Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
21.12.2013

Сурхондарё вилояти кенгашининг сессияси

Илгари хабар қилинганидек, шу йил 19 декабрь куни Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.

Бугунги учрашувимизнинг асосий мақсади – Сурхон воҳасининг ривожи, тараққиёти йўлида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, қўлга киритилган ютуқ ва марралар билан бир қаторда, мавжуд муаммоларни ечиш бўйича қилинаётган амалий ишлар, қисқа қилиб айтадиган бўлсак, барчамизни ташвишга солаётган масалалар бўйича айни шу залда тўпланиб ўтирган сиз ҳурматли депутат ва фаоллар билан атрофлича маслаҳатлашиб олиш, тегишли хулосалар чиқаришдан иборат, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари ўз нутқининг аввалида.

Албатта, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, ҳаёт дегани муаммосиз бўлмайди, тараққиёт йўлида турли масалалар, катта-кичик ташвишлар бўлиши табиий. Бу масалаларни ечиш, камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, амалий ишларни кучайтириш – бизнинг асосий вазифамиздир.

Маълумки, бугунги кунда, бутун мамлакатимизда бўлгани каби, Сурхон воҳасида ҳам эътиборга лойиқ катта-катта ўзгаришлар юз бермоқда. Ҳаёт синовларида тобланган, заҳматкаш воҳа аҳлининг фидокорона меҳнати туфайли Сурхондарё вилояти ҳозирги вақтда дадил қадамлар билан ривожланиб боряпти ва буни биз юксак қадрлаймиз, деб қайд этди Президентимиз.

Кейинги йилларда барпо этилган замонавий корхоналар, коммуникация тармоқлари, хизмат кўрсатиш инфратузилмалари, ижтимоий соҳа объектларини – бу янги-янги мактаблар, лицей ва коллежлар бўладими, мусиқа ва санъат мактаблари, соғлиқни сақлаш ва спорт масканлари бўладими, уларни кўрганда, бу кўҳна ва бетакрор замин янада гўзал ва обод бўлиб бораётганига ишонч ҳосил қиламиз. Бунинг тасдиғини авваламбор, вилоятда 2013 йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот 9,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6 фоизга, қурилиш ишлари қарийб 11 фоизга, пуллик хизматлар 18,5 фоизга ўсиши кутилаётгани мисолида кўриш мумкин.

Вилоятда иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларини янгилаш, модернизация қилиш мақсадида 2005-2013 йиллар мобайнида барча манбалар ҳисобидан 2 миллиард 877 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилганини таъкидлаш лозим.

Охирги йилларда вилоятда нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё минтақаси учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган улкан лойиҳалар амалга оширилди. Улар орасида умумий узунлиги 223 километр бўлган Тошгузар–Бойсун–Қумқўрғон темир йўлининг ишга туширилгани Ватанимиз тараққиёти йўлида алоҳида, айтиш мумкинки, тарихий ўрин тутади. Ана шу улкан ва мураккаб лойиҳани амалга ошириш натижасида вилоятда юк ташиш ҳажми 2007 йилга нисбатан 1,7 баробар кўпайди, маҳаллий хомашёларни қайта ишлаш асосида 90 дан зиёд янги корхона ишга туширилди, энг муҳими, 55 минг аҳоли иш билан таъминланиб, барқарор даромад манбаига эга бўлди.

Илгари тасаввур қилиш ҳам қийин бўлган бундай ишларимиз ҳақида фахрланиб, ғурурланиб гапирсак, арзийди. Авваллари чекка бир гарнизон бўлган Термизни замонавий шаҳарга айлантириш, вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманлари, барча қишлоқлари қиёфасини тубдан ўзгартириш йўлида қилаётган улкан ишларимиз шу ерда яшаётган аҳоли, аввало ёшларимиз ҳаётида ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Уларнинг онгу тафаккурини, дунёқарашини ўзгартирмоқда. Энг муҳими, бундай ҳаракатларимиз ҳеч қачон орқага қайтмайдиган тус олмоқда, деди Ислом Каримов.

Маълумки, Сурхондарё вилояти нефть, табиий газ, рангли металлар, кўмир ҳамда 40 дан ортиқ қурилиш материалларининг бой захирасига эга. Ҳозирги вақтда бу бойликларни эл-юртимиз манфаати йўлида оқилона ва самарали ишлатиш юзасидан бир қанча муҳим лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Масалан, Сариосиё туманида умумий қиймати 146 миллион доллар бўлган, Хонжиза конида полиметалл рудаларни, яъни, рух, қўрғошин, мис ва кумушнинг катта захирасини қайта ишлаш бўйича йирик лойиҳа амалга оширилди.

Собиқ иттифоқ даврида Сурхондарё вилояти ҳудудидан қазиб олинадиган нефтнинг таркибида битум қоришмаси кўплиги сабабли у асосан йўл қурилишида ишлатилар эди. Бу хомашёдан юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулот олиш учун Жарқўрғон нефтни қайта ишлаш заводи барпо этилди. Шунинг ҳисобидан йилига 80 минг тонна нефтни қайта ишлаб, бензин ва дизель ёқилғиси олинмоқда.

Сессияда вилоятда саноат соҳасини барқарор ва мутаносиб ривожлантиришда бир қанча муаммолар ҳали-бери сақланиб қолаётгани ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди.

Ёдингизда бўлса, сизлар билан ўтган учрашувимизда айни шу борада вилоят, туман ва шаҳар раҳбарларига, мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилган эди, деди давлатимиз раҳбари. Афсуски, ўтган давр мобайнида бу соҳада жиддий ўзгаришлар бўлмагани бугун кўп мисолларда аён бўлмоқда. Жумладан, вилоят саноатида улуши паст бўлган Ангор, Термиз, Бойсун, Олтинсой туманларида аҳволни ижобий томонга ўзгартиришга қаратилган амалий ҳаракатлар сезилмаяпти.

Мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланишда оқсоқликка йўл қўйилаётгани туфайли Сурхондарёнинг саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича мамлакатимиздаги улуши атиги 1,7 фоизни ташкил этмоқда. Айниқса, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш бўйича вилоятнинг энг қуйи ўринлардан бирига тушиб қолгани барчамизни, аввало раҳбар ва депутатларни, фаолларни жиддий ўйлантириши керак, деди Юртбошимиз.

Сурхондарёда аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш даражаси мамлакатимиздаги ўртача кўрсаткичдан 4,3 баробар, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш эса 4,2 баробар камлиги ҳам албатта талабга жавоб бермайди.

Бу ҳақда аввало мана шу залда ўтирган депутатлар, фаоллар ўйлаши, бундай ҳолат бизга ярашмайди, деб бундан хулоса чиқариши керак. Нега деганда, ҳаётдаги ҳамма ўзгаришлар аввало инсондан, унинг қалбидан, юрагидан бошланади. Кейинги йилларда юртдошларимиз ўртасида кенг тарқалган “Ободлик кўнгилдан бошланади” деган иборада чуқур маъно бор. Ҳақиқатан ҳам, барча эзгу ишлар инсоннинг кўнглидан, унинг покиза ниятларидан бошланади. Бизга бўлаверади, деган қараш ҳукм сурган жойда ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди, ҳамма нарса эскича қолаверади. Ислом Каримов ўз фикрини давом эттириб, бутун Ўзбекистон болалари – менинг болаларим деган гапни мен кўп такрорлайман, деди. Бугун мана шу минбарда туриб Сурхон воҳасининг паҳлавон йигитларига, ёшларига меҳримни яна бир бор ифода этиб айтмоқчиман: уларнинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватламаслик, келажакка бўлган ишончини оқламаслик – бу уларга нисбатан хиёнатдир.

Яхши эслайман, бир пайтлар Сурхондарёнинг собиқ бир раҳбари бу вилоятнинг келажагини сиз нимада кўрасиз, деган саволга, карам етиштиришда, деб жавоб берган эди. Бу одам Москвага, собиқ иттифоқ раҳбарларидан бири бўлмиш Лигачёвнинг олдига бориб, бизга плёнка беринг, Москва ва Ленинградни карамга тўлдириб ташлаймиз, деб айтгани ҳам бор гап.

Ўзининг савияси шундай паст экан, лекин бутун бошли бир вилоятга, унинг халқига, бу заминда униб-ўсиб келаётган ёшларнинг тақдирига шундай тор даражада қараган раҳбарга нима деса бўлади, деб таъкидлади Юртбошимиз.

Аслида, Сурхон воҳасида мавжуд бўлган бойлик ва ресурслар, қани айтинглар, яна қаерда бор? Бугунги кунда, илму фан, тараққиёт юксалиб бораётган бир пайтда саноатни ривожлантирмасдан, янги замонавий технологияларни ўзлаштирмасдан туриб, фақат карам, сабзавот етиштириш, қўй-эчки боқиш ҳисобидан келажакни қуриб бўладими?

Вилоятда саноат соҳасидаги қолоқлик сабаблари мана шундай эскича қарашлар билан боғлиқ, десак, хато бўлмайди.

Ҳозирги кунда ҳаёт ўзгаряпти, унинг талаби ўзгаряпти. Талаб пастдан, одамлар ўртасида юртнинг эртанги куни, тақдири учун куйинишдан бошланади. Агар раҳбар ҳаётнинг мана шундай кескин талабини тушунмаса, англамаса, унинг жавобини бериш лозим. Ўрнига ғайрат-шижоатли, замоннинг талаби билан ҳамоҳанг яшайдиган ёшларни қўйиш керак. Сурхондарё вилоятининг ёшлари, мард полвонлари ҳеч кимдан кам эмас, тоғни урса талқон қиладиган, шу юрт учун керак бўлса жонини беришга ҳам тайёр бўлган бундай азму шижоатли йигитларнинг қўлидан ҳамма иш келади.

Бизнинг юртимиз, Ватанимиз битта – Ўзбекистон ягона Ватанимиздир. Унинг бугунги ва эртанги кунини ўйлаб яшаш, шуҳратини дунёга тараннум этиш ҳаммамизнинг – муқаддас вазифамиздир.

Шундай экан, вилоятдаги мавжуд вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун аввало депутатлар, фаоллар намуна бўлиши лозим. Дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслигимиз, ўз олдимизга қўйган катта-катта мақсадларга етишимиз учун биринчи навбатда ўзимиз фидойилик кўрсатишимиз керак, деб таъкидлади Ислом Каримов.

Вилоятда маҳаллий хомашёни қайта ишлаш даражасини ошириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Чунки бугунги кунда етиштирилаётган пахта толасининг 8 фоизигина шу ернинг ўзида қайта ишланаётганини албатта қониқарли деб бўлмайди.

Саноатнинг бошқа тармоқларида ҳам ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёни суст бормоқда. Мазкур йўналишдаги дастур доирасида охирги уч йил давомида 3 миллиард 500 миллион сўмлик маҳсулот тайёрланган. Бу рақам вилоятда ишлаб чиқарилган жами саноат маҳсулотининг бир фоизига ҳам етмайди. Мамлакатимиз бўйича эса бу кўрсаткич 17,5 фоизни ташкил этмоқда.

