19.12.2013

КАСАНАЧИЛИК, УЙ МЕҲНАТИ

ривожланиши хотин-қизларни иш билан таъминлашнинг муҳим омили

ЎзХДП Касби туман кенгашида хотин-қизларни иш билан таъминлаш, касаначилик, ҳунармандчиликка жалб қилиш масалаларига бағишланган ҳудудий семинар-тренинг ўтказилди. Унда партия фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, «Фаол аёллар» қаноти туман, шаҳар бўлимлари ета­к­чилари, туман бандликка кўмаклашиш ва аҳо­лини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ходимлари қатнашди.

Касби тумани нафақат вилоят, балки мамлакатда ҳам пахта ва ғалла етиштиришда ўзига хос ўрин тутади. Чорвачилик ҳам ривожланиб бораяпти. Аммо Қарши шаҳри, Шаҳрисабз ёки Яккабоғ туманлари каби йирик саноат корхоналари кўп эмас. Шу туфайли янги иш ўринлари ташкил этиш, айниқса, аёллар бандлигини таъминлашда касаначилик ва уй ҳунармандчилигини ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда.

— Уч нафар фарзандим бор, — дейди Гулнора Ёдгорова. — Ўғлим шартнома асосида олий ўқув юртида ўқийди. Шукрки, рўзғорда камимиз йўқ. Бунинг ҳаммаси меҳнатдан. Алоҳида цех очиб, 8 нафар тикувчини ишга олдик. Буни кўриб, икки қизим ҳам ўзининг мустақил ишини очиш ҳаракатига тушди.

Хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласига туман партия кенгаши изчил эътибор қаратиб келмоқда. Туманда партиянинг 2140 нафар аъзоси бор. Халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳида 18 нафар депутат фаолият юритаяпти. Шу йилнинг ўтган даврида партия Ҳаракат дастурида белгиланган янги иш ўринлари ташкил этиш, ёшлар бандлиги, маиший хизмат кўрсатиш ва сервисни ривожлантиришга оид 3 та масала туман Кенгаши сессияси кун тартибига олиб чиқилди. Сессия қарори ижроси депутатлик гуруҳи назоратида. Шу кунгача ҳамкор ташкилотлар билан бирга 174 нафар хотин-қизни иш билан таъминлашга эришилди.

— Аҳоли бандлиги, иқтисодий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий маданиятини шакл­лантириш доимий ҳаракат талаб этадиган жараён, — дейди ЎзХДП Касби туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари ­Абдуали Холов. — Кам таъминланган оилаларга қонунларда белгиланган имтиёзлар ҳақида тушунча бераяпмиз. Хусусан, томорқадан самарали фойдаланиш, шу ор­қали оилалар даромад манбаини мустаҳкамлаш масалалари долзарб аҳа­мият касб этаётир. Бу борада депутатларимиз ижтимоий шерик ташкилотлар билан бирга бевосита аҳоли орасида мақсадли тадбирлар ўтказишни изчил йўлга қўйиши лозим.

— Туманимизда 170 минг­дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, — дейди ­Касби туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қи­лиш маркази директори Искандар Отауллаев. — Бу йил ҳудудимизда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури асосида 5462 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган эди. Шу вақтга қадар касб-ҳунар коллежларининг 1823 нафар битирувчиси ишга жойлаштирилди. Жорий йилда ҳунармандчилик билан шуғулланиб келаётган 80 нафар аёлга меҳнат дафтарчаси очилди. Яна бир йўналиш — касаначилик. Касаначилик фаолиятини йўлга қўйган корхона-ташкилотларга Президентимизнинг тегишли фармони асосида қатор имтиёзлар берилган. Умуман, ЎзХДП билан ташкил қилинаётган аҳоли банд­лигини таъминлаш йўналишидаги тадбирларда бундай имтиёз ва имкониятлар ҳақида кенг тушунтириш яхши самара бермоқда.

— Бандлик масаласининг турли йўналишларини халқ депутатлари туман Кенгаши доимий комиссияларида муҳокама этиб бориш ижобий натижа беради, — дейди ЎзХДП Қарши туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Замира Азизова. — Биз шундай тажрибадан фойдаландик. Энди мазкур масалани депутатлик гуруҳимиз ташаббуси билан сессияда кўриб чиқамиз. Бу йил бандлик марказига иш сўраб мурожаат қилган 1048 нафар хотин-қиздан ҳозиргача 953 нафари иш билан таъминланган. Хотин-қизлар бандлигида уларнинг ўзини ўзи ишли қилиш имкониятларидан кенг фойдаланмоқдамиз. Шу сабабли депутатларимиз бу борада электорат вакилларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатаяпти. Масалан, бу йил депутатларимиз қўл­лаб-қувватлаши натижасида 50 нафар қиз тижорат банкларидан имтиёзли микрокредитлар олиб, ўз тикув машиналарига эга бўлди.

Умуман, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, манфаатларини ҳимоя қи­лиш борасида Касби туманида ибратли ишлар оз эмас. ЎзХДП вилоят кенгаши хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири Матлуба Эшмирзаева бу ҳақда кўп­лаб мисоллар келтирди.

Тадбир доирасида бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Унда тумандаги корхона ва ташкилотлар 230 дан ортиқ иш ўрни билан қатнашди. Муҳими, ўнлаб хотин-қизлар ишга жойлашиш бўйича тўғридан-тўғри йўлланмага эга бўлди.

Юнус УЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.