14.12.2013

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

2013 йил 12 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси очилди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳозир бўлдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ялпи мажлисининг биринчи кунида сенаторлар тўққизта масалани кўриб чиқдилар. Уларнинг бештаси ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқаролар, шу жумладан болалар ва ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш, шунингдек, катта ижтимоий аҳамиятга эга бошқа масалаларни ҳал этишга қаратилган қонунлардир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар муҳокамаси чоғида сенаторлар қабул қилинган қонунлар давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида баён этилган, жумладан, 2014 йилнинг Соғлом бола йили деб эълон қилиниши муносабати билан белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

Сенаторлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан парламент юқори палатасига киритилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги масалани кўриб чиқишдан бошладилар. Ушбу масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Масалани кўриб чиқиш вақтида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги ҳужжатнинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқлари ва унинг манфаатлари олий қадрият бўлган, олиб борилаётган демократик, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ташкил этган давлатимиз инсонпарварлигининг яна бир ёрқин кўриниши эканлигини қайд этдилар.

Олий Мажлис Сенатининг Қарорида судланган аёлларни, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахсларни, 60 ёшдан ошган эркакларни, чет давлатларнинг фуқароларини, шунингдек, бир қатор бошқа тоифаларни жазодан озод қилиш (назарда тутилган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда) назарда тутилган. Бундан ташқари, Қарорда шунингдек, амнистия тўғрисидаги қарорнинг амал қилиши татбиқ этилмайдиган шахслар тоифалари белгиланган.

Сенат ўзининг Қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарорини қўлланиш тартибини белгилаган бўлиб, унда амнистия бўйича жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод қилинадиган шахсларга доир ишлар ва материалларни суд томонидан кўриб чиқиш тартиб-таомили белгиланган. Шу билан бирга сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг минтақавий вакиллари амнистия тўғрисидаги қарорнинг қўлланилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда, шунингдек, уни ижро этиш тартиб-таомилларининг очиқ-ошкоралигини таъминлашда фаол иштирок этиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, жазодан озод қилинаётган шахсларнинг ижтимоий мослашуви ва ҳимоясига қаратилган комплекс чора-тадбирларни рўёбга чиқариш, улар тўлиқ ҳисобга олиниши ва ишга жойлаштирилишини таъминлаш, ёлғиз, ёрдамга муҳтож шахсларни ногиронлар ва қариялар уйларига жойлаштириш, вояга етмаганларни ота-оналар, ҳомийлик ва васийлик органлари назоратига топшириш, зарур ҳолларда уларни тегишли таълим муассасаларига юбориш ҳам назарда тутилмоқда.

Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджетини кўриб чиқдилар ва тасдиқладилар. Давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети макроиқтисодий барқарорликни ҳамда мамлакат ЯИМнинг юқори суръатлар билан ўсишини таъминлашга, диверсификация қилинган ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантиришга, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини янада оширишга қаратилганлиги стратегик аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди. 2014 йил Давлат бюджети Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан мамлакат Ҳукуматининг жорий йил 18 январдаги мажлисида белгилаб берилган мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг асосий устувор вазифаларини рўёбга чиқаришни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Сенаторларнинг фикрича, хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли учун солиқ юкини янада камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини кўпайтириш ва уни мустаҳкамлаш, солиқ солиш объектларини камайтириб кўрсатиш ва яшириш фактларининг олдини олишга қаратилган солиқ маъмуриятчилиги чораларини кучайтириш солиқ сиёсати соҳасидаги асосий устувор йўналишлар бўлиб қолмоқда.

Солиқ юкини янада қисқартириш бўйича энг муҳим чора-тадбирлар сифатида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг базавий ставкасини 9 фоиздан 8 фоизга тушириш назарда тутилмоқда. Натижада юридик шахслар ихтиёрида қўшимча 130 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ қолади. Бундан ташқари, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича даромад солиғи солиш шкаласининг энг кам ставкасини 8 фоиздан 7,5 фоизгача пасайтириб, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисобидан бир фоиз миқдоридаги маблағларни фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиш тартибини сақлаб қолиш назарда тутилмоқда.