Вилоятда кейинги уч йилда хорижий сармоялар иштирокида 4 та корхона ишга туширилиб, уларнинг умумий сони 50 тага етганини ижобий баҳолаш лозим. Лекин Ангор, Музработ, Шўрчи, Термиз ва бошқа туманлардаги мавжуд аҳвол ҳеч кимни қониқтирмайди, албатта.

Айни шундай номақбул ҳолатни тубдан ўзгартириш мақсадида вилоятда янги йилдан бошлаб 500 дан зиёд лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Улар орасида биз учун катта аҳамиятга эга бўлган енгил саноат соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларга алоҳида ўрин берилади.

Бу борадаги ишларни давом эттирган ҳолда, келгуси йили қиймати 15 миллион доллардан зиёд бўлган яна 14 та лойиҳани амалга ошириш бошланади. Жумладан, Жарқўрғон туманида Буюк Британиялик ҳамкорларимиз иштирокида лойиҳа қиймати 10 миллион доллар бўлган текстиль корхонаси ташкил этилиб, энг замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланади. Мазкур лойиҳа асосида йилига 22 миллион квадрат метр юқори сифатли газлама ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва 250 киши иш билан таъминланади.

Бундан ташқари, 2016 йилгача Қумқўрғон, Сариосиё, Денов ва Шўрчи туманларида янги, замонавий тўқимачилик комплекслари ташкил этилади. Мана шундай лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 2017 йилга бориб вилоят бўйича пахта толасини қайта ишлаш ҳажмини 22 фоизга етказиш ва 6 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш имкони пайдо бўлади.

Шулар қаторида келгуси икки йилда 70 миллион доллардан зиёд инвестиция ҳисобидан Жарқўрғон нефть заводининг йиллик қайта ишлаш қувватини 250 минг тоннага етказиш мўлжалланмоқда.

Вилоятда кўмир қазиб олишни ривожлантириш учун 102 миллион долларга яқин инвестициялар эвазига Шарғун ва Бойсундаги “Тўда” конларида йиллик қуввати 900 минг тонна бўлган замонавий комплексни қуриш режалаштирилмоқда. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Хитойнинг Эксимбанки кредитларини жалб этиш белгиланган.

Айни вақтда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида 48 турдаги деворбоп материаллар, 17 турдаги норуда материал ва бошқа кўплаб маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналар ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Мухтасар айтганда, 2013-2015 йилларда ана шундай лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида вилоятда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 1,5 баробарга ўсиши кутилмоқда.

Сессияда одамларни, аввало, ёшларни иш билан банд қилиш муаммосини ечишда, шунинг ҳисобидан даромад топишда, аҳолининг оғирини енгил қилишда муҳим аҳамият касб этадиган яна бир муҳим соҳа, яъни, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш борасидаги ишларнинг аҳволи ҳақида ҳам сўз юритилди.

Жорий йил якуни билан вилоятда хизматлар соҳасида ўсиш суръати 117 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Бироқ, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, хизматлар ҳажми мамлакатимиздаги ўртача кўрсаткичдан 2,2 баробар пастдир.

Албатта, бундай аҳволни қониқарли деб баҳолаш қийин. Бу ҳолатни ўзгартириш учун вилоятда келгуси икки йилда хизматлар соҳасида қиймати 59 миллион доллардан ортиқ бўлган, жумладан, 2014 йилнинг ўзида қарийб 35 миллион долларга тенг бўлган кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Буларнинг аксарияти алоқа ва ахборот, компьютер хизматлари, банк, аудит, суғурта, молиявий лизинг ҳамда туризм каби замонавий сервис турларини қамраб олиши билан эътиборлидир.

Сурхондарё вилоятида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи учун қулай муҳит яратиш, уларнинг саноатни ривожлантириш, рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришдаги ўрнини янада кенгайтириш ва шу аснода аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда ҳудудий маҳсулотнинг қарийб 78 фоизи кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётгани бу соҳанинг қандай улкан имкониятларга эга эканидан яққол далолат беради.

Ушбу муҳим тармоқни молиявий қўллаб-қувватлаш учун 2013 йилда вилоят бўйича тижорат банклари томонидан 320 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Бу ўтган йилга нисбатан 1,3 марта кўп бўлиб, ана шу сармоялар ҳисобидан қишлоқ жойларда салкам 12 мингта иш ўрни яратилганини алоҳида қайд этиш зарур.

Ҳақиқатан ҳам, эътибор беринг, кичик бизнес ва унинг ривожи билан боғлиқ бўлган соҳаларнинг ҳудудий ялпи маҳсулотдаги улуши 78 фоизга етгани аввало одамларнинг даромад топиши, бозорларимизни тўлдириш, юртимизни обод, ҳар қайси оила ҳаётини фаровон қилишда катта ўрин тутади. Албатта, бу соҳага банкларимиз зарур кредит маблағларини ажратиб бермаса, ҳокимликлар бу тармоқ вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватламаса, бундай натижаларга ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам мана шундай муҳим масалага жиддий эътибор бераётганингиз учун миннатдорлик билдираман, деди Юртбошимиз.

Мажлисда замонавий транспорт-коммуникация тармоқларининг иқтисодиётимизни изчил ва барқарор тараққий эттиришдаги аҳамияти, Сурхон воҳасида бу соҳада қилинаётган ишлар таҳлил қилиниб, шу йўналишдаги энг йирик лойиҳалар хусусида фикр юритилди.

Аввало, “Тошкент–Термиз” халқаро автомобиль йўлининг 100 километрлик қисмида 167 миллион доллардан ортиқ инвестиция ҳисобидан, жумладан, Ислом тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан олиб борилаётган реконструкция ишларини янги йилда якунига етказиш мўлжалланаётгани таъкидланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон миллий автомагистралининг Сурхондарё вилоятидан ўтадиган 66 километрлик қисмида реконструкция ишлари давом эттирилиб, бунинг учун келгуси йили 30 миллиард 700 миллион сўм маблағ йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Вилоятда маҳаллий аҳамиятга молик бўлган автомобиль йўлларини таъмирлаш учун жорий йилда 4 миллиард 700 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилган бўлса, келгуси йилда бу рақам қарийб етти баробар ортиб, 30 миллиард 800 миллион сўмни ташкил этиши мўлжалланмоқда.

Бу рақамларнинг негизида бугунги кунда шу борада узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсатимиз турганини, ўйлайманки, тушуниш қийин эмас, деди давлатимиз раҳбари. Сурхондарё воҳасида аҳолини иш билан таъминлаш масаласида муаммолар кучайиб бораётганини инобатга олиб, йўл-коммуникация қурилишига улкан эътибор қаратилаётгани янги-янги иш ўринларини ташкил қилиш имконини бермоқда. Янги маҳаллалар, қишлоқлар пайдо бўляпти, уларни, туманларни ўзаро боғлайдиган йўлларни қуриш, инфратузилма тармоқларини ривожлантиришга 7 баробар кўп маблағ ажратганимизнинг маъносини айни шундай изоҳлаш мумкин.

Маълумки, бугунги кунда Ўзбекистонда темир йўл тармоқларини электрлаштириш бўйича ҳам бир қанча йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида мамлакатимиз миқёсида темир йўлларни электрлаштириш даражаси ҳозирги вақтдаги 35 фоиздан 2017 йилга бориб 54 фоизга етиши белгиланган.

Бу ҳақда гапирганда, 597 миллион доллар қийматидаги, жумладан, Осиё тараққиёт банки ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган, умумий узунлиги 466 километр бўлган Мароқанд–Қарши–Термиз темир йўл тармоғини электрлаштириш лойиҳаси ҳақида алоҳида тўхталиш ўринлидир. Ушбу йирик лойиҳанинг амалга оширилиши йўловчи ва юк ташиш бўйича транспорт харажатларини 35 фоизга қисқартириш имконини беради. Айни вақтда мазкур йўналишда қатнайдиган, юқори қувватга эга бўлган 11 та замонавий локомотив ҳаракатини йўлга қўйиш мўлжалланмоқда.

Табиийки, буларнинг барчаси жанубий минтақаларимизда, жумладан, Сурхон воҳасида транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Сурхон воҳаси азалдан ўз ишининг устаси ва фидойиси бўлган миришкор деҳқон ва боғбонлари билан маълум ва машҳурдир. Ўзбекистонимизда етиштириладиган пахта хомашёсининг 10 фоизи, ғалланинг қарийб 8 фоизи мана шу саховатли замин ҳиссасига тўғри келади. Вилоятда ҳозирги вақтда фаолият юритаётган 5 мингга яқин фермер хўжаликлари томонидан 2013 йилда 338 минг тоннадан зиёд пахта, 493 минг тонна ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди.

Вилоятда мева-сабзавот, узум, полиз, картошка етиштириш ва уларни сақлаш, қайта ишлаш бўйича самарали технологиялар кенг жорий этилаётгани, деҳқонларимиз учун ер майдонлари ва бошқа зарур ресурслар ажратиб берилаётгани бу борада юқори натижаларга эришишда ҳал қилувчи омил бўлмоқда. Биргина жорий йилда вилоят бўйича 640 гектарга яқин мевали боғ, қарийб 245 гектар токзор, 155 гектар интенсив боғлар барпо этилиб, бу соҳани ривожлантиришга жами 33 миллиард сўм маблағ сарфланганини қайд этиш лозим.

Бу ҳақда гапирганда, бир фикрни такрорлаб айтмоқчиман – Сурхон заминига Яратганнинг ўзи ато этган иқлим, серҳосил ва унумдор ер, етарли сув манбалари ва бошқа қулай имкониятлардан самарали фойдаланиш барчамизнинг бурчимиз бўлиши керак. Бугунги кунда азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида, бошқа шаҳарларда яшаётган аҳолининг дастурхонини тўкин қилишда Сурхондарё вилоятининг ҳиссаси катта эканини барчамиз яхши биламиз.

Шу фурсатдан фойдаланиб, вилоятнинг миришкор деҳқон ва фермерларига, барча меҳнаткашларга фидокорона меҳнати учун чин қалбимдан самимий миннатдорлик билдиришни ўз бурчим, деб биламан, деди Президентимиз.

Ўзбекистон шароитида тупроқ унумдорлигини ошириш, сув ресурсларидан тежаб-тергаб фойдаланиш маҳсулот етиштириш ва уни кўпайтиришнинг энг муҳим омилларидан бири экани барчамизга аён. Шу мақсадда охирги беш йил давомида Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастури доирасида Сурхондарё вилоятига 75 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 513 километр коллектор-дренаж тармоқлари қурилди ва реконструкция қилинди.

Мана шундай тадбирларни амалга ошириш ҳисобидан пахта ҳосилдорлиги ўртача 2-3 центнерга, ғалла ҳосилдорлиги 3-4 центнерга кўпайгани биз эришган муҳим натижалардан бири бўлди, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз, деди Ислом Каримов.

Мажлисда вилоятда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасидаги ютуқлар билан бирга, бир қатор камчилик ва муаммолар борлиги ҳам таъкидланди. Айниқса, кўптармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш, уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш учун қулай имконият туғдириб бериш, фермерларнинг малакаси ва савиясини ошириш, энг муҳими, ерни ҳақиқий эгасига топшириш бўйича ҳали кўп иш қилиш кераклигига эътибор қаратилди.

