10.12.2013

Болам мендан ҳам бахтли бўлсин дейди бу эл

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан кириб келаётган 2014 йилга мамлакатимизда Соғлом бола йили деб ном берилди

Ўзбек халқининг барча орзу-ҳаваслари, ҳаётининг мазмуни фарзандлари билан боғлиқ, десак янглишмаймиз. Юртимиздаги исталган одамдан энг олий мақсадингиз нима, деб сўранг, шубҳа йўқки, болаларимнинг бахту саодатини, камолини кўриш, деб жавоб беради.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки йилларидан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, миллат генофондини соғломлаштириш, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт, деган даъват умуммиллий шиорга айланди. Мустақил давлатимизнинг илк ордени “Соғлом авлод учун” деб номланганида ҳам ана шундай ҳикмат бор.

Ўтган йиллар давомида бу олижаноб мақсад йўлида улкан ишлар амалга оширилди. Болаларнинг соғлом туғилиши ва соғлом улғайиши учун шароит яратиш йўлида катта куч ва маблағлар йўналтирилди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим тизимини такомиллаштириш, болалар спортини ривожлантириш каби соҳалардаги изчил ислоҳотлар бир-бирини тўлдириб, узвий тизим шаклини олди. Бугун замонавий тиббий марказлар, таълим муассасалари, спорт иншоотлари ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «Соғлом она – соғлом бола» концепцияси асосида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, соғлом оилани шакллантириш, ирсий касалликларнинг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган замонавий скрининг марказлари, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Репродуктив саломатлик маркази, уларнинг минтақавий филиалларида оналар ва чақалоқларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ёш авлодни комил инсонлар этиб тарбиялаш, жамиятда соғлом муҳитни қарор топтиришнинг асосий воситаси сифатида спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча ҳудудларда, хусусан, чекка қишлоқларда ҳам бунёд этилаётган замонавий спорт мажмуаларида болалар спорт билан мунтазам шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамламоқда. Эътиборлиси, бу жараён таълим-тарбия тизими билан мутаносиб равишда олиб борилаётир.

Бу борадаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар самараси фарзандларимизнинг саломатлигида, жисмоний кўрсаткичларида ҳам намоён бўлмоқда. Болаларимиз ўртасида ўткир респиратор вирусли инфекциялар, пневмония, бронхит, сколиоз билан касалланиш ҳолатлари кескин камаймоқда.

Ўртача вазн кўрсаткичи 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида 43 килограммдан 47 килограммга, қизлар ўртасида эса 44 килограммдан 48 килограммга ортган. Болаларнинг бўйи ўғил болалар ўртасида ўртача 3 сантиметрга, қизлар ўртасида эса 2,9 сантиметрга ўсган. Ҳозирги вақтда 92 фоиз ўғил-қизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан Соғлом бола йили деб эълон қилинган 2014 йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаяди.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, соғлом бола – аввало соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир. Биз оилани ҳаёт давомийлигини таъминлайдиган, келажак насллар тақдирига кучли таъсир кўрсатадиган тарбия маскани сифатида қабул қиламиз. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, одамийлик, меҳр-оқибат, ўз Ватанига, халқига садоқатли бўлиш каби олижаноб фазилатлар айнан оила муҳитида шаклланади.

Мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, унинг жамият ҳаёти ва ёш авлод тарбиясидаги аҳамиятини ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилган. Хусусан, Конституциямизнинг алоҳида бобида оиланинг ижтимоий мақоми аниқ белгиланган. Оила, Фуқаролик, Уй-жой кодекслари, бошқа қонун ҳужжатларида оилавий муносабатлар ўз ифодасини топган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан эълон қилинган “Оила йили”, “Аёллар йили”, “Соғлом авлод йили”, “Она ва бола йили”, “Сиҳат-саломатлик йили”, “Ёшлар йили”, “Баркамол авлод йили”, “Мустаҳкам оила йили” муносабати билан қабул қилинган давлат дастурлари ўзаро узвийлик касб этиб, уларнинг амалга оширилиши самарасида оилаларнинг иқтисодий ва маънавий асослари янада мустаҳкамланди.

