19.12.2013

ИМКОНИЯТЛАРНИ ТЎЛИҚ ИШГА СОЛИБ

электорат манфаатларини қатъий ҳимоя қилишимиз зарур

Жиззах вилоятида ЎзХДПнинг 425 та бошланғич ташкилоти бор. Уларга 15300 нафардан ортиқ аъзо бирлашган. Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия­миз депутатлик гуруҳида 11, шаҳар ҳамда туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларида эса 124 нафар депутат фаолият юритмоқда.

Бу катта куч ва салоҳият, шунга яраша имконият, дегани, албатта. Вилоят партия кенгаши бундан қай даражада фойдаланаяпти? Бу ҳақида ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси Мўътабар Каримова билан суҳбатлашдик.

— Сиёсий партия фаолияти бир хилда кечмаслиги, доимий ўзгариб туриши, давр руҳига мос тарзда янгиланиб бориши зарур, — дейди у. — Шу жиҳатдан олиб қараганда, кейинги пайтда вилоят партия ташкилоти тизимида интизом сезиларли даражада мустаҳкамланди, ишга муносабат ижобий томонга юз тутди, дейишга асослар етарли. Бу биринчи галда ўтказаётган тадбирларимиз, уларнинг савияси, таъсирчанлиги, самарадорлигида ўз ифодасини топаяпти, деб ўйлайман. Хусусан, йил бошидан бери ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли орасида турли мавзуларда ўтказилган 780 дан зиёд тадбирларда 31 мингга яқин партиядошимиз фаол иштирок этди. Уларда партия ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, депутатлик гуруҳлари ташаббускорлигини ошириш, тадбирларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан бир қатор таклифлар билдирилди.

— Партиянинг кучи ва салоҳияти, аввало, аъзоларнинг сиёсий-ҳуқуқий билими, фаол фуқаролик позицияси шакл­ланиши билан бевосита боғлиқ. Бу жараёнда электорат вакиллари билан эркин мулоқот ва фикр алмашиш муҳитини яратиш, яъни ўтказилаётган тадбирлар таъсирчанлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда бошланғич ташкилотларда олиб борилаётган ишлар қандай самара бераяпти?

Тадбирлар партиядошларимиз, электорат вакиллари фаоллигини оширишга, у ёки бу масала бўйича фикр доирасини кенгайтиришга, дунё­қарашини бойитишга, бўлаётган воқеа-ҳодисаларга фаол фуқаролик муносабатини шакллантиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли. Шу ўринда тадбирларга тайёргарлик кўриш, ўтказиш билан боғлиқ ишларда фаолларимиз, етакчилар, депутатлар, мутахассислар, экспертлар иштироки муҳим аҳамиятга эга.

Ҳар қандай сиёсий кучнинг асоси бу бошланғич ташкилотлардир. Электоратни қизиқтираётган масалаларни жойида аниқлаш, мақбул таклифлар бериш дейсизми, партия сафларига қабул ёхуд маҳаллий Кенгаш депутатларининг ўз сайловчилари билан учрашувларини ташкил этиш бўладими, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувларми, барчасида бошланғич ташкилотлар, уларнинг етакчилари масъул.

Бу билан ҳамма ишларимиз жойида, дейишдан йироқман, албатта. Ҳали бу борада амалга оширишимиз лозим бўлган ишлар ва камчиликларимиз етарлича топилади. Биз уларни босқичма-бос­қич бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқаяпмиз.

— Ижтимоий масалалар самарали ҳал этилиши кўп жиҳатдан бу борада муқобил таклифлар кўпайиши, маҳаллий ижро ҳокимияти масъулияти ошишига боғлиқ. Демак, партиямиз бу масалаларда ташаббускор, ҳаракатчан бўлиши лозим. Шу ўринда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг бу борадаги фаолия­ти ҳақида қандай фикр­дасиз? Электорат ман­фаат­лари маҳаллий Кенгашларда қай тарзда ҳимоя қилинмоқда?

— Биз ўзимизни ижтимоий ҳимоя­га муҳтож аҳоли манфаати учун курашадиган сиёсий куч ҳисоблар эканмиз, давлат томонидан бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни янада такомиллаштириш, ижтимоий самарадорлигини ошириш бўйича муқобил таклифлар беришимиз зарур. Бу муҳим масалаларни маҳаллий Кенгашлар доимий комиссия­лари йиғилишлари, сессиялар муҳокамасига олиб чиқиш, таклифларимизни маҳаллий вакиллик ҳокимиятида ҳимоя қилиш, уларни ҳаётга татбиқ этилишига эришишдир.