Жорий йилда агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли ўтказилмагани, давлат томонидан етказиб берилаётган моддий-техник ресурслар ва сувдан оқилона фойдаланилмагани натижасида айрим фермер хўжаликлари давлатга пахта ва ғалла сотиш бўйича шартнома мажбуриятларини бажара олмаган. Мисол учун, пахта етиштириш бўйича Қизириқ туманида 24 та, Музработ туманида 34 та, Шўрчи туманида эса 18 та фермер хўжалиги шартнома мажбуриятини бажармаган.

Халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, аҳолининг реал даромадларини кўпайтиришга қаратилган изчил ишларимиз Сурхондарё вилоятида ҳам ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Бунинг исботини жорий йилда ўртача ойлик иш ҳақи 2011 йилга нисбатан 35 фоизга, ўртача пенсия ҳажми 36,6 фоизга ошганида кўриш мумкин.

Мажлисда биз учун устувор аҳамиятга эга бўлган ижтимоий соҳалар ривожи таҳлил қилиниб, охирги тўрт йилда вилоятда 116 та умумтаълим мактаби, 46 та касб-ҳунар коллежи, 40 та соғлиқни сақлаш мажмуаси, 58 та болалар спорти объекти янгитдан қурилгани, реконструкция қилингани алоҳида қайд этилди.

Шу йилнинг ўзида таълим муассасаларини жиҳозлашга 63,5 миллиард сўм бюджет маблағи йўналтирилгани бу борадаги ишларимизнинг яна бир амалий намоёни бўлди, десак, муболаға бўлмайди.

Униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш мақсадида ўтган икки йил мобайнида жами 18 миллиард 600 миллион сўм маблағ ҳисобидан 17 та болалар спорти объекти, мусиқа ва санъат мактаблари бунёд этилиб, замонавий жиҳозланган ҳолда фарзандларимиз ихтиёрига берилди. Шунингдек, Термиз давлат университетининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 38 миллиард 500 миллион сўм маблағ ажратилиб, 3 минг 550 нафар талабага мўлжалланган янги ўқув бинолари, ахборот-ресурс маркази, ётоқхона ва спорт зали қуриб фойдаланишга топширилди.

Биз болаларимизнинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши учун доимий эътибор қаратиб, қанча куч-қувватимиз ва имкониятларимизни шу йўлда сафарбар этаётганимиз, кириб келаётган 2014 йилга юртимизда “Соғлом бола йили” деб ном берганимиз замирида, ҳеч шубҳасиз, улуғ мақсадлар мужассам. Яъни, фарзандларимиз, дунёда қанча мамлакат, манаман деган давлатлар бўлса, уларда яшаётган тенгдошларидан асло кам бўлмасин, керак бўлса, уларга ибрат, намуна бўлсин, деган буюк орзу-ният ана шундай ишларимизга асос бўлмоқда, деб ўз фикрини давом эттирди Ислом Каримов. Ўзбек халқи боласини жондан азиз кўради. Энг муқаддас орзуси, мақсади ҳақида сўрасангиз, ҳар бир юртдошимиз болаларимни доимо соғ-омон, бахтли-саодатли кўриш, деб жавоб беради. Ана шу улуғ ниятни амалга ошириш учун ҳаммамиз ўзимизни аямасдан, сидқидилдан ишлашимиз керак.

Мамлакатимиз, жумладан, Сурхондарё вилоятида бу борада амалга оширилаётган улкан ишларимиз айни шу мақсадга қаратилган.

Бизда таълим ва тарбия тушунчалари доимо ёнма-ён юриши бежиз эмас. Таълим фақат таълим учун эмас, аввало тарбия учун, инсонни етук ва баркамол қилиб вояга етказиш учун хизмат қилиши керак. Шу боисдан ҳам мазкур тушунчалар биргаликда ишлатилмаса, амалий ишларимизда ўз ифодасини топмаса, уларнинг натижаси кўнгилдагидек бўлмайди.

Мана, бугунги кунда дунёнинг айрим минтақаларида маънавият соҳасида қандай муаммолар пайдо бўлаётганини кўряпмиз. Бу ниманинг оқибати? Бу аввало таълим ва тарбиянинг уйғун ҳолда олиб борилмагани оқибати, десак, хато бўлмайди.

Яқинда Конституция куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали йиғилишда баён этилган фикрларни яна бир бор айтмоқчиман – биз моддий нуқтаи назардан баъзи давлатлардан балки озгина орқададирмиз, лекин маънавий жиҳатдан ўзиб кетдик, деб айтишга бугун барча асосларимиз бор.

Мен ўзимнинг ҳар бир чиқишимда аёллар ҳақида алоҳида ҳурмат-эътибор билан гапираман, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Оила қачон бахтли бўлади? Қачонки, аёл бахтли бўлса.

Аёл бор экан – бу ҳаёт бор, турмушимизда файзу барака бор.

Шунинг учун айтмоқчиман – аёлларга ҳурмат-эътибор кўрсатиш, уларни эъзозлаш – аввало биз, эркакларнинг, бутун жамиятимизнинг эзгу вазифасидир.

Мана, ҳозирги кунда “Соғлом бола йили” давлат дастурини тайёрлаш бўйича иш олиб боряпмиз. Соғлом бола – аввало соғлом, аҳил ва ҳамжиҳат оиланинг мевасидир.

Ҳеч шубҳасиз, оила бахтли бўлмасдан туриб, эл-юрт бахтли бўлиши мумкин эмас. Мен бу гапларни нафақат Президент, айни пайтда оддий инсон сифатида чин дилдан айтяпман.

