03.12.2013

ТАЪЛИМ ОЛИШ ҲУҚУҚИ КАФОЛАТЛАРИ

Давлат ва жамият ҳаётида таълим-тарбия нақадар улкан аҳамият касб этишини изоҳлаб ўтириш шарт эмас, деб ўйлайман. Конс­титуциямизнинг 41-моддасида «Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир» де­йилган. Асосий қонунимизнинг бу нормалари «Таълим тўғрисида»ги қонун, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастур»и­да ўзининг ташкилий-ҳуқуқий механизмини топган.

Бугунги кунда мамлакатимизда узлуксиз таълим тизими яратилиб, иқтисодиётимизнинг барча соҳалари учун олий ва ўрта махсус билимга эга бўлган кадрларни тайёрлаш ва уларни иш билан таъминлаш йўлга қўйилган. Бош Қомусимизга кўра, фуқаролар билим олишда жинси, тили, ёши, ирқи, миллий мансублиги, эътиқоди, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, хизмат тури, ижтимоий мавқеи, турар жойи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қанча вақт яшаётганлигидан қатъи назар ҳар кимга билим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланади. Билим олиш ҳуқуқини бирон бир шаклда чеклаш тегишли жавобгарликни келтириб чиқаради. Таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бошқа давлат фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахс­лар ҳам республикамизда билим олишлари мумкинлиги назарда тутилган.

Жисмоний имконияти чекланган айрим фуқароларнинг ҳам билим олиш ҳу­қуқлари тўла ҳимояланган. Кўзи ожиз, эшитиш қоби­лия­ти паст, турли даражада ногирон фуқаролар таълим олишига мўлжалланган махсус таълим муассасаларининг фаолият юритиб келаётганлиги фикримиз ­исбо­­тидир.

Конституцияда белгиланганидек, умумий таълим олиш бепул амалга оширилади. Ҳозирда қабул қилинган дастурга мувофиқ, мамлакатимизда 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизими жорий этилди. Юртимизда амалга оширилаётган моделнинг принципиал хусусияти шундаки, умумтаълим мактабидаги 9 йиллик ўқишдан сўнг ўқувчилар кейинги 3 йил давомида ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда таҳсил олиб, умумтаълим фанлари билан бирга меҳнат бозорида талаб қилинадиган 3-4 та мутахассислик бўйича касб-ҳунар ҳам эгаллайди.

Ўзбекистонда мактаб таълими 7 та тилда: ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, туркман ва тожик тилларида олиб борилади. Кейинги таълим босқичи, яъни олий таълим, олий ўқув юртидан кейинги таълим фуқаронинг ўз хоҳишига қараб бепул ҳамда шартнома асосида тўлов эвазига амалга оширилиши мумкин.

Мазкур йўналишда таълим соҳасида ислоҳотларнинг самарали боришини таъминловчи ҳуқуқий асосни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида» (янги таҳрирда) қонуни ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури», «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиё­сатининг асослари тўғрисида»ги, «Соғлом авлод учун» орденини таъсис этиш тўғрисида»ги қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони, «Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг «Узлуксиз таълим тизими учун давлат таълим стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш тўғрисида»ги, «Халқ таълими муассасалари харажатларини молиялаштириш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари қабул қилинди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги сифат бос­қичига кўтарилганлигидан далолат берди. Биргина мисол. Жорий йил май ойида 47-Халқаро Менделеев олимпиадасида Ўзбекис­тон ёшлари 2 та олтин, 5 та кумуш ва 8 та бронза медалини қўлга киритди.

«Кадрлар тайёрлаш миллий дастури»нинг мақсади — таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, уни ўтмишдан қолган мафкуравий қарашлар ва сарқитлардан тўла халос этиш, ривожланган демократик давлатлар даражасида, юксак маънавий ва ахлоқий талабларга жавоб берувчи юқори малакали кадрлар тайёрлаш Миллий тизимини яратишдир.

Мамлакатимизнинг ҳар бир шаҳар, туман, вилоят марказларида янги, барча қулайликларга эга бўлган, замон талабларига жавоб берадиган, илғор техника ва технологиялар билан жиҳозланган олий ўқув юрт­лари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактаблари ташкил этилди ва этилмоқда. Мавжудлари тўла капитал таъмирдан чиқарилди.

Ўзбекистонда таълим соҳасини ривожлантириш ва ислоҳ этишга йўналтирилаётган йиллик харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизини ташкил этаётгани ва бу тизимнинг Давлат бюджети харажатларидаги улуши 35 фоиздан ортиқни ташкил этиши ўз-ўзидан мазкур соҳага қаратилаётган улкан эътиборнинг яққол тасдиғи ҳисобланади.

Таълим олишнинг яна бир муҳим жиҳати бизда таълим тизимида ўқувчиларнинг нафақат кенг билим ва профессионал кўникмаларини эгаллаши, айни пайт­да чет мамлакатлардаги тенгдошлари билан мулоқот қилиш, бугунги дунёда рўй бераётган барча воқеа-ҳодисалар, янгилик ва ўзгаришлардан атрофлича хабардор бўлиш, жаҳондаги улкан интеллектуал бойликни эгаллашнинг энг муҳим шарти ҳисобланган хорижий тилларни ҳам чуқур ўрганишлари учун катта аҳамият берилмоқда. Шу ўринда мамлакатимизда таълим соҳасида жаҳоннинг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда дунё таълим стан­дарт­ларига жавоб берадиган олий таълим муассасалари — Вестминс­тер университети, Турин политехника университети, Сингапур менежментни ривожлантириш инс­титути, Моск­ва давлат университети, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, Губкин номидаги Россия нефть ва газ университетининг филиаллари ташкил этилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ўсиб келаётган ёшларнинг нафақат интеллектуал сало­ҳия­тини юксалтириш, балки жисмонан бақувват бўлишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда уч бос­­қичдан иборат мактаб ўқувчилари учун «Умид ниҳоллари», академик лицей ва касб-ҳунар коллеж талабалари учун «Баркамол авлод», Олий ўқув юрти талабалари учун «Универсиада» спорт ўйинлари жорий қилинди. Президентимизнинг 2002 йил 24 октябрдаги Фармони билан Ўзбекис­тон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.

Мамлакатимизда Президент Ислом Каримов ташаббуси билан таълим соҳасида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотларга 2012 йил 16-17 февралда Тошкентда ўтказилган «Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти» мавзусидаги халқаро конференциянинг якуний хулосасида ҳам юксак баҳо берилди. Конференцияда Ўзбекистон мисолида аҳо­лининг, шу жумладан, олис қишлоқлардаги болалар ва ёшларнинг барча босқичларда бепул умумий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими олиш жорий этилганлиги бир қатор давлатлар учун фойдали тажриба бўлиши мумкинлиги айтилди. Таълим тизимидаги ