05.12.2013

ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ БАРПО ЭТИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТИ

Конституциямиз қабул қилинганининг 21 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгашида «Кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг ҳуқуқий кафолати» деб номланган давра суҳбати ўтказилди. Унда вилоят партия кенгаши аъзолари, туман, шаҳар кенгашлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

— Мамлакатимиз Конституциясида ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари ҳимояси кафолатланган, — деди ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси Маҳмуджон Маҳкамов. — Унинг ҳар бир моддаси, ҳар бир банди ижросини таъминлаш, уларга сўзсиз амал қилиш кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг энг муҳим шартларидан биридир. Бунинг учун ҳуқуқий тар­ғиботни янада кучайтириш, партия­миз электоратининг ҳуқуқий онги ва сиёсий маданиятини юксалтиришга қаратилган тадбирларни изчил олиб боришимиз зарур.

— Қонун устуворлиги ўзбек моделининг биринчи тамойилидир, — деди халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП ­депутатлик гуруҳи раҳбари ­Аҳмаджон Абдуллаев. — Шундай экан, Бош Қомусимизда мустаҳкамланган мeъёрлар, улар асосида қабул қилинган аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳ­тиёж­манд қатлами манфаати билан боғлиқ қонунлар бажарилиши самарадорлигини янада ошириш муҳим вазифаларимиздан биридир. Бу борада партия ташкилотлари жамоатчилик, депутатлик гуруҳлари эса вакиллик ҳокимияти назоратини олиб боришда фаол қатнашиши ўзининг юқори натижаларини беради, албатта.

— Маҳаллий Кенгашлар депутатларининг муҳокама этилаётган масала, қабул қилинаётган қарор ёки бошқа ҳужжатларга сиёсий партия вакили сифатида унинг ғоя ва дастуридан келиб чиққан ҳолда муносабат билдириши амалиётини янада такомиллаштириш зарур, деб ҳисоблайман, — деди ЎзХДП Тошлоқ туман кенгаши раиси ўринбосари Турсунбой Солиев. — Бу борада депутатларга қонунларимиз билан берилган ҳуқуқ ҳамда ваколатлардан унумли фойдаланиш долзарб масалалардан биридир. Бундан ташқари, партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳларини электорат билан боғлайдиган механизмларни тобора такомиллаштириб бориш ҳам электоратнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошиши, жамиятда ҳуқуқий маданият юксалиши, пировардида кучли жамият ривожланиб боришида муҳим аҳамиятга эга.

Давра суҳбатида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сес­сия­лари, доимий комиссияларида бўлаётган партиялараро баҳсни оммавий ахборот воситаларида кенгроқ ёритиш, баҳс-мунозара маданиятини юксалтириш орқали одамларда фикрлар хилма-хиллигини ривожлантириш борасида таклифлар ўртага ташланди.

Бу каби давра суҳбатлари вилоятнинг барча шаҳар ва туман партия кенгашларида ўтказилмоқда.

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.