Биз юртимизда ҳар бир инсон, ҳар қайси оиланинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун ҳеч нарсани аямаймиз, бу йўлда маблағ ҳам, имконият ҳам топамиз. Давлат бой-бадавлат, қудратли бўлиши мумкин, лекин шу давлатни давлат қиладиган инсон бахтли бўлмаса, бу бойликдан, куч-қудратдан нима фойда?

Ҳозирги вақтда дунё миқёсида “бахт индекси”ни ўрганадиган баъзи илмий марказлар бор. Айни шу борада ўтказилган тадқиқотларга назар ташлайдиган бўлсак, ҳудудий жиҳатдан унча катта бўлмаган Бельгия, Люксембург, Швейцария, Сингапур каби ривожланган давлатлар инсоннинг тўлақонли ривожланиши, бахтли яшаши учун энг қулай, энг маъқул мамлакатлар сифатида тан олинаётганини кўрамиз. Бу рўйхатда дунёдаги баъзи қудратли давлатларнинг йўқлиги ҳам инсоннинг ҳар томонлама тўкис ва бахтли яшашида мамлакатнинг бойлиги ёки қудрати эмас, аввало инсон ҳаётига, унинг манфаатларини таъминлашга қандай эътибор берилаётгани ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

Шу маънода, Ўзбекистонимиз нафақат кучли-қудратли давлат бўлиши, айни вақтда юртимиз заминида яшаётган ҳар қайси инсоннинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши бизнинг амалга ошираётган барча-барча ҳаракатларимизнинг марказида турган энг буюк мақсадимиз, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан, деди Президентимиз.

Биз учун бебаҳо бойлик бўлмиш халқимиз саломатлигини сақлаш мақсадида вилоятда кейинги уч йилда тиббиёт муассасаларига 77 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиб, 27 та шифохонада қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.

Шу билан бирга, тиббиёт масканларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга 4,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция маблағлари киритилганини қайд этиш лозим.

Маълумки, мамлакатимизда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жойлар қуриш борасида биз эришаётган ютуқлар дунё ҳамжамиятида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Қишлоқ аҳли учун ҳар томонлама муносиб турмуш шароитини яратишни кўзда тутадиган мазкур дастур доирасида Сурхондарё вилоятида жорий йилда 810 та шинам уйлар ва инфратузилма объектлари бунёд этилди.

Ана шундай ишлар қаторида вилоятнинг шаҳар ва туманларида кўплаб маиший хизмат кўрсатиш объектлари, 340 километрга яқин ичимлик сув тармоғи, 320 километр электр тармоғи, 740 километрдан зиёд табиий газ тармоғи барпо этилгани Сурхон аҳлининг ҳаётини янада обод ва фаровон этишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Барчамизга мамнуният етказадиган бундай ибратли ишлар рўйхатини яна давом эттириш мумкин, албатта. Ана шундай ижобий ўзгаришларни эътироф этган ҳолда, бир фикрни алоҳида таъкидлашни истардим: агар биз ўз ишимизни тўғри ва оқилона ташкил этиб, ҳар биримиз ўз жойимизда бизга ишониб топширилган вазифани сидқидилдан адо этиб, қатъият ва ҳамжиҳатлик билан ишласак, ҳеч шубҳасиз, бундай ютуқларимизнинг сони ҳам, салмоғи ҳам янада ортган бўларди, деди Юртбошимиз.

Шунинг учун ҳам мажлисда вилоят иқтисодиётини ривожлантиришда йўл қўйилаётган камчиликлар, ечилмай келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоятда 2013 йил якуни билан 66 мингдан зиёд янги иш ўрни ташкил этилиши кутилмоқда. Лекин 47 минг нафар одам доимий иш жойига эга бўлмаган шахс сифатида рўйхатга олингани бу муаммо жойларда ҳали-бери долзарб бўлиб қолаётганини кўрсатади. Мисол учун, жорий йилда вилоятдаги касб-ҳунар коллежларини битириб чиққан 43 минг нафардан ортиқ йигит-қизнинг 32 минг 700 нафари ишга жойлаштирилгани албатта қониқарли эмас.

Бу масалага алоҳида урғу бериб, давлатимиз раҳбари шу йил Конституция кунига бағишланган йиғилишда айтган фикрларини яна бир бор эслатиб ўтди. Яъни, катта ҳаётга қадам қўяётган фарзандларимизни иш билан таъминлашдек муҳим вазифа замирида қанча-қанча ёшларимизнинг тақдири, уларнинг эртанги куни, орзу-интилишлари мужассам эканини таъкидлади.

Болаларимизга ўз билим ва қобилиятини рўёбга чиқариши, уларнинг ҳаётда муносиб ўрин топиши учун шароит яратиб бериш – давлат ва жамиятимизнинг, барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Бундай ўта муҳим масалага масъулиятсизлик билан қараш – ёш авлодимиз олдида, келажак олдида хиёнат қилиш демакдир. Буни ҳеч ким ҳеч қачон эсидан чиқармаслиги керак. Мен буни нафақат истайман, балки талаб қиламан, деб уқтирди Ислом Каримов ва ўз фикрини давом эттириб қуйидагиларни баён этди.

Мен тушунаман – болаларга ёқадиган, уларнинг кўнглига мос тушадиган замонавий иш топиб бериш осон эмас, лекин бу йўлда айни шу масала учун мутасадди бўлган раҳбарлар бош қотириб ишлайдиган бўлса, кўп нарсага эришиш мумкин.

Бугунги кунда коллежларни битириб чиқаётган йигит-қизларимиз ўз касбини пухта эгалласа, ҳеч қачон кам бўлмайди. Қўлида замонавий касб-ҳунари бўлган йигит, агар у ўзини эркак деб, мард деб, билса, ҳеч қачон бировга бош эгмайди.

