14.12.2013

ЭЗГУ МАҚСАД ВА ҒОЯЛАР

зиммамизга катта масъулият юклайди

ЎзХДП Марказий Кенгаши партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси билан ҳамкорликда «Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ЎзХДП ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг устувор вазифалари» мавзусида семинар ўтказди.

Унда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қо­нунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республика, Тошкент шаҳар ва вилоятлар партия кенгашлари раислари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, жамоатчи экспертлар, олимлар иштирок этди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Конс­титуциямиз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш масалалари муҳокама этилиб, ундан келиб чиқадиган устувор вазифалар тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди. «Соғлом бола йили»да партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари фаолиятини кучайтириш юзасидан таклифлар ўр­тага ташланди.

Ҳотамжон КЕТМОНОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси:

— Ҳаммамизга маълумки, Президентимиз томонидан илгари сурилган тараққиётнинг беш тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси тўкин ва фаровон, осойишта ҳаётимизда ўз аксини топаяпти. Энг муҳими, мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, суд ҳокимияти мустақиллиги, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, сайлов тизимини такомиллаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича бир қанча ютуқларга эришилди.

Мамлакатимизда ҳар бир йилга ном берилиши ва махсус Давлат дастурининг қабул қилиниши аниқ мақсадга йўналтирилган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда муайян соҳани модернизация қилишга асос бўлмоқда.

2014 йил мамлакатимизда «Соғлом бола йили» деб эълон қилиниши мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб бу соҳада қилинаётган кенг кўламли ишларни изчил давом эттириш ҳамда янада юксак босқичга кўтаришга, ҳар томонлама соғ­лом авлодни вояга етказишга мустаҳкам замин яратади.

Президентимиз маърузасида билдирилган эзгу мақсад ва илгари сурилган ғоялар, вазифалар фаолиятимизни яна бир бор танқидий-таҳлилий ўрганиб чиқиб, партиямизнинг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, мамлакат ҳаётидаги турли ижтимоий-сиёсий масалалар юзасидан унинг аниқ позициясини шакллантириш борасидаги ишларимизни янада такомиллаштиришимиз лозимлигини талаб этади.

ЎзХДПнинг ҳар бир депутатлик гуруҳи жойларда қонунлар ва бош­қа давлат қарорлари бажарилишини депутатлик назорати тартибида ўрганиши, улар асосида турли ижтимоий масалаларни сессия ёки доимий комиссия­лар муҳокамасига киритиш борасида ташаббус кўрсатиши, маҳаллий Кенгашда тегишли давлат органлари мансабдор шахсларининг ижтимоий масалалар бўйича ҳисоботлари эшитувини изчил ташкил этиши лозим.

Келгуси йилнинг январь ойидан кечикмаган ҳолда Қорақалпоғистон республика, вилоятлар, Тошкент шаҳар, барча туман ва шаҳар партия кенгашлари ижроия қўмиталарининг маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз депутатлик гуруҳлари иштирокида ўтказиладиган кенгайтирилган қўшма йиғилишларида депутатлик бирлашмалари ташаббускорлигини ривожлантириш бўйича амалий ҳаракат режаларини қабул қилиши зарур. Режаларимизда «Соғлом бола йили»да амалга ошириладиган асосий устувор йўналишлар кенг қамраб олиниши керак.

Партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари «Соғлом бола йили» мазмун-моҳиятини тарғиб этиш ишларини ҳар бир маҳалла, мавзеда тизимли асосда ташкил этиши керак. Бунда партиямиз ўз электорати манфаатларига оид иқтисодий, ижтимоий, сиёсий масалалар бўйича позициясини тушунтириш ишлари ҳам биргаликда олиб борилиши муҳим аҳамиятга эга.

Улуғбек ВАФОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари:

— Конституциямиз қабул қилинганининг 21 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишда Юртбошимиз амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилар экан, аввало, эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб, хотиржамлик кайфиятига берилмаслигимиз, реал воқеликдан узилиб қолмаслигимиз зарурлигини таъкидлади. Ҳақи­қатан ҳам қилган ишларимиз, эришган ютуқларимиз салмоғи катта. Лекин олдимизда турган вазифалар ҳам ҳали жуда кўп.

