05.12.2013

КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ

жисмоний имконияти чекланган кишиларга ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашади

ЎзХДП Марказий Кенгаши Халқаро ногиронлар куни муносабати билан «Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тамойилининг устуворлиги, унинг ҳуқуқий асослари ва ЎзХДП Дастурида ижтимоий ҳимоя масалалари» мавзусида давра суҳбати ташкил этди.

Меҳр-мурувватли, эзгуликни қадрловчи халқмиз. Шундан бўлса керак, жисмоний имконияти чекланганларга эътибор кўрсатиш, уларни қўллаб-қувватлаш, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш устувор ва муҳим масалага айланди. Бу айниқса, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш, ногиронларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, жамиятда инсонийлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида давлат томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли дастурлар, жамоат тузилмаларининг ташаббусларида ўз ифодасини топмоқда.

Тадбирда сўзга чиққанлар дастлаб ана шу масалалар ҳақида тўхталиб, мамлакатимизда кучли ижтимоий ҳимоя тизимини янада такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятига эътибор қаратишди.

Ҳотамжон Кетмонов, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси:

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналиши — инсон манфаатини ҳимоя қилиш, барча фуқаролар муносиб турмуш кечириши учун кенг шароит яратиш ва пенсионерлар, имконияти чекланган кишилар, кам таъминланган оилалар давлат ҳамда жамият эътиборидан четда қолмаслигини таъминлашдан иборат. Бу жараёнда ЎзХДП иштироки ғоятда муҳим. Негаки, партиямиз Дастурида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилашга катта эътибор берилган. Бу борада қатор лойиҳа ва ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Мазкур тадбир ҳам ана шу эзгу ишлардан бири бўлиб, жисмоний имконияти чекланган фуқароларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни ўйлантираётган ижтимоий масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилди.

Фарида АбдураҲимова, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

Жисмоний имконияти чекланган фуқаролар соғлиғини асраш, уларни қўллаб-қувватлаш, иш шароитида енгиллик яратиш бўйича бугун кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Энг муҳими, бу масалалар қонунчилигимизда ўз аксини топаяпти. Хусусан, Меҳнат кодексининг қатор моддалари, янги таҳрирда қабул қилинган «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида» ҳамда «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунлар орқали жисмоний имконияти чекланган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг ҳу­қу­қий асослари янада мустаҳкамланди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси кучли ижтимоий сиёсат тарафдори. Шу боис партиямиз депутатлик гуруҳи ногиронлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар манфаатини ҳимоя қи­лишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Суяржон ҚурбонҚулов, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси:

— Эртанги кун учун қайғурадиган, инсон манфаатини олий қадрият, деб биладиган давлат ўз фуқароларининг фаровон турмуши ва саломатлигини муҳофазалашга алоҳида эътибор қаратади. Жамиятнинг соғломлиги эса бир жиҳатдан жисмоний имконияти чекланган инсонларга муносабати билан ҳам белгиланади. Шу боис мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунлариданоқ ногиронларни ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг ҳамма қатори яшаши, таълим олиши ва ишлаши учун зарур шарт-шароитлар яратилди, қонунларимизда алоҳида имтиёзлар белгиланди. Буларнинг барчаси жисмоний имконияти чекланган кишиларни қўллаб-қувватлашга, улар ҳаётда ўз ўрнини топишига хизмат қилмоқда.

Давра суҳбатида юртимизда жисмоний имконияти чекланган фуқароларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётгани, айниқса, тиббий кўмакка муҳтож ногирон болаларни уй шароитида даволаш, билим олиши учун махсус мактаб-интернатлари ва умумтаълим мактабларида зарур қулайликлар яратилгани ҳақида батафсил сўз юритилди.

Тадбирда, шунингдек, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар касаначилик ва оилавий тадбиркорлик соҳаларида ўз ишини бошлаши ва кенгайтириш имкониятлари ҳақида ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шунингдек, Республика Марказий банки билан ҳамкорликда 15 нафар жисмоний имконияти чекланган фуқарога тижорат банкларининг имтиёзли микрокредитларини олиши бўйича махсус сертификатлар топширилди. Бош­лан­ғич сармояни шакллантириш учун ажратилаётган бу микрокредитлар улар ўз ишини йўлга қўйиши, шу ор­қали ижтимоий фаоллиги ошиши билан ҳам аҳамиятлидир.

— Давра суҳбатига тайёргарлик кўриш жараёнида партия фаоллари, депутатлик гуруҳлари тижорат банклари ходимлари билан ҳамкорликда ўз ишини бошлаш ниятида юрган ногиронларнинг бизнес ташаббусларини ўрганиб чиқди, — дейди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева. — Шу асосида Тошкент шаҳрида ҳудудий ривожланиш дастури ва иш ўринлари ташкил этишнинг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда истиқболли, деб топилган 30 лойиҳа муаллифи таклиф этилган бўлса, уларнинг 15 нафари микрокредит учун сертификат олди, қолган 15 нафарига лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича зарур ёрдам кўрсатилди, ҳуқуқий ва молиявий маслаҳатлар берилди.

— Мен бугун ўз ишимни йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатга эга бўлдим, — дейди Азиз Абдураҳмонов. — Маблағни «Азиз Лаззатли таом» хусусий корхонаси фаолияти учун сарфламоқчиман. Ўз меҳнатим билан оилам фаровонлигига ҳисса қўшишни хоҳлайман.

— Бугунги тадбир барчамизнинг кўнглимизни тоғдек кўтарди, — дейди Шаҳноза Нурматова. — Юртимизда нафақат ушбу санада, балки йил давомида бизга чексиз ғамхўрлик кўрсатиб келинади. Бу келажакка ишончимизни оширади. Бугун ўз мустақил ишини бошлаш ҳаракатида юрган тенгдошларимга ҳавас қилиб, келажакда мен ҳам мус­тақил бизнесимни йўлга қўйишга қарор қилдим.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракция­си аъзоси ­Комила Каромова, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бош мутахассиси Қутлимурод Чуринов ва Ўзбекис­тон Республикаси Марказий банки вакиллари сўзга чиқиб, жисмоний имконияти чекланган кишиларга берилаётган имтиёзлар, улар ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида фикр юритишди.

Бундан ташқари, тадбир давомида кўчма Жамоатчилик қабулхонаси ташкил этилди. Депутатлар қабулхонага тушган мурожаатлар ва уларнинг амалий ечими бўйича вазифаларни белгилаб олишди.

Тадбир сўнгида Меҳрибонлик уйлари ва жисмоний имконияти чекланган фуқароларга дори-дармон ва совғалар топширилди.

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.