14.12.2013

ЯШАШ ҲУҚУҚИ

Бош Қомусимизда инсон ва унинг қадр-қиммати олий қадрият сифатида улуғланган.

Ана шу инсонпарварлик тамойилидан келиб чиқиб, Президентимизнинг «Ўзбе­кистон Республикасида ўлим жазо­сини бекор қи­лиш тўғ­риси­да»ги Фармонига кўра, 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб ўлим жазоси бутунлай бекор қи­линди ва Ўз­бекистон Республикаси Жиноят кодек­сидан олиб ташланди. Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш­да мазкур та­рихий ҳужжатнинг аҳамияти беқиёс.

Баҳром АҲРОРОВ, Тошкент давлат юридик университети профес­сори:

— Ўзбекистон Республи­каси Конституциясининг 24-моддасида «Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳу­қу­қидир. Инсон ҳаётига суи­қасд қилиш энг оғир жи­ноятдир», деб белгиланга­ни бежиз эмас. Зеро, инсон ҳаёти ҳуқуқий муҳофаза қилиниши Бош Қомусимизда ҳам мустаҳкамланган.

Асосий Қонунимизнинг бош тамойилидан келиб чиқиб Президентимиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни янада юқори босқичга кўтариш мақсадида жазо тизимидан ўлим жазосини чиқариб ташлашдек муҳим вазифани қўйди ҳам­да у тўла ҳаётга татбиқ этилди. Шу ўрин­да бир жиҳатни алоҳида қайд этиш керак, қонунида ўлим жа­зоси бўлган мамлакат ўзини ҳуқуқий-демократик давлат деб атай олмайди. Инсонни ўлимга маҳкум этиш демократик принципларга асло тўғ­ри келмайди.

Инсоннинг барча табиий ва узвий ҳуқуқлари орасида яшаш ҳуқуқи биринчи даражали бўлиб, унинг мантиқий давоми сифатида шахс ҳу­қуқларининг исталган бирини мазкур фундаментал ҳу­қуқ­нинг ёйилган, кенгайтирилган ёки муайянлаштирилган кўриниши, деб ҳи­соблаш мумкин. Зеро, шахс субъектив ҳуқуқ­ларининг ҳар бири, албатта, ҳаёт кечириш кўринишларидан бири, яшаш ҳуқуқининг ифодаси ҳисобланади.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач ўн етти йилда ўлим жазосидан воз кечилди. Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилиниб, унинг ўр­нига узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳ­рум қи­лиш жазоси тайинланадиган бўлди. Натижада Ўзбекистонда дунёдаги энг либерал жиноят қонуни яратилди. Амалдаги Жиноят кодексида фақат иккитагина жиноят, у ҳам бўлса оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўл­дириш (ЖКнинг 97-моддаси 2-қис­ми) ва терроризм жинояти (ЖКнинг 155-моддаси 3-қис­ми) учунгина узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Ўлим жазосини бекор қи­лиш жиноятчиликнинг кўпа­йиб кетишига сабаб бўлади, де­ган фикрлар нотўғри ва асоссиз эканлиги Ўзбекистон мисолида исботланганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

Жумладан, жиноий жазоларни либераллаштириш борасида кўрилган чоралар натижасида Ўзбекистонда ҳозирги кунда қамоқдагилар сони жаҳон миқёсида энг паст кўр­саткични, яъни ҳар 100 минг аҳолига 166 кишини ташкил қилади. Қиёслаш учун айтиш мумкинки, Россияда бу кўр­саткич 611 кишини, АҚШда 738 кишини ташкил этади. Мамлакатимизда сўнгги ўн йил ичида озодликдан маҳ­рум қилиш жойларида сақланаётган маҳбуслар сони икки баробардан кўпроқ камай­ганининг ўзи ҳам бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларимиз қандай ижобий натижалар бераётганидан далолатдир.

Қумриниса АБДУРАСУЛОВА, Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири, профессор:

— «Халқаро амнистия» таш­килотининг маълумотига кў­ра, ўлим жазоси батамом бекор қилинган мамлакатлар 80, фақат алоҳида ҳолларда (ҳарбий жиноятлар учун) бу жазо сақланган мам­лакатлар 15, жиноят қонунида ўлим жа­зоси сақланган бўлса-да, ке­йин­ги ўн йил давомида жа­зо иж­ро қилинмаган мамлакатлар 23, йил сайин бу жазони камроқ қўллаётган мамлакатлар 78 тани ташкил этади.

Умуман, ҳозирги вақтда дунё­нинг кўплаб мамлакатларида ўлим жазосидан воз кечилмоқда. Кенг жамоатчилик бундай саъй-ҳаракатларни маъ­қулламоқда.

Афсуски, ноҳақ ўлим жазоси тайинлаш ва ижро қи­лиш ҳол­лари оз эмас. Хусусан, АҚШ­да 1900-1985 йилларда 350 нафар айб­сиз шахсга нисбатан ўлим жазоси қўл­ланилгани рас­ман тан олинган. Ке­йинги 30 йил мобайнида бу жазога маҳкум этил­ганлар­дан 121 киши айбсиз экани аниқланиб, ўлим камераларидан озод қилинган. Ке­зи келганда шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, шўролар даври­да суд ҳукми ва маъмурий тузилмаларнинг қа­рорлари, ҳат­то олий раҳбариятнинг «ро­зи­лиги» би­лан 800 мингга яқин ҳур фикр­­ли шахслар «аксилинқилобий» жиноятларда айбланиб, отиб ташлангани кишилик тарихидаги энг аянчли фожиалардан биридир.

Шундай қилиб, турли мамлакатларда ўлим жазосининг тарихи, уни бекор қилишга йў­налтирилган тажриба бу чорани жиноятчиликка қарши кураш амалиётидан батамом чиқариб ташлаш лозимлигини тасдиқлайди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўз­бекистонда ўлим жазосининг бекор қилиниши мамлакатимизда инсон ҳаёти ва эркинлиги ҳамда яшаш ҳуқуқи дахл­сиз эканлигини яна бир бор исботлади. Қолаверса, ушбу тарихий ҳужжат инсонийлик ва бағрикенгликнинг юксак намунаси сифатида нафақат халқимиз, балки жаҳон жа­моатчилиги томонидан катта хайрихоҳлик билан кутиб олин­ди. Зеро, яшаш ҳуқуқи — энг олий ҳуқуқдир.



DB query error.
Please try later.