07.12.2013

ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ СИЁСИЙ ВА КАСБИЙ ФАОЛЛИГИ

партия дастурий мақсадларини амалга оширишга хизмат қилади

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Дастурида хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувида иштирокини, ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш билан боғлиқ қатор масалалар белгилаган. Айни пайтда бу вазифалар партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари, «Фаол аёллар» қаноти орқали амалга ошириб келинмоқда. Партия сафидаги етакчи аёллар фаоллиги партия Сайловолди дастурининг ҳаётда ўз ифодасини топишида ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

ЎзХДП «Фаол аёллар» қаноти Тошкент вилоят бўлими ташаббуси билан етакчиларнинг сиёсий ва касбий салоҳия­тини оширишга бағишланган семинар-тренинг айнан ана шу мақсадда ташкил этилди.

— Давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизларнинг иштироки тобора фаоллашиб бораяпти, — деди ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Сирожиддин Аъзамов. — Партиямизнинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, касаначилик асосида меҳнат қилувчи аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда бошқа муҳим вазифалар белгиланган. Жойларда ўтказилаётган семинар-тренинглар, давра суҳбатлари, фаол аёлларимизнинг сиёсий ва касбий салоҳиятини ошириш, Тошкент вилоятининг 18 та туман ва шаҳар партия кенгашида жамоатчилик асосида иш олиб бораётган «Фаол аёллар» қаноти етакчилари ўзаро тажриба алмашиши учун мактаб вазифасини ўтайди.

Семинар-тренингда «Фаол аёллар» қаноти етакчилари ва фаолларининг ташкилотчилик хусусиятларини ривожлантириш, сиёсатчи аёлларнинг партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорлигини тизимли йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Фаридахон ЖЎРАБЕКОВА, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати, ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси:

 — Бундай ўқув-семинарлар хотин-қизларнинг қизиқиш ва имкониятларини тўғри йўналтириш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳимоялаш, аёллар орасидан етакчилик салоҳиятига эга бўлганларни аниқлаш, келгусида партия ташкилотларида ишлаш, депутатликка номзод сифатида тайёрлаш, партия дастурий мақсадлари тарғиботини янада кучайтиришга хизмат қилади. Қанот томонидан жойларда ташкил этилаётган тадбирларни қандай ўтказиш,  режа тузиш, кўзланган натижага эришиш учун айнан нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида кўплаб фикрлар билдирилмоқда. Менга, айниқса, сиёсий имиджни шакллантириш, етакчи аёлларнинг  ЎзХДП мафкурасини тарғиб қилишда сиёсий технологиялардан кенг фойдаланиш тўғрисидаги маъруза ёқди.

Дилором САЛИМОВА, «Фаол аёллар» қаноти Қибрай туман бўлими етакчиси, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳибаси:

— Аёл маънавияти, ахлоқи ҳаётимизни, турмуш тарзимизни безайди. У, энг аввало, ўз уйида фаол бўлиши, фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратиши лозим. Юртбошимиз ҳар бир чиқишида мамлакатимизда бугунги кунда эришилган ютуқларда аёлларнинг иштирокини алоҳида таъкидлайди. Дарҳақиқат, хотин-қизларнинг барча соҳаларда фаоллиги кучайишидан бутун жамият манфаатдор бўлади. Шундай экан биринчи навбатда хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласида  қанот фаоллари ва депутатлар шунга алоқадор бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтирса, бу ўз-ўзидан кўп муаммолар  ечим топишига замин яратади. Бугунги тадбирда  аёлларни ўйлантираётган, қизиқтираётган бошқа масалалар хусусида фикр алмашиб, муаммолар ечими бўйича ҳаётий таклифлар берилгани келгусида фаолиятимизни такомиллаштиришга хизмат қилади.

Гулшан АСАТОВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

— Жойларда тадбирларни шунчаки номига ўтказишдан ҳеч кимга наф йўқ. Хўш, бунинг учун нимага эътибор қаратиш лозим? Нима қилсак қанот фаолияти самарадорлиги ошади? Менимча, аввало, тадбирларни режалаштиришда ундан аниқ мақсадни кўзлаш, шунга мувофиқ мутасадди ташкилотлар, айниқса, депутатлик гуруҳлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни кучайтиришимиз талаб этилади.

Орзигул АЗИМОВА, халқ депутатлари Бекобод туман Кенгаши депутати, ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси:

— Семинар давомида кўп нарсани ўргандик. Кичик гуруҳларда  ўзаро тажриба алмашдик. Фаолиятимизга оид таклиф ва эътирозлар билдирилди, ҳатто танқид қилинди. Камчиликларни бартараф этишда умумэътироф этилган илғор сиёсий технологиялар, замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан кўпроқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Бу таклифлар «фаол аёллар» қаноти етакчилари ва биз депутатлар фаолиятимизни кучайтиришга хизмат қилади.

Семинар-тренинг интерфаол усулларда ўтгани билан барчага маъқул келди. Вилоятнинг шаҳар ва туманларидан келган фаол аёллар ўзаро фикр алмашди. Шунингдек, қанот етакчилари ташкилотчилик кўникмалари ва сиёсий билимлари, нотиқлик маҳорати ҳамда лидерлик сифатларини янада ривожлантириш имкониятига эга бўлдилар.

 Семинар якунида «Фаол аёллар» қаноти фаолиятини янада такомиллаштириш, янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди. 

 Басандабону ЖАЛИЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.