10.12.2013

ИЖТИМОИЙ ИСЛОҲОТЛАР ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТАДИ

ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида Юнус­обод туманида Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган маърузаси мазмун-моҳиятини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга бағишланган амалий семинар ўтказилди. Унда партия Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, профессор-ўқитувчилар ва ёшлар иштирок этди.

Конституция қабул қилинганлигининг 21 йиллиги байрамига бағишланган тантанали маросимда билдирилган фикрлар, 2014 йилнинг ­«Соғ­лом бола йили», деб эълон қилиниши Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция­си зиммасига ҳам улкан вазифалар юклаши шубҳасиз.

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

Конституцияасосий қонунимиз бўлиши билан бирга, олдимизга қўйган стратегик мақсадларимиз, ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти қуришнинг муҳим йўналишлари белгиланган ҳуқуқий ҳужжатдир. Шу боис у мамлакатимиз, халқимиз тақдирида муҳим ўрин тутади.

Президентимиз тантанали маросимда сўзлаган нутқида юртимиз ҳаётидаги муҳим ислоҳотлар ҳақида фикр билдириб, сиёсий партиялар фаолияти ва масъулия­тини кучайтириш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратди. Мамлакатни ислоҳ қилишда сиёсий партияларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини ошириш демократик ислоҳотларнинг муҳим омилига айланиши зарурлигини таъкидлади.

Албатта, билдирилган бу фикрлардан зарур хулосалар чиқарган ҳолда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам ўз фаолиятини янада кучайтириши, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ташаббусларни кўпайтириши талаб этилади. 2014 йилнинг «Соғ­лом бола йили», деб эълон қилиниши, айниқса, ижтимоий йўналтирилган ислоҳотлар тарафдори бўлган партиямиз олдига долзарб вазифалар қўяди.

Жўрақўзи ҚЎЛДОШЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида сиёсий пар­тиялар муҳим ўринга эга. Шу боис тантанали маросимда мамлакатимиз раҳбари партиялараро рақобатни кучайтириш биз қураётган жамиятнинг муҳим хусусияти эканини таъкидлади. Партиямиз, жумладан, фракциямиз мамлакат ҳаётидаги муҳим масалалар юзасидан ўз позициясини билдириши, электорат манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиши, шу мақсадда ҳаётий ташаббусларни кўпайтириши лозим.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар, кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришда парламентнинг роли ошиши муҳим аҳамиятга эга. Президентимиз ўз нутқида ривожланган давлатлар тажрибаси, шу билан бирга, Ўзбекистоннинг сиёсий ва конституцион ривожланишининг мантиқий йўли депутатлик органларининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрнини янада мус­таҳкамлашни, шу йўлда бошланган ишларни изчил давом эттиришни тақозо этаётганига эътибор қаратди.

Қонунлар, муҳим қарор ва дастурлар, хусусан, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастурининг туман ва шаҳарлардаги ижросини маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликда таҳлилий ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, бу борада ижро ҳокимияти масъулиятини ошириш ҳамда муқобил таклифлар ишлаб чиқишга зарурат сезилаяпти. Мамлакат, ҳудудлар тараққиёти билан боғлиқ дастурлар самарали ижро этилишида бунинг аҳамияти беқиёс. Шу жиҳатдан қараганда, Президентимиз Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларда ижро ҳокимиятининг тегишли ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиб бориш масаласига яна бир бор эътиборимизни қаратди.

Бундан биз депутатлар хулоса чиқаришимиз, юртимиз равнақи йўлида талабчан ва фидойи бўлишимиз зарур.

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Президентимиз ўз маърузасида Концепцияга мувофиқ ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳалари бевосита Қонунчилик палатасидаги сиё­сий партиялар фракциялари фикр ва таклифлари асосида қабул қилинаётганига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, қабул қилиниши зарур бўлган қатор қонун лойиҳалари ҳақида ҳам тўхталди. Хусусан, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳалари муҳокамаси ва қабул қилинишини тезлаштириш зарурлиги айтилди.

Бу ҳақда гап кетганда, қонун ло­йиҳаларини маҳаллий Кенгашлар депутатлари, электорат вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама қилиш, уларнинг ҳаётий таклиф ва фикр-мулоҳазаларини ўрганиш амалиётини янада такомиллаштириш, бу борада мунтазам тизимни жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Давлат бошқарувини янада демократлаштириш жараёнларида Қонунчилик палатаси депутатлари тизимли ишлаши, электорат манфаатлари, мамлакат ривожи нуқтаи назаридан самарали таклифлар бериши, жамоатчилик фикрини чуқур ўрганиши муҳимдир. Шунда кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнлари янада изчил давом этишига ҳисса қўшган бўламиз.

Сухроб ҒАЙБУЛЛАЕВ, Тошкент молия институти талабаси, ЎзХДП аъзоси:

— Бугун мамлакатимиз ҳаётида ёш авлоднинг тутган ўрни беқиёс. Шу боис Президентимиз ўзининг ҳар бир чиқишида бизга алоҳида эътибор бериб, юксак ишонч билдиради. Биз бу ишончни оқлашимиз учун, аввало, ўз соҳамизнинг билимдони бўлишимиз, Ватанимиз тараққиёти йўлида сидқидилдан меҳнат қилмоғимиз зарур.

2014 йилни «Соғлом бола йили», деб эълон қилиниши ҳам бевосита ёшлар, баркамол авлод тарбиясига қаратилган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Соғлом бола деганда, биз, соғ­лом фарзанд, соғлом авлодни тушунамиз. Соғлом авлодгина катта ишларга қодир бўлади, ўз Юртини гуллаб-яшнатади, қудратини оширади.

Семинар давомида кўплаб ёшлар ва партия фаоллари фикрлари тинг­ланди. Тарғибот-тушунтириш ишларини тизимли олиб бориш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.