Шу маънода, ёшларга иш топиб бериш – савобли иш. “Савоб ишни ҳар ким қилиши керак, савоб ишни ҳар кун қилиш керак” деган шиорда жуда катта маъно борлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Бир ёш йигит ёки қизга қачондир иш топиб берган бўлсангиз, сизнинг қилган яхшилигингизни улар ҳеч қачон унутмайди. Сиз ўтиб кетасиз, лекин қилган яхшилигингиз уларнинг қалбида, юрагида қолади.

Юртимиз обод бўлсин, деганда, аввало одамлар иш билан банд бўлсин, деган даъватни ҳам тушунамиз. Айни шундай ҳаётни бахтли ҳаёт деймиз. Биз ҳозирги пайтда шу йўлдан боряпмиз. Бизга 90-йилларда қандайдир менсимасдан қараганлар ҳам бугун амалга ошираётган ишларимиз, жумладан, ёшларимиз учун яратиб берилаётган имкониятларимизга, уларнинг амалий натижаларига тан бермоқда.

Президентимиз ўз нутқида Сурхондарё вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришнинг бугунги аҳволи, кўпгина соҳа ва тармоқлардаги оқсоқлик ҳолатларини таҳлил этар экан қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратди.

Вилоят бошқарувида тартиб-интизом сусайиб, ишни самарали ташкил қилиш эътибордан четда қолмоқда, юзага келаётган ўткир муаммо ва камчиликларни гўёки сезмагандек, кўрмагандек, беғам-бепарво бўлиб юриш ҳолатлари тобора кучайиб бормоқда. Ва бундай нохуш ҳолат барчамизни ташвишга солмаслиги мумкин эмас, деди Ислом Каримов.

Бугунги кунда одамларнинг замон билан мос равишда ўсиб бораётган талаб ва эҳтиёжларига, уларнинг интилиш ва ҳаракатларига бепарво қараш ҳақида гапирганда, мен илгари ҳам айтган бир фикрни такрорламоқчиман: раҳбарлар борки, улар ўзининг билим ва тажрибаси, инсоний фазилатлари, фидойилиги билан эл-юртнинг кучига – куч, ғайратига – ғайрат қўшади ва керак бўлса, инсонларга илҳом бағишлайди. Уларнинг руҳини кўтариб, қўллаб-қувватлаб, барча тўсиқ ва қийинчиликларни енгиб ўтадиган азим дарёдек қудратли оқимга айлантиради.

Шу билан бирга, раҳбарлар борки, уларнинг бепарволиги, ўз манфаатини, ҳузур-ҳаловатини кўзлаб, манманлик, бошқаларни менсимаслик, қўполликка берилиб, ахлоқий томондан, ўзининг юриш-туриши билан бошқаларга ўрнак бўлмаслиги, албатта, мутлақо тескари натижа ва оқибатларга олиб келиши муқаррар.

Бу ҳақда гапирганда, айниқса, вилоятнинг биринчи раҳбари Нормўмин Чориев томонидан ўзига бино қўйиш, ўзини тутолмаслик, қўл остидаги ходимларга қўпол муносабатда бўлиш, айш-ишратга берилиш, шунинг оқибатида эл-юрт олдида обрўсини йўқотиш, унга билдирилган ишонч ва ҳурматни бутунлай унутиш – буларнинг барчаси одамнинг ақлига сиғдириб бўлмайдиган ҳолатдир.

Такрор айтаман: буларнинг барчаси хавфли бир оқибатга, яъни, чин юракдан, чин қалбдан, виждонан меҳнат қилаётган одамларнинг қўли ишдан совишига, адолатга бўлган ишончни йўқотишга олиб келиши мумкин.

Бу балони ўз вақтида англаш, уни таг-томири билан йўқ қилиш – барчамизнинг вазифамиздир.

Н.Чориев, айниқса Сурхондарё вилояти ҳокими этиб тайинланганидан кейин, ўз лавозимини суиистеъмол қилишга, турли ички майлларга, хоҳиш-истакларга берилиб кетгани, фақат ўз ҳузурини ўйлагани, шунинг ҳисобидан вилоятнинг қанча-қанча муаммолари ечилмасдан қолиб кетгани бугун тобора аён бўлмоқда. Ва буларнинг барчаси Сурхон воҳасининг ривожига, керак бўлса, обрў-эътиборига қандай катта салбий таъсир ўтказганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Эл-юрт ишончини оқламаган раҳбарларга қарата афсус-надомат билан айтишга мажбурмиз: эй, сен ким эдингу ким бўлдинг? Сенга қанча ишонч, қанча ҳурмат билдирилди! Агарки ақлинг бўлса, ўйлаб кўр, одамларнинг ишончини оқламаслик, эл-юрт назаридан қолишдан ҳам кўра оғир қисмат борми ўзи?

Шундай экан, раҳбарликдек ўта оғир масъулиятни ўз зиммасига олган ҳар қайси одам ўзининг ҳар бир қадамини ўйлаб босиши, ҳар томонлама ўйлаб иш тутиши керак.

Албатта, барчамиз яхши тушунамиз, халқимиз ўртасида юзхотирчилик, одамнинг шаънига тегмаслик, уни аяб гапириш каби одатлар азалдан мавжуд. Бунинг номини андиша дейди. Лекин бугунги кунда раҳбар ёки унинг атрофидаги одамларнинг хато ва камчиликларини билатуриб айтмаслик, уларни яшириб юришни ҳам андиша деган сўз билан изоҳлашга уринишлар бўляпти. Бошқача айтганда, эскидан қолган иллатларни оқлайдиган ҳолатларга индамасдан қараб туриш ҳам андишага айланиб қоляпти. Биз андишани бундай тушунишлардан мутлақо халос бўлишимиз керак.

