05.12.2013

ИНСОН ҲУҚУҚИ — ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Тарихда шундай саналар бўладики, улар ўз моҳиятига кўра, мамлакат келажаги, ­халқнинг эртанги кунини белгилайди. Ана шундай тарихий саналардан бири 1992 йил 8 декабрь — Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган кундир.

Биз Конституция ҳақида сўзлаганда доимо уни Асосий, қонун, Бош ҳуқуқий ҳужжат сифатида тилга оламиз. Шунингдек, уни эркинлигимиз ҳамда манфаатларимизни ифода этган бахтимиз қомуси, деб эътироф этамиз. Давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларини тартибга солиш бўйича қабул қилинаётган барча қонунлар, аввало, Конституцияга асосланади.

Бош Қомусимизнинг 24-моддасида «Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир», деб белгилаб қўйилган. Дарҳақиқат, инсоннинг яшаш ҳуқуқини таъминламасдан унинг бошқа ҳу­қуқлари тўғрисида сўз юритиш мумкин эмас.

Жиноий жазоларни янада либераллаштириш мақсадида 2005 йил 1 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида»ги Фармони эълон қилинди. Мазкур Фармонга мувофиқ, 2007 йил 11 июлда «Ўлим жазоси бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳам қабул қилинди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларнинг асосий мазмуни биринчи навбатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, одил судлов сифатини оширишга, озодликдан маҳрум этиш жойларида жазони ўташ шароитларини яхшилашга, ярашув институтини жорий этишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

Фармонга асосан 2008 йил 1 январдан бошлаб мамлакатимизда ўлим жазоси бекор қилиниб, у узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилди. Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистонда ўлим жазосини қўллашга доир жиноят қонунчилиги сиёсати бутун жаҳонда кечаётган жараёнларга тўла мос бўлиб, Ўзбекистон Конституцияси моҳиятидан келиб чиқадиган инсонпарварлик тамойилини ўзида тўла акс эттиради. Бинобарин инсонга, унинг Парвардигор ато этган ҳаётига ҳамиша буюк неъмат сифатида муносабатда бўлиб келган халқимизнинг маънавий қадриятлари ҳам шуни тақозо этади.

Ўлим жазосининг бекор қилиниши, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосининг 18 ёшга тўлмаганлар, аёллар ва 60 ёшдан ошган эркакларга қўлланилмаслиги ҳам инсонпарварлик ғоясининг амалдаги исботидир. Мамлакатимизда ўлим жазосининг бекор қилиниши жаҳон ҳамжамияти, хорижий мутахассислар томонидан юксак баҳоланди. Умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси Германия ва Польша давлатларида 5 та, Бельгия ва Россияда 6 та, Данияда 9 та, Швецияда 13 та, Францияда 18 та, Голландияда эса 19 та жиноят таркибига нисбатан қўлланилади. Мамлакатимизда ушбу жазо фақатгина 2 та, яъни қасддан одам ўлдириш ва терроризм жиноятларига нисбатан қўлланилади.

Бу эса мамлакатимизда ислоҳотлар узоқни кўзлаб, инсон манфаатини ўйлаб, чуқур мулоҳаза асосида ҳамда замон билан ҳамнафас руҳда амалга оширилаётганидан далолатдир.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда инсонпарвар давлат, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш мақсадида барча соҳалар, хусусан, қонунчилик ва суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг кафолати сифатида намоён бўлмоқда. Чунки, ҳуқуқий демократик давлатда ҳар қандай масала қонун асосида адолатли йўл билан ҳал этилади. Инсонпарварлик тамойилига асосланган Конституциямиз эса бундан кейин ҳам эзгу қадриятларимиз ўз ифодасини топаётган қонунчилигимизни ривожлантиришга мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаверади.

Комила КАРОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.