Муҳокама асносида сенаторлар алоҳида таъкидлаганларидек, мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжати ижтимоий соҳага ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қилинадиган харажатларни кўпайтириш, таълим, соғлиқни сақлаш, фан, маданият ва спортни молиялаштиришни, шу жумладан олий ўқув юртларининг ўқув-лаборатория биноларини, спорт залларини ва талабалар ётоқхоналарини қуришни, реконструкция қилишни, мукаммал таъмирлашни ва жиҳозлашни молиялашни кўпайтиришга йўналтирилган. Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектларини қуришга, шу жумладан қишлоқ жойларда барпо этилаётган янги турар-жой массивлари учун автомобиль йўллари, сув таъминоти объектларини ва бошқа ижтимоий объектлар қуришга зарур маблағлар йўналтирилади.

Сенаторларнинг чиқишларида солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, 2014 йилги Давлат бюджетининг параметрлари умуман мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига, жамият ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг стратегик дастурига мос эканлиги алоҳида таъкидланди. Иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатларини сақлаб қолишга, саноат тармоқларини, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва модернизациялаш бўйича фаол инвестиция сиёсатини давом эттиришга, шунингдек, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилган. Муҳокама якунлари бўйича сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджетини тасдиқладилар ва тегишли қарор қабул қилдилар.

Сенаторлар 2014 йилга мўлжалланган солиқ сиёсати концепциясига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларини ижро этиш юзасидан, шунингдек, бир қатор қонун ҳужжатларининг нормаларини бир хил қўлланиш учун уларни аниқлаштириш мақсадида тайёрланган “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.

Сенаторлар қайд этганларидек, Қонун хўжалик юритувчи субъектлар ва бутун иқтисодиёт зиммасига тушадиган солиқ юкини янада камайтиришга, солиқ солиш тизимини соддалаштиришга, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисмини мустаҳкамлашга ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштиришга қаратилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар ҳудудларнинг ва иқтисодиёт тармоқларининг имкониятларини ишга солиш, меҳнат ресурсларидан демографик омилларни ҳамда иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда оқилона фойдаланиш, бандликнинг самарали шаклларини ривожлантиришга бутун чоралар билан кўмаклашиш, фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусини рағбатлантириш йўли билан аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича комплекс ва ўзаро боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини ҳам кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.

Дастур Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини, меҳнат бозорининг ҳозирги ва келгусидаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига, аҳоли бандлиги, тегишли мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш соҳасидаги давлат сиёсатининг принципларига ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилганлиги қайд этилди.

Дастурда янги йирик саноат объектларини ишга тушириш, ишлаб турган корхоналарни реконструкция қилиш ва кенгайтириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, қишлоқ жойларда хусусий уй-жойлар қуришни ҳамда қурилишда пудрат ишларини ривожлантириш дастурларини рўёбга чиқариш, фермер хўжаликларини янада ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини модернизациялаш, аҳолини инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга ҳамда ободонлаштириш ишларига жалб этиш, ташкил этилаётган иш ўринларининг сақланиб қолишини ва барқарор ишлашини таъминлаш, хотин-қизларни, ногиронларни ва бошқа аҳоли тоифаларини, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтожларни ишга жойлаштириш, кичик бизнес, хусусий ва оилавий тадбиркорликнинг, ҳунармандчилик, хизматлар ва сервис соҳасининг ривожланишини янада рағбатлантириш, касаначиликни кучайтириб бориш ва бошқалар ҳисобига 2014 йилда 983,6 мингта иш ўрни ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Дастурни рўёбга чиқариш доирасида таълим муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор берилади. 2014 йилда Дастур параметрларига мувофиқ ташкил этиладиган янги иш ўринларига, шунингдек, мавжуд бўлган ва захира қилинган иш ўринларига касб-ҳунар коллежларининг қарийб 500 минг нафар битирувчисини ишга жойлаштириш мўлжалланган.

Шундан сўнг сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиб, маъқулладилар. Мажлисда қайд этилганидек, Бюджет кодекси тўғридан-тўғри амал қиладиган қонун ҳужжати эканлиги, у қонунчилик базасининг ва уни ҳуқуқий қўллаш тизимининг ягоналигини таъминлаши кўрсатиб ўтилди.