Маърузада Олий Мажлиснинг ролини янада кенгайтириш, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ижро органлари фаолияти устидан назоратини кучайтириш, ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишда, энг муҳим стратегик масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда ҳуқуқ ва ваколатларини ошириш учун Конституциямизга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Бугунги кунда қонунлар ва бош­қа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни кўриб чиқиш, қабул қи­лишнинг барча босқичларида депутатлар ҳамда сиёсий пар­тия­ларнинг фракцияларига жуда катта имкониятлар берилган. Қонунчилик палатасида фрак­ция­ларнинг фикр ва таклифларини ҳисобга олмасдан туриб биронта ҳужжат қабул қилинмайди. Фракциямиз ушбу имконият­лардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Барча Қонун ҳужжатлари бўйича электоратимиз манфаатлари билан боғлиқ таклифлар киритиб келаяпмиз.

Шу ўринда айтиш керакки, энг муҳим ишларимиздан бири — бу аҳоли, партия электорати ўртасида қонунлар лойиҳаларини муҳокама қилиш амалиётини янада такомиллаштиришдир. Бу қабул қилинаётган қонунларимиз халқчил бўлиши, партия электорати манфаатлари чуқур ифодаланишига хизмат қилади.

Фракциямиз қонун лойиҳаларини электорат орасида муҳокама қилишда албатта партия ташкилотларига таянади. Биз парламент қуйи палатасидаги бошқа сиёсий партияларнинг фракцияларидан фарқли равишда, ҳар йили битта ёки иккита масалани Парламент эшитувига киритмоқдамиз. Бунга қандай эришаяпмиз? Албатта, бу жараёнда депутатларимизнинг салоҳияти ва ҳаракати муҳим аҳамиятга эга. Лекин асосийси олиб кирилаётган масалалар авваламбор партиямизнинг қуйи бўғинида, халқ депутатлари туман, шаҳар, вилоят Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларида, уларнинг ташаббуси билан доимий комиссиялар мажлислари, сессияларда муҳокама қилинмоқда. Шундан сўнг биз ушбу масалани Парламентга олиб чиқмоқдамиз. Яъни, жойларда партиямиз фаолларининг саъй-ҳаракати билан қилинган ишлар фракциямиз ташаббуслари учун муҳим асос бўлаяпти.

Биз Парламент эшитувида нафақат муаммоларни кўтараяпмиз, балки уларнинг ечими бўйича ҳукуматга таклифимизни киритаяпмиз. Демак, мана шу амалиётни янада фаоллаштиришимиз керак бўлади.

Гулчеҳра МАТКАРИМОВА, Республика Маънавият тарғибот маркази эксперти, юридик фанлар доктори:

— Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. 2014 йил «Соғлом бола йили» деб эълон қилиниши замирида ҳам ана шу эзгу мақсад мужассам.

Келгуси йил олдимизда турган вазифалар кўлами ҳар биримиздан ишга янада катта масъулият билан ёндашишни, соғлом авлод тарбияси йўлида бор куч-ғайратимизни ишга солиб меҳнат қилишимизни талаб этади. Бу жараёнда сиёсий партиялар ва депутатлик гуруҳлари фаолияти кучайиши муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, фуқароларнинг сиё­сий-ҳуқуқий билимлари, ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ҳамда тиббий маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор бериш керак бўлади. Шунингдек, олис туман ва қишлоқларда ҳам демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, турмуш фаровонлигини ошириш борасида қилинаётган ишлар бўйича давра суҳбатлари ўтказиб, ҳаётий мисоллар асосида жонли мулоқот, муайян масалаларни очиқ муҳокама этишни кўпроқ уюштириш керак. Бундай тадбирлар давлат бошқарувини янада демократлаштириш жараёнида фуқаролар иштирокини фаоллаштиришга хизмат қилади.