Н.Чориевнинг ён-атрофидаги одамларнинг унга бўлган муносабатини балки шундай тушуниш ҳам мумкин. Лекин эй барака топкур, гап фақат сенинг ўзинг ҳақингда эмас, балки эл-юрт манфаати ҳақида борганда ҳаддидан ошган раҳбарни, келинг, эй жаноб, бир гаплашиб олайлик, деб айтмаслик – бу ўзбекона андиша эмас. Бундай қарашларга бутунлай чек қўйиш шарт.

Ҳаммамиз бир ярим йил олдин бу одамга катта ишонч билдириб, уни Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасига сайлаган эдик, деб фикрини давом эттирди Юртбошимиз. Ўтган вақт давомида бу раҳбарнинг дунёқараши, маънавий савияси қандай экани яққол аён бўлди.

Биз раҳбарларга доҳий деб эмас, аввало эл-юрт манфаатини ҳамма нарсадан улуғ қўйиб, унга хизмат қиладиган инсон деб қараймиз.

Айтиш керакки, доҳийлик эски совет даврига хос иллат бўлиб, унинг қолдиқлари баъзи жойларда ҳозирги вақтда ҳам кўзга ташланиб туради.

Ўзини доҳий деб ҳис қилиш, доҳий сифатида кўрсатиш, шунга интилиш ва ишониш – бу ҳам бир касаллик. Агар бу касаллик бўйича тегишли мутахассис шифокорнинг фикрини сўрайдиган бўлсангиз, у бундай одамга аниқ ташхис қўйиб беради.

Бундай кишилар ҳақида гапирганда, буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг “Одам борки, одамларнинг нақшидур, Одам борки, ҳайвон ундан яхшидур” деган сатрлари беихтиёр эсга тушади, деди Юртбошимиз.

Президент сифатида менинг зиммамда бўлган вазифалар ҳақида кўп ўйлайман. Лекин улар орасида энг оғири, энг мураккаби нима, деб сўраса, одамларни лавозимга тавсия қилиш, деб айтган бўлардим.

Бу ҳаётда инсонни синовдан ўтказадиган нарса – аввало нафс балосидир. Биз бу ҳақда, ундан огоҳ бўлиш, ундан ўзимизни асраш ҳақида кўп гапирамиз. Лекин агар иймони суст бўлса, одам нафс йўлида ўзини тўхтатишга куч тополмайди.

Шу борада яна бир бало борки, у ҳам бўлса, раҳбарнинг ён-атрофида доимо парвона бўлиб юрадиган хушомадгўй лаганбардорлардир. Улар ўз ишини битиргунча “ака-ака” деб, “буюринг, хизматингиздамиз” деб, иродаси заиф бўлган раҳбарни бузади, йўлдан оздиради.

Янги лавозимга ўтирадиган одам бундай ишлардан доимо огоҳ бўлиб, уларга ҳеч қачон йўл қўймаслиги зарур, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Ҳаммамиз яхши тушунамиз – ҳар қандай вазифа – бу аванс, ўзбекона айтганда, насия, десак, тўғри бўлади. Раҳбар аввало ўзини синовларда, ҳаётни ўзгартиришда кўрсатиши, намоён этиши керак. Юқори лавозимга сайланган одам ўзи бошқараётган ҳудудда шу юртнинг отаси, эгаси сифатида иш олиб бориб, бутун масъулиятни ўз зиммасига олиши зарур. Фақат ана шундай жонкуяр, ўзини аямасдан меҳнат қилган раҳбарни эл-юрт ҳам қадрлайди, ҳурмат қилади.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Н.Чориев Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасидан озод қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Эшдавлат Жўраев Сурхондарё вилояти ҳокими этиб тасдиқланди.

Биз бугун Сурхондарё вилоятининг тараққиёт йўлида қўлга киритган ютуқлари ва марралари билан бир қаторда, айни шу босқичда мавжуд бўлган кўпгина камчилик ва оқсоқликка, тўсиқ ва ҳали-бери ечилмаган муаммоларга холисона танқидий баҳо бердик, тегишли хулосалар чиқардик, деди давлатимиз раҳбари.

Бир нарсага аминман: кўпни кўрган, бошидан қанча-қанча ҳаёт синовларини кечирган, мард ва ориятли, қийинчиликларда тобланган, ўз кучига ишонган, меҳнаткаш Сурхон халқи, унинг фаоллари ва депутатлари ўз олдида турган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда ҳеч қачон бўш келмаган ва бўш келмайди.

Бугунги кунда замон шундай шиддат билан ривожланиб боряптики, унинг ҳар қандай ўзгаришига тайёр туришимиз керак.

Айниқса, мана шундай мажлисларда юртимиздаги мусаффо осмон, тинч-осойишта ҳаётни қадрига етиш, бунинг асосий талаби бўлган фидойилик ҳақида гапиришимиз ўринли бўлади. Бу борада барчамизга, аввало бугун ҳаётимизда ҳал қилувчи кучга айланаётган ёшларимизга кўп нарса боғлиқ.

Шу йўлда кунни – кун, тунни – тун демасдан, астойдил меҳнат қилиб, ўз олдимизга қўйган юксак мақсадларимизга етиб боришда Яратганнинг ўзи доимо бизни асраб келаётгани учун шукроналар айтсак, арзийди.

Мана шу гўзал ва бетакрор юртда истиқомат қилаётган, эртанги кунимизга катта ишонч билан яшаётган сиз, азизларнинг барчангизга, сизларнинг тимсолингизда Сурхон элига сиҳат-саломатлик, бахт, янги-янги омадлар, барча-барча эзгу ниятларимизнинг ҳаётда ушалишини тилайман, деди пировардида Юртбошимиз.

ЎзА



DB query error.
Please try later.