эътибор билан қараяпти. Жорий йилда парламент эшитувига қўйилган иккита масаланинг биттаси фракциямиз томонидан илгари сурилди. Унда касбунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш бўйича республикамизда олиб борилаётган ишларнинг самарадорлиги муҳокама этилди. Ютуқлар билан бирга камчиликлар таҳлил қилиниб, келгуси йилда битирувчиларни ишга жойлаштиришни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар берилди.

Фракциямиз партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган бошқа муҳим масалалар бўйича ҳам парламент назоратини кучайтиришга ҳаракат қилаяпти. Бу жараёнда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз билан ҳамкорликни кучайтириб бориш муҳим аҳамиятга эга. Партиямизнинг 2014 йилги Ҳаракат дастурини белгилаш жа­раё­нида Президентимиз маърузасида билдирилган тан­қидий фикр-мулоҳазаларга алоҳида эътибор қаратилиши керак.

Камолбой ИСАБЕКОВ, ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси:

— Бугун фаолиятимиздаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўпроқ бош қотиришимиз керак. Ахир вилоятдаги 19 мингдан зиёд партиядошимиз кучи ҳамда имкониятларини тўғри йўналтирсак, минтақанинг янада ривожланиши, аҳоли турмуш шароити бунданда юксалиши учун кўплаб таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш мумкин.

Юқорида партия билан депутатлар ҳамкорлиги ҳақида фикр айтилди. Тўғри, партия ва депутатларимиз қоғозда эмас, амалда бирга ишласа, электоратни ташвишлантираётган муаммолар ечим топиб бораверади. Бу жараёнда партия бош­лан­ғич ташкилотлари, Жамоатчилик қабулхоналари фаолияти изчил йўлга қўйилиши ҳам ўта муҳим вазифадир.

Тоҳир ҲАМИДОВ, ЎзХДП Каттақўрғон шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳимизда 13 нафар депутат фаолият юритмоқда. Биз партия ташкилоти билан депутатлар ягона куч бўлиб ҳаракат қилишига алоҳида эътибор бераяпмиз. Депутатларнинг ташаббуси билан жойларда учраётган долзарб ижтимоий масалаларни доимий комиссиялар ҳамда сессияларда муҳокама этиб, уларнинг ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилмоқда. Биргина 2013 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш, шаҳримизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ 4 та масала доимий комиссияда муҳокама этилди. Фаолиятимизни янада ривожлантириш мақсадида 2014 йил учун иш режамизда асосан ижтимоий самараси юқори бўлган, амалда ўз натижасини берадиган вазифаларни белгилаб олаяпмиз.

Амалий семинарда Олий Мажлис Қонунчилик па­латасидаги ЎзХДП фрак­цияси аъзолари — Фахриддин ­Ражабов, Абдуқаҳҳор ­Юсупов ва бошқалар муҳокама этилган масалалар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбир сўнгида «Соғлом бола йили» мазмун-моҳияти ва ҳаётимиздаги аҳамия­тини аҳоли орасида кенг тар­ғиб этиш, партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари фаолиятини изчил кучайтириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилиб, муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Абдували ХУДОЁРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.