05.12.2013

«ПАРЛАМЕНТАРИЗМ БИЛИМДОНИ»

танлови ғолиблари тақдирланди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишлаб, ёшлар ўртасида ўтказилган «Парламентаризм билимдони» онлайн танлов-викторинаси ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Жорий йил 7 май куни Қонунчилик палатасининг расмий сайтида «Парламентаризм билимдони – 2013» онлайн кўрик-танлови бошланган эди. Танлов БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати кўмагида ўтказилди.

Танлов давомида ўзбек ва рус тилларида Конституция ва қонунлар, Қонунчилик палатаси ва депутатлар бирлашмаларининг фаолияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида турли йўналишлар бўйича саволлар жойлаштирилди. Уларга берилган жавоблар асосида танлов ғолиблари аниқланди.

Назира МатёҚубова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Юртимизда жисмоний ва маънавий етук ёшларни тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Уларни ­Ватанга садоқат, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, чуқур билим олишлари ва касб эгаллаши, юқори малакали мутахассис бўлиб етишишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Мазкур танлов ҳам ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимини бойитиш, Конституция ғояларини кенг тарғиб қилиш, қонунларни қабул қилиш жараёни ва миллий парламентимиз фаолияти тўғрисида батафсил ҳамда ишончли ахборотларни олишларига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди. Танлов иштирокчилари сони ноябрь ойининг охирига келиб қарийб 6 минг нафарга етди. Бу ўтган йилга нисбатан 1,5 баравар кўп экани ёшларнинг танловга қизиқиши тобора ортиб бораётганидан дарак беради.

Маҳфуза ХолиҚова, Андижон вилояти, Хўжабод туманидаги Педагогика коллежи ўқувчиси:

– Ўтган йили танлов ҳақида устозларимдан эшитгандим. Ўзим ҳам мамлакатимизда бўлаётган ўзгариш ва янгиланишларни интернет ва матбуот орқали кузатаман. Ёшларга оид қонун ҳужжатлари билан танишиш мақсадида Қонунчилик палатаси фаолияти билан ҳам танишиб бораман. Мазкур танлов билимимни янада бойитишимга ёрдам берди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари,  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти, депутатлик бирлашмалари фаолияти, хусусан, сиёсий партиялар фракциялари, депутатлик гуруҳлари, уларнинг таркиби ва ваколатлари ҳақидаги саволларга жавоб топиш асносида парламентимиз фаолияти билан янада яқинроқ танишдим. Бу олган билимимни синаб кўриш ва дунёқарашимни кенгайтиришимга яхши имконият бўлди.

Фирдавс Шарипов, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Сурхондарё вилоят бўлими катта мутахассиси, ЎзХДП фаоли:

— Танлов биринчи навбатда онлайн тарзида ташкил этилгани билан аҳамиятлидир. Республикамизнинг исталган ҳудудида туриб унда иштирок этиш мумкин. Бу танловнинг қамрови кенгайиб боришини таъминлайди. Натижада берилаётган саволлар орқали аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий билими ошади, тенгдошларимизда мамлакатимизда кечаётган жараёнларга дахлдорлик ҳисси кучаяди. Танлов ёшларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга кенг жалб этишда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳақиқатан ҳам, танлов ёш­ларнинг ҳуқуқий савияси ва фуқаролик фаоллигини оширишга ёрдам берди. Мамлакатимизда сайловлар ва сайлов тизими, парламент назоратини тартибга соладиган қонунлар юзасидан савол-жавоблар келажакда депутат бў­лишни мақсад қилган биз ёшлар учун, айниқса, муҳим аҳамият касб этди.

Танлов якунига кўра, Тошкент шаҳридан Анастасия Бородастова биринчи, Ўзбекистон Миллий университети талабаси Ёқутхон Ҳакимова иккинчи, Дилшод Абдуазизов учинчи ўринларни эгаллади. Ғолибларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, иштирокчиларга қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳам ўз совғаларини тақдим этди.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.