10.12.2013

ХАЛҚИМИЗ КЎНГЛИДАГИ НИЯТЛАР ҲАЁТДА ЎЗ ИФОДАСИНИ ТОПМОҚДА

Искандар АЗИЗОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Конституциямизнинг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимни чуқур ҳаяжон билан кузатдим. Айниқса, Президентимиз Ислом Каримов дунёда рўй бераётган молиявий-иқтисодий инқироз, сиёсий чигалликларга қарамасдан, юртимиз барча соҳаларда тарихий ютуқларга эришаётганини ҳаётий факт ва рақамлар мисолида таҳлил қилиб берганида юрагим фахр-ифтихорга тўлди.

Шундай саналар, байрамлар бўладики, улар одамларни руҳан яқинлаштиради, эзгу амаллар йўлида янада жипслаштиради. Конститу­ция­миз қабул қилинган кун ана шундай қутлуғ саналардан, десак, хато бўлмайди.

Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, авваламбор, иқтисодиётимиз барқарор суръатлар билан ўсиб, халқимизнинг ҳаёт даражаси тобора юксалиб бораётганини шаҳар ва қишлоқларимиз тобора обод бўлаётгани мисолида кўриб-билиб турибмиз.

Конституция байрами яна шуниси билан азиз ва қадрлики, унда Давлатимиз раҳбари келгуси йилнинг номини эълон қилади. Очиғи, ҳар биримиз ниятимиз, режаларимизга қараб, янги йил ҳақида кўнглимизга бир ном тугиб қўямиз, «шундай йил бўлса, яхши бўларди-да», деб ўйлаймиз. Тантанали маросимда Президентимиз келгуси йилни «Соғлом бола йили», деб эълон қилганида, қалбим чексиз қувончга тўлиб, ён-атрофимга қарадим. Ҳамманинг юз-кўзида ҳаяжон, мамнунлик ифодасини кўрдим. Шунда сездимки, барчамизнинг, халқимизнинг кўнглидаги гап бўлди...

Мустақиллигимизнинг ўтган йилларида Президентимиз бошчилигида ёш авлодни соғ­лом ва баркамол этиб камолга етказиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласига катта эътибор қаратилди. «Соғлом она – соғлом бола» мақсадли дастури, оилада тиббий маданиятни юксалтириш, миллий генофондни мустаҳкамлашга йў­налтирилган кенг кўламли тадбирлар изчил олиб борилди. 2014 йилнинг «Соғлом бола йили», деб номлангани бу борада амалга ошириб келинаётган ишлар узвий давом этажаги ва янада куча­йиб боришини билдиради.

Давлатимиз раҳбарининг «Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда «2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида»ги қарорлари фарзандларимизни соғлом, баркамол ва бахтли қилиб тарбиялашдек улуғ мақсадларга хизмат қилмоқда.

Соғлом бола ва соғлом авлодни тарбиялаш масаласи парламент олдига ҳам муҳим вазифаларни қўяди. Президентимиз ўз маърузасида мамлакат тараққиётида парламентнинг ролини янада кучайтириш тўғрисида алоҳида тўхталди. Хусусан, фақатгина қабул қилинган қонунларнинг ижросини текшириш билан чегараланмасдан, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ижро ор­ганлари фаолияти устидан на­зоратини кучайтириш, ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишда, энг муҳим стратегик масалалар бўйича қа­рорлар қабул қилишда парламентнинг ҳуқуқ ва ваколатларини ошириш учун Конституциямизга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

Бу вазифаларни амалга ошириш парламентимиз, ҳар бир депутат зиммасига жиддий масъулият юклайди. Президентимиз ўртага қўяётган вазифалар Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқуролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган ғояларни янада ривожлантириши билан муҳим аҳамиятга эгадир. Шундай экан, бу борада қонунчиликни ривожлантиришда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг фракцияси ўз таклифлари билан фаол иштирок этиши зарур.

Айтиш мумкинки, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни тарбиялаш каби долзарб масалалар партиямиз фаоллари, депутатлик бирлашмаларининг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Чунки оналар ва болалар соғлигига эътибор қаратиш, уни мустаҳкамлаш, тиббий хизмат кўрсатиш даражасини оширишга доир чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш каби масалалар партиямиз Сайлов­олди дастурида белгилаб қўйилган.

Мамлакат миқёсида ниманики олдимизга мақсад қилиб қўймайлик, қандай буюк ишларни амалга оширишга интилмайлик, барча олижаноб ҳаракатларимизнинг негизида, барча эзгу ниятларимизнинг замирида фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш орзуси мужассам бўлади.

Кўнглимиздаги шу қутлуғ ният «Соғлом бола йили»да ҳаммамизни янада мустаҳкам жипслаштириб, астойдил меҳнат қилишга ундайди, деб ўйлайман.



DB query error.
Please try later.