Олим РАВШАНОВ, ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Халқимизнинг турмуш шароитларини яхшилаш ҳамда ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол авлодни улғайтириш эзгу интилишларимиз асосини ташкил этади. Конституциямиз қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз келгуси йилда давлат ва жамият олдида турган асосий вазифаларга алоҳида тўхталиб, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича стратегик вазифаларни ҳал этишда сиёсий пар­тиялар иштирокини кенгайтириш демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишнинг энг муҳим омилига айланмоғи лозимлигини таъкидлади. Демак, 2014 йилда олдимизда турган вазифалар кўлами кенг. Бу жараёнда асосий эътибор партиямизнинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури ижросига қаратилмоғи керак.

Ўтган йиллар давомида Ҳаракат дастури асосида маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимиз томонидан электорат манфаатларига қаратилган 50 га яқин масала сессия ва доимий комиссиялар йиғилишларида муҳокама этилди. Аҳамиятлиси, бу орқали маҳаллий ижро ҳокимияти томонидан амалга оширилган ишлар, ҳудудлар тараққиётига хизмат қилувчи дастурлар ижросини тегишли тартибда таҳлил қилишга эришиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Энг муҳими, ҳар бир амалий ишимиз электоратнинг ҳаёт сифати янада юксалишига хизмат қилади.

Айни кунда 2014 йилда фаолиятимизни талаб даражасида ташкил этиш бўйича партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари ўз таклифларини билдирмоқда. Шу асосда ижтимоий аҳа­миятга эга, аниқ натижаларга қаратилган мақсадли тадбирларни мазмунан бойитиш, хусусан, маҳаллий ресурслар эвазига амалга оширилаётган қўшимча инвестицион лойиҳаларни шакллантириш, ёш оилаларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ҳамда оналар ва болалар саломатлигини асрашга қаратилган ишларни кучайтириш, бу борада депутатлик ва жамоатчилик назоратини такомиллаштиришни режалаштираяпмиз.

Дилором АБДУРАҲИМОВА, ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши раиси:

— Мамлакатимизда сиёсий партиялар ролини кучайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши фуқаролик жамиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаяпти. Бугунги кунда Наманган вилоятида ЎзХДПнинг 33 минг 900 нафардан зиёд аъзоси бор. Улар 746 бош­лан­ғич ташкилотга бирлашган. Аъзолар билан самарали ишлаш, бошланғич ташкилотлар фаолиятини кучайтириш масалалари доимий эътиборимизда.

Президентимиз маърузасини диққат билан ўқиб чиққач, зиммамизда жуда катта вазифалар турганини англадим. Биз эришган муайян ютуқларимиздан хотиржамликка берилмай, ўз фаолиятимизга танқидий ёндашишимиз талаб этилади. Партиямизнинг ташкилий тузилмаси, ташкилий салоҳиятидан электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилишда янада самаралироқ фойдаланишимиз лозим.

Шунингдек, ҳудудларда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг ижроси билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда партиянинг барча тузилмалари иштирокини янада кучайтириш зарур. Партиямизнинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари бу борада фақат дастур бажарилиши устидан назорат ўрнатиш билангина чекланмаслиги керак, деб ўйлайман. Улар ижтимоий ҳимояга муҳтож, вақтинча ишсиз фуқаролар учун қўшимча иш ўринлари ташкил этиш бўйича амалий чоралар кўришда янада кўпроқ қатъият кўрсатиши талаб этилади.

Семинарда партия фаоллари, шунингдек, «Соғлом бола йили»да соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, қишлоқ аҳоли пунктларида уй-жой, ижтимоий инфратузилма билан бирга болалар спортини ривожлантириш масалаларида депутатлик гуруҳларининг амалий иштирокини кучайтириш муҳимлигини таъкидлашди. Бунинг учун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурлар ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини тизимли йўлга қў­йиш, бу борада муқобил таклифлар билан чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Бекзод ШУКУРОВ,

Лазиза ШЕРОВА



DB query error.
Please try later.