17.12.2013

КОММУНАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СИФАТИНИ ОШИРИШ

аҳоли турмуш шароити янада яхшиланишини таъминлайди

ЎзХДП Сайловолди дастурида аҳолига коммунал хизматлар кўр­сатиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан доимий мониторинг олиб бориш, замонавий йўл ва ­коммуникация тармоқлари барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шундан келиб чиқиб, партиянинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида қатор вазифалар белгиланган.

ЎзХДП Қашқадарё вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари қошидаги Жамоатчилик қабулхоналарига жорий йилнинг ўтган даврида тушган мурожаатларнинг аксарияти айнан коммунал соҳага оиддир. Партия фаоллари ва депутатлар аҳоли мурожаатлари орқали жойлардаги муаммолардан хабардор бў­либ, уларни бартараф этишга доир таклифларни доимий комиссия йиғилишлари ва сессиялар муҳокамасига олиб чиқишмоқда. Бу бевосита партия Сайловолди дас­тури ижросига хизмат қилаяпти.

Мурод МУҚИМОВ, халқ депутатлари Касби туман Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси:

— Партиямиз Дастурида қишлоқ аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шу боис депутатлик гуруҳимиз туман­да бу борада амалга ошири­лаётган ишларни атрофлича ўрганиб чиқди. Аҳолини то­за ичимлик суви билан таъминлаш ишларини янада яхшилашга қаратилган қонунлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси бў­йича депутатлик назорати кучайтирилди. Камчиликларга тегиш­ли ташкилотлар эъти­борини қаратаяпмиз.

Жорий йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган туман Кенгаши сессиясида ҳудудий дастурлар ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, мавжуд муаммолар чуқур таҳлил этилиб, тегишли қарор қабул қилинди. Унда туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишларини янада яхшилаш, камчиликларни бартараф этишга қаратилган аниқ чоралар белгиланди.

Тоза ичимлик суви соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис партиямиз депутатлик гуруҳи ичимлик су­ви объектларида қурилиш-монтаж ишлари ўз вақтида сифатли бажарилишини таъминлаш, тизимга ажратилган маблағларнинг тўғри ва мақсадли сарфланиши устидан доимий назорат ўрнатиши талаб этилади.

Абдуали ХОЛОВ, ЎзХДП Касби туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

Туманимизнинг чекка қишлоқларида истиқомат қи­лувчи аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаяпти, бу борада қа­тор лойиҳалар амалга оширилаяпти. Партиямиз депутатлик гуруҳи ташаббуси би­лан олиб борилган назорат-таҳлил ишларидан маълум бўлишича, туманда жами 300 километрдан ор­тиқ масофага сув қувурлари тортилган. Бу эса аҳолини тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминлаш имконини бермайди.

Бугунги кунда туман бўйича 1500 та сув олиш нуқталари мавжуд. Уларнинг айримлари давлат стандартларига мослаштирилиши лозим. Сув қувурларига тегишли рухсатномага эга бўлмасдан уланиш ҳоллари учрамоқда. Бу каби камчиликларнинг бартараф этилиши тар­ғибот-тушунтириш ишларини кучайтиришга ҳам боғлиқ. Шунинг учун маҳаллаларда, аҳоли орасида масъул ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда мақсадли тадбирлар ўтказишимиз лозим.

Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашининг шу йил май ойида бўлиб ўтган сессиясида ЎзХДП депутатлик гуруҳи ташаббуси билан ич­ки йўллар аҳволи, уларни таъ­мирлаш борасида амалга ошириладиган ишлар тўғрисидаги масала муҳокама қи­линди, хато ва камчиликлар чуқур таҳлил этилди.

Рашид МУРТАЗОЕВ, ЎзХДП Қарши шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раиси:

— ЎзХДП Сайловолди дас­турида уй-жой хўжалиги, замонавий йўл ва коммуникация тармоқлари барпо этиш­га алоҳида эътибор берилганини инобатга олсак, масаланинг партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари учун нақадар муҳим экани ойдинлашади. Шундан келиб чиқиб, бу борада назорат-таҳлил ишлари олиб бораяпмиз.

