12.12.2013

СОҒЛИГИМИЗ ВА ХАВФСИЗЛИГИМИЗГА, АВВАЛО, ЎЗИМИЗ МАСЪУЛМИЗ

Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти ва Ҳукумати томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига, жумладан, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, давлат ташкилотлари, корхоналар, меҳнат жамоалари ҳайдовчилари, пиёдалар ва болалар ўртасида профилактик тадбирларни ўтказиш, транспорт воситаларининг техник ҳолатини, йўлларнинг аҳволини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бироқ, афсуски, оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари ҳамон содир бўлиб турибди. Улар сонини камайтириш учун эса Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХ Бош бош­қармаси томонидан мунтазам равишда «Диққат, болалар», «Таътил», «Диққат, пиёда», «Яшил чироқ» каби тадбирлар ўтказиб келинаяпти. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан ҳар йили ўтказиладиган «Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги» ҳам ана шу тадбирларимизнинг давомидир.

Йўл-транспорт ҳодисалари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, барча кўнгилсизликлар ҳаракатланиш қоидаларига амал қилмаслик оқибатида содир бўлмоқда. Ички ишлар вазирлиги ДЙҲХХ ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган ўн бир ойи давомида жами 3 миллион 104 минг 680 та, жумладан, 1 миллион 279 минг 280 та қўпол қоидабузарлик аниқланган. Шундан 41 минг 796 та маст ҳолда рулда ўтирган, 18 минг 580 та қорайтирилган ойнали транспортдан, 37 минг 406 та телефондан фойдаланган ва 734 минг 860 та хавфсизлик тасмасидан фойдаланмаслик ҳолатлари кузатилган.

Бу рақамлар ортида инсонлар ҳаёти ётганлигини, ногиронлик, ўлим ҳолатлари бўлаётганлигини ўйласак, нақадар аянчли ҳодисалар юзага келаётганлигини англаймиз.

2014 йил «Соғлом бола йили», деб эълон қилиниши муносабати билан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасидаги тадбирларни йил давомида амалга ошириб боришни режалаштирдик. Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш учун, энг аввало, болаларга йўл ҳаракати қоидаларини пухта ўргатиш зарур. Уларда қоидаларга қатъий риоя қилиш кўникмасини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир инсон йўл ҳаракати иштирокчисига айланар экан, у ҳайдовчи, йўловчи ёки пиёда бўлишидан қатъи назар, ўзининг ва атрофидагиларнинг хавфсизлигини таъминлашга масъул эканлигини англаши керак бўлади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш, йўл-транспорт ҳодисалари ҳамда қоидабузарликларнинг олдини олиш учун жорий йилнинг 15 декабридан 2014 йилнинг 15 январига қадар республика ҳудудида «Ҳаракат хавф­сизлиги ойлиги»ни ўтказишга қарор қилинди. Мазкур тадбирни ўтказиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши чиқарилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш мақсадида комп­лекс чора-тадбирлар кўриш, транспорт ва пиёдалар, жумладан, болалар ҳаракати серқатнов бўлган йўллар ва жойларни белгилаш, уларни кўрикдан ўтказиб, аниқланган камчиликлар юзасидан таклифлар тайёрлаш, транспорт воситаларининг техник тайёргарлигини яхшилаш, ўқув юртларида, ҳайдовчиларни тайёрлаш курсларида йўл ҳаракати қоидаларини ўқитишни янада яхшилаш чораларини кўриш, ойликни ўтказишга кенг жамоатчиликни жалб қилиш асосий вазифалар этиб белгилаб берилган.

Шу муносабат билан Қорақалпоғис­тон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига «Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги»ни ташкил этиш ва ўтказиш комиссияларини тузиш, ойликни самарали ўтказиш тадбирларини ишлаб чиқиш ва унда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга дахлдор барча идораларнинг вазифалари белгилаб қўйилди.

Шунингдек, вазирликлар, Давлат қўмиталари, идоралар, концернлар, корпорациялар ва жамғармалар раҳбарларига транспорт воситаларининг техник ҳолати ҳаракат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги ва қўл остидаги ходимларнинг йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз амал қилишлари юзасидан аҳволни ўрганиб чиқиш ва тегишли чоралар кўриб бориш, ойликни ташкил этиш, ўтказиш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, унда фаол иштирок этганларни рағбатлантириш билан боғлиқ харажатларни бюджетдан ­ташқари маблағлар ҳисобидан амалга ошириш вазифалари юклатилди.

Ички ишлар, Халқ таълими ва Соғ­лиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпания­си, Матбуот ва ахборот агентлиги, Республика «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Миллий ахборот агент­лиги, марказий ва маҳаллий газета-журналлар таҳририятлари томонидан ойликнинг боришини кенг ва атрофлича ёритиш яхши самара беради. Мактаблар, мактабгача таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидаларининг ўргатилишини текшириб, уларни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгилаш масаласига ойликда алоҳида аҳамият берилади. Шунингдек, ойликни тарғиб қилувчи плакатлар, буклетлар, календарлар ва бошқа кўргазмали қуроллар чоп этилишини ташкил этиш, маҳаллаларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этилишини таъминлаш ишлари амалга оширилади.

Йўлларимизда содир бўлаётган турли ҳодисаларнинг олдини олиш, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш фақатгина Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг вазифаси, деб қарамаслик лозим. Чунки, ҳар биримиз, аввало, ўз ҳаётимиз ва қолаверса, ўзгалар ҳаёти хавфсизлигига масъулмиз. Уйдан кўчага чиқдингизми, сиз йўл ҳаракати иштирокчисига айландингиз. Демак, сиз учун белгиланган йўл ҳаракати қоидасига амал қилишингиз шарт ва зарур. Шунда турли ҳодисалар ва кўнгилсизликларнинг олдини олган бўламиз. Шундай экан, барча пиёдалар, ҳайдовчилар, йўловчилар ва айниқса, болаларни йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишга ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда фаол иштирок этишга чақирамиз.

Холматжон Сайдалиев,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ бошлиғи, полковник.



DB query error.
Please try later.