07.12.2013

КЕЛАЖАГИ БУЮК ДАВЛАТ

мустаҳкам қонунлар асосига қурилади

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида «Конституция — инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, турмуш фаровонлиги кафолати» мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди. Унда ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Адлия вазирлиги, Конституциявий суд вакиллари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоят Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси, ­Темурийлар тарихи давлат музейи мутахассислари ҳамда «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчилари иштирок этди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллиги муносабати билан ЎзХДПнинг барча даражадаги ташкилотлари, маҳаллий кенгашларида кўплаб давра суҳбатлари, семинар-тренинглар, тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилди. Мазкур илмий-амалий семинар ана шу тадбирларнинг мантиқий давоми бўлди.

Тадбирни ЎзХДП Марказий ­Кенгаши раиси Ҳотамжон ­Кетмонов кириш сўзи билан очди.

— Қонун устувор бўлган жамиятда ҳар соҳада ривожланиш, тараққиёт кузатилади, — деди партия етакчиси. — Конституциямиз мамлакатимизнинг Бош ҳуқуқий ҳужжати, ҳаётимизнинг мезони ҳисобланади. Жамиятнинг ҳар бир жабҳаси, одамлар кундалик ҳаёти Бош Қомусимизда белгиланган меъёрлар билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис уни чуқур ўрганиш, ҳаётимиздаги аҳамиятини англаш, тарғибот-ташвиқот ишларини кенг кўламда олиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, партиямизнинг асосий ғояси ҳисобланган аҳолининг эҳтиёжманд вакилларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, иш ўринлари ташкил этиш билан боғлиқ масалаларнинг Конституцияда алоҳида эътиборга олингани партиямиз электорати манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Шу боис Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари, партия фаоллари Бош Қомусимиз тарғиботига доимий равишда жиддий эътибор қаратиши, у асосида қабул қилинган қонунлар ижроси устидан жойларда самарали парламент ва депутатлик назоратини олиб бориши зарур.

Абдуманноб РАҲИМОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатда демократик тамо­йиллар қарор топганлигининг муҳим хусусиятларидан бири жамиятда кўппартивийлик тизимининг мавжудлигидир. Юртимизда бу тамо­йил, энг аввало, Конституциямизда мустаҳкамланган. Хусусан, Бош Қо­муси­мизнинг 60-мод­дасида «Сиё­сий пар­тиялар турли табақа ва гуруҳларнинг сиё­сий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимия­тини тузишда иштирок этадилар», дейилган. Шу боис сиёсий партия Конституцияда белгиланган ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда, мамлакат тараққиётида фаол иштирок этиши, жамиятни янада ривожлантириш учун ўз дастурий ғояларидан келиб чиқиб, муқобил таклифлар бериши, ўз электорати манфаатларини самарали ҳимоя қилиш юзасидан янада ташаббускор бўлиши талаб этилади.

Фотима ҲУСАНОВА, Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциявий суди судьяси:

Дарҳақиқат, қонун-қоидага риоя қилиб яшаш мамлакатни ривожлантиришга қўшилган ҳисса ҳисобланади. Чунки, қонунчиликни яхши тушунган инсон биринчи навбатда ўзининг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилишига йўл қўймайди. Ўзгалар билан манфаати тўқнашган жойда қонунга асосан иш кўради. Шу маънода Конс­титуция ҳар бир фуқаро учун дастуруламал бўлиши керак. Шунда ҳар жабҳада қонун устуворлиги таъминланади, мамлакат ривожланади.

Таъкидлашни истардимки, Конс­титуция сиёсий партияларга ўз электорати ҳамда хайрихоҳлари манфаатларини ҳимоя қилиш учун кенг ҳуқуқ берган. Бугунги кунда ана шундан самарали фойдаланаётган ЎзХДП ҳам жисмоний имконияти чекланган кишилар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ташаббусларини амалга ошираяпти.