Маълум бўлишича, шаҳарда ички йўллар 546 кило­метр­ни ташкил этади. Қарши шаҳар Ободонлаштириш ­бошқармасига жорий йил бюджет маблағлари ҳисо­бидан ички йўлларни таъмирлаш учун 301,165 миллион сўм ажратилган бўлиб, 20 та кўчанинг 9,8 километрида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Йилнинг биринчи ярмида қўшимча маблағлар ҳисобидан шаҳардаги «Мустақиллик» ва «Ўзбекистон» шоҳ кў­чалари ҳамда «Насаф» кўчаси таъмирланди.

Тўғри, ҳудудимиздаги йўл­ларни таъмирлаш, янги йўл­лар қуриш бўйича қатор ло­йиҳалар амалга оширилмоқда. Аммо камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, сессияда ички йўлларни сақлаш ва таъмирлаш ишлари қониқарсиз аҳволда экани, бу борада аниқ режа ишлаб чиқилмагани айтиб ўтилган эди. Ҳозирда депутатлик гуруҳимиз сессия қарори асосида ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ ишлар бажарилиши бўйича депутатлик назоратини кучайтирган.

Маълумки, бугун бутун дунё­да маиший ва саноат чиқиндилари йилдан йилга кўпа­йиб бораяпти. Бу бевосита экологик барқарорликка ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Мазкур йўналишдаги муаммоларни олдини олиш мақсадида мам­лакатимизда «Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонун қабул қи­­линган. Қарши шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи мазкур қонун ижросини ўрганиб, унинг натижа­ларини сессия муҳокамасига тақдим этди.

Илҳом ОМОНОВ, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси:

— Таҳлилларга кўра, шаҳар чиқиндихоналарига бир кунда қарийб 180 тонна чиқинди ташланади. Чиқиндиларни вақтинча сақлаш учун 2011-2012 йилларда 27 та махсус жой қурилган. Жорий йилнинг бошида шаҳар Ободонлаштириш бошқармасига қўшимча маблағ ажратилиб, лизинг асосида 20 та трактор сотиб олинди.

Аммо чиқиндиларни зарарсизлантириш, атроф-муҳитга салбий таъсирини олдини олиш, шунингдек, чиқиндиларни утилизация қи­лиш, зарарсизлантириш масаласида ечимини кутаётган муаммолар бор.

Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, чиқиндилар махсус дори воситалари орқали зарарсизлантирилгандан кейин 25 сантиметр қалинликда тупроқ билан кўмилиши зарур. Лекин бу ишлар кўнгилдагидек ташкил этилмаяпти. Бунинг сабабларини ўрганганимизда, махсус техникаларнинг етишмаслиги маълум бўлди. Умуман олганда, ҳудудларда чиқиндиларни йиғиш, ташиш, ажратиш ҳамда қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этишга катта эҳтиёж сезилмоқда.

Сессияда тизимдаги хато ва камчиликлар атрофлича таҳлил этилиб, депутатлик гуруҳимиз аъзолари уларни бартараф этишга доир таклифлар беришди.

Депутатларнинг қайд этишича, «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонун ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини изчил олиб бориш зарур. Фуқароларда қонун ижросига ҳурмат ва масъулият туйғусини ошириш учун тарғибот ишларини тизимли йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади.

Демак, ҳудудларда аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини ошириш, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини қарор топтириш бўйича қи­линадиган ишлар оз эмас. Назаримизда, маҳаллий дав­лат ҳокимияти ва жамоат таш­килотлари ҳамжиҳатлигини йўлга қўйиш орқали бу бора­даги муаммоларни бартараф этиш мумкин. Маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП депутатлик гуруҳлари аъзолари партия Сайловолди дас­тури билан узвий боғлиқ бу масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, янада фаол иш олиб бориши талаб этилади. Бу аҳолига қулай шароит яра­тишга, истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.