Оила қўрғонининг чиройи аёлдир. Соғлом боланинг туғилиши ва ақл-заковатли, юксак маънавиятли бўлиб улғайишида оналарнинг ўрни беқиёс. Бунинг учун аввало аёлнинг ўзи соғлом, илму маърифатли ва ортиқча ташвишлардан холи бўлиши зарур. Шу боис мамлакатимизда хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, рўзғор юмушларини енгиллаштириш, турмуш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

...Яқинда хориж матбуотида шундай мақола чоп этилди. Унда ҳикоя қилинишича, узоқроқ қишлоқлардан бирида яшовчи ҳомиладор аёлнинг ўрмонда кўзи ёрибди. Гап шундаки, бу қишлоққа энг яқин тиббиёт пункти 25 километр наридаги посёлкада бўлиб, у ерга транспорт қатнамас экан. Одамлар, жумладан, ҳомиладор аёллар ҳам тиббий кўрикка ўрмон орқали пиёда бориб-келаркан. Шунда йўл анча қисқариб, 10 километрни ташкил этар экан!

Шундай қатновларнинг бирида, ўрмоннинг ўртасига борганда бояги ҳомиладор аёлни дард тутади. Ёнида эридан бошқа ҳеч ким йўқ. Уйга қайтишини ҳам, шифохонага боришини ҳам билмайди. Шу аҳволда, шу шароитда бола дунёга келади...

Мамлакатимизда аёлларга эътибор, улар учун яратилган шарт-шароитлар бутунлай бошқача. Барча ҳудудлардаги қишлоқ врачлик пунктлари, вилоят кўп тармоқли шифохоналари, перинатал ва скрининг марказлари, гинекология ва туғруқхона мажмуаларида аёлларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Ўсмир қизлар ва туғиш ёшидаги аёллар бепул тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Уларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришга доир маърифий ишлар изчиллик билан олиб борилаётир.

Одам боласининг ўзи, ўз соғлиғига эътиборсизлиги, қолаверса, носоғлом муҳит оқибати баъзан фарзандларнинг жисмоний ва маънавий тарбиясига путур етказади.

Азалдан халқимиз ўз насл-насабининг соғлом бўлишига доим эътибор берган. Ўғил уйлантириш ёки қиз чиқаришдан олдин бўлғуси келин ёхуд куёвнинг етти пуштини суриштиришган. Наслнинг тозалиги, авлодининг соғлом ва баркамоллиги кўп жиҳатдан ана шу ёшларнинг саломатлигига боғлиқ эканлигини яхши англаган. Соҳибқирон Амир Темур даврида бу масалаларга катта эътибор қаратилган.

Ана шу эзгу анъаналаримизга ҳамоҳанг тарзда мамлакатимизда бўлғуси келин-куёвларни никоҳдан аввал тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби жорий қилинган.

Президентимиз ўз маърузасида келгуси авлодлар тақдирига бевосита дахлдор бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, ота-оналар ва тиббиёт ходимларининг бу борадаги масъулиятини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, халқимизда касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал, деган нақл бор. Дейлик, касалманд бир боланинг соғлиғини тиклаш учун қанчадан-қанча маблағ, вақт ва асаб кетади. Аввало, бундан ота-онанинг ўзи азоб чекади, қолаверса, қариндош-уруғ, дўсту биродарларни ҳам ташвишга солади. Бундай ҳолатлар кўпайгани сайин жамиятнинг маънавий-ахлоқий негизларига путур етиб, турли ижтимоий-иқтисодий муаммолар келиб чиқади.

Агар ҳар бир одам ўзи ва фарзандлари соғлиғи ҳақида ўз вақтида қайғурса, бутун жамиятда шундай муҳит шаклланса, бу муаммолар ўз-ўзидан барҳам топади.

Соғлом авлодни тарбиялаш – узлуксиз жараён. Бу кенг миқёсдаги кўпдан-кўп вазифаларни бажаришни, ҳар бир инсон, ҳар бир оила, бутун жамиятдан доимий эътибор ва масъулиятни талаб қилади. Бу борада, айниқса, соғлиқни сақлаш ва таълим-тарбия тизими, маҳалла ва ижтимоий тузилмалар алоҳида ўрин тутади. Давлатимиз раҳбарининг маърузасида ҳам ушбу соҳалар олдига муҳим вазифалар қўйилди.

Ҳар қандай жамият соғлом ва баркамол, эл-юртига садоқатли, иймон-эътиқодли фарзандлари билан фахрланади, уларга суянади. Шундай фазилатларга эга авлодни тарбиялаб вояга етказган халқ келажакка катта ишонч билан қарайди. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Соғлом бола йилида мамлакатимизда амалга ошириладиган ишлар ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиши шубҳасиздир.

ЎзА



DB query error.
Please try later.