Нозим ҲАБИБУЛЛАЕВ, Темурийлар тарихи давлат музейи директори, Амир Темур жам­ғармаси бошқаруви раиси:

— Мукаммал, халқчил, пухта ишлаб чиқилган Қомус мамлакатни изчил тараққий эттириш, давлатни жаҳонга танитишга хизмат қилади. Конс­титуциямиз ана шундай ҳар томонлама мукаммал ишланган ҳу­қуқий ҳужжатдир. Тарихдан маълумки, Амир Темур салтанати дунёдаги энг йирик давлатлардан бўлиб, илм-фан, маданият, таълим, бунёдкорлик ишлари изчил тараққий этган. Тарихчилар бунинг бош омили сифатида мамлакатда Амир Темур томонидан ишлаб чиқилган қонунларнинг устуворлиги, «Темур тузуклари»да белгиланган қонун-қоидаларнинг ҳаётга кенг жорий қилинганини кўрсатишади.

Демак, биз ҳам асосий қонунимизда белгиланган меъёрларга амал қилсак, давлатимизни дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари қаторига олиб чиқишга муносиб ҳисса қўшган бўламиз.

Бону АЗИЗОВА, Тошкент архитектура ва қурилиш институти талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти аъзоси:

— Конституцияда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга илм олиш, касб-ҳунар ўрганиш, ишга жойлашиш, ўз истеъдодини кенг намоён этиш учун муносиб шароит яратиш бўйича муҳим меъёрлар белгиланган. Шу боис бугун ёшлар ҳар бир соҳада катта ютуқларни қўлга киритмоқда. Жумладан, партиямизнинг «Истиқбол» ёшлар қаноти атрофида жипслашган йигит-қизлар ҳам мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишга, ўз билим ва кўникмаларини жамият равнақи учун сарфлашга интилаяпти. Қанот томонидан жорий йилда қатор лойиҳалар амалга оширилди. Ҳар йили ёшлар ўртасида «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови ўтказилиб келинмоқда.

Шунингдек, 2014 йил учун ҳам режа ишлаб чиқилди. Хусусан, келгуси йилда «Бугунги талаба — эртанги мутахассис», «Ватанимиз тараққиётига масъулмиз», «Биз — партия сафидамиз» каби мавзуларда тадбирлар ташкил этиш мўлжалланган. Бу каби лойиҳалар ёшларнинг сиёсий-ҳу­қуқий билимини ошириш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиш, Конс­титуцияда белгиланган ҳуқуқ ва бурч­ларини бажаришида муҳим аҳамиятга эга бўлади, деб ҳисоблайман.

Семинар доирасида Конституция куни муносабати билан ЎзХДП барча минтақавий кенгашларида ўтказилган «Конс­титуция билимдони» танловининг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти бўйича ғолиблари тақдирланди. Уларга партия Марказий Кенгашининг фахрий ёрлиқлари ва сов­ғалари топширилди.

Сарвар ҚЎЧҚОРОВ, «Истиқбол» ёшлар қаноти Оҳангарон туман бўлими аъзоси, «Конституция билимдони» танлови ғолиби:

— Бугун мамлакатда юз бераётган демократик ислоҳотларни ёшларнинг иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу жараёнда улар ўз таклиф ва ташаббуслари билан фаол қатнашмоқда. Бунинг асосий сабаби Конс­титуциямиз ҳақ-ҳуқуқларимизнинг мустаҳкам кафолати эканидир. «Конс­титуция билимдони» танловида иштирок этишдан асосий мақсадим ҳам бу борадаги билим ва кўникмаларимни янада мустаҳкамлаш эди. Танловнинг барча иштирокчилари шу мақсадга эришди, деб ўйлайман.

Шунингдек, тадбирда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ўқитувчиси, юридик фанлар доктори Омина Каримова, Темурийлар тарихи давлат музейи етакчи илмий ходими Омонулла Бўриев ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Семинар якунида маҳаллий партия кенгашларида партия аъзолари ва электорат вакилларининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қиладиган тадбирларни тизимли ўтказиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.