Жорий йилда вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз ташаббуси билан 8 та масала халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида муҳокама қилинганини, натижада электорат манфаатларига хизмат қиладиган қарорлар қабул қилинишига эришилганини таъкидлашни истардим. Эндиликда улар ижросини таъминлаш бўйича ҳам талабчанлик ва қатъият кўрсатиш керак.

Йил бошидан бери маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимиз аъзолари томонидан маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг мансабдор шахслари ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан 91 та депутатлик сўрови юборилди.

Шу йил 20 ноябрь куни вилоят Кенгаши депутати Акром Иномов Жиззах туманидаги Зиёкор қиш­лоқ фуқаролар йиғини аҳолисидан тушган мурожаатни ўз назоратига олди. Унда табиий газ таъминотини янада яхшилаш талаби қўйилган эди. Депутат «Жиззахтумангаз таъминоти» филиалига расмий мурожаат қилди. Тез орада муаммо бартараф этилиб, аҳвол яхшиланди.

Шу ўринда партия Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни бажаришда ташаббус ва қатъият кўрсатаётган, Жамоатчилик қабулхоналари ишида фаол иштирок этаёт­ган, доимий комиссиялар, маҳаллий Кенгаш сессияларига масалалар тайёрлаш, янги иш ўринлари яратишни қўллаб-қувватлаш, сайловчилари билан мунтазам алоқада бўлиш, умуман, зиммасидаги масъулиятни ҳис қилаётган депутатларимиз сафи кенгайиб бораётганини таъкидламоқчиман.

Афсуски, айрим маҳаллий пар­тия ташкилотлар раҳбарлари, баъзи депутатларимиз томонидан одамларни безовта қилаётган ижтимоий масалаларни муҳокамага олиб чиқиш, уларнинг ечими бўйича чуқур ўйланган аниқ таклифлар ишлаб чиқишда суст­кашликка йўл қўйилмоқда.

Биз партия электорати манфаатларига жавоб берадиган қарорлар қабул қилинишига, уларнинг ижроси изчил таъминланишига эришмоғимиз керак. Қонунлар ижросига панжа орасидан қараётган, ижтимоий масалаларни ҳал этишни пайсалга солаётган айрим мансабдорлар фаолиятига ўз вақтида танқидий баҳо беришимиз зарур. Ўшандагина сиёсий партия сифатида зиммамиздаги масъулиятли вазифаларни бажарган бўламиз.

— Электорат мурожаатларини қабул қилиш, уларга ечим топиш бўйича ЎзХДПда ўзига хос тизим, яъни Жамоатчилик қабулхоналари ташкил этилган. Улар фуқаролар ҳамда электорат билан алоқани мустаҳкамлашнинг ишончли воситасидир.

Бизда айни пайтда 14 та Жа­моатчилик қабулхонаси фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилда уларга жами 442 та мурожаат бўлди. Шулардан 346 таси ижобий ҳал этилди, қолганлари юзасидан амалий ишлар давом этмоқда. Мисол учун, фуқаро Анора Эргашеванинг 26 сентябрда Мирзачўл туман партия кенгаши Жамоатчилик қабулхонасига ижтимоий нафақа масаласида қилган мурожаатини олайлик. Мазкур мурожаат туман Кенгаши депутатлари томонидан жойида ўрганиб чиқилди, мутасадди ташкилотлар эътиборига ҳавола этилди. Фуқарога қонуний тартибда ижтимоий нафақа бериладиган бўлди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шуниси аниқки, Жамоатчилик қабулхоналарига туша­ёт­ган мурожаатлар эътибордан четда қолмаслиги, уларга масъулият билан қараш лозим. Бу эса фуқароларда партияга бўлган ишончнинг ортишига хизмат қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, пар­тия­нинг жамиятдаги ўрни ва таъсири амалий ишлар билан ўлчанади. Шундай экан, зиммамиздаги бурч ва масъулиятни тўла ҳис этиб ишласак, сиёсий куч сифатида обрўимиз ошиб бораверади.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.