Бюджет кодекси бутун бюджет жараёнини (Давлат бюджетини шакллантириш, тасдиқлаш, ижро этишни ҳамда назоратни таъминлашни) ягона ва яхлит қонун ҳужжатида тизимлаштиришни, Давлат бюджетини ҳам, бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларни ҳам тартибга солишнинг ягона принципларини қўлланишни, бюджет жараёни барча қатнашчиларининг ваколатларини ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлиги механизмларини белгилашни, шунингдек, бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириб, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар манбаларини мустаҳкамлаб қўйишни, барча даражалардаги бюджетлар ўртасида ваколатларни тақсимлашни ва уларнинг ўзаро ҳамкорлигини назарда тутади.

Кодексда амалга ошириш манбалари ва механизми тўғридан-тўғри Давлат бюджети билан боғлиқ бўлган бир қатор қўшимча фаолият йўналишлари ва соҳалари, шу жумладан грантлар ва техник ҳамкорлик маблағларини жалб этиш, улардан фойдаланишни мониторинг ва назорат қилиш тартиби, давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш ва давлат харидларини амалга ошириш тартиби, молиявий назоратни, шунингдек, давлат молияси тизимида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини таъминлаш механизми белгиланмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, Бюджет кодексининг қабул қилиниши амалдаги Солиқ кодекси билан биргаликда давлат молиясининг ягона бирхиллаштирилган, халқаро стандартларга мос бўлган қонунчилик базасини шакллантиришга, бюджет соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тизимлаштиришга, шунингдек, бюджет жараёнининг ҳамма босқич ва даражаларида ягона ҳуқуқий нормалар ва ёндашувлар қўлланилишини, мамлакат бюджет тизимининг очиқ-ошкоралигини ва барқарорлигини таъминлашга имкон беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар. Ушбу Қонун амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, уларнинг айрим нормаларини Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига мослаштириш мақсадида ишлаб чиқилганлиги кўрсатиб ўтилди.

Қонун билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида”ги, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда, шунингдек, айрим қонун ҳужжатлари, шу жумладан “Бюджет тизими тўғрисида”ги, “Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида”ги қонунлар ўз кучини йўқотган деб топилмоқда.

Сўнгра сенаторлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган бир гуруҳ депутатлари томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида ишлаб чиқилган “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.

Қайд этилганидек, муҳокама қилишда кенг жамоатчилик иштирок этган ушбу Қонунда экологик назоратнинг бошқа субъектлари ва иштирокчилари билан бир қаторда фуқаролик жамияти институтларига (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТ) атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, атроф-муҳитнинг ҳолатини кузатиш ва бошқа масалаларда иштирок этиш борасида ваколатлар берилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши экологик назоратнинг самарадорлигини оширишга, давлат муассасалари, фуқаролик институтларининг бу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштиришга, шунингдек, таъсирчан экологик назоратни амалга оширишда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг муҳим давлат дастурларини бажаришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ННТ ролини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Сенаторлар “Мустаҳкам оила йили” Давлат дастурини ижро этиш юзасидан ишлаб чиқилган “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар.

Мажлисда қайд этилганидек, ўтган даврда мамлакатимизда васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг, шу жумладан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали, кўп босқичли тизими яратилди, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича таъсирчан чоралар амалга оширилмоқда. Ижтимоий жиҳатдан хавфли ҳолатга тушиб қолган болаларни аниқлаш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, судларда ва бошқа муассасаларда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш ишлари йўлга қўйилди. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг манфаатларини муҳофаза қилиш соҳасида яхлит норматив-ҳуқуқий база яратилди ва у ривожланиб бормоқда.

Сенаторларнинг фикрича, бу соҳада амал қилиб турган қонун ҳужжатларининг қоидаларини бирлаштирадиган ягона, махсус қонуннинг қабул қилиниши васийлик ва ҳомийликка муҳтож шахсларнинг, энг аввало етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришга, васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга ёрдам беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн учинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни тугади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Матбуот хизмати



DB query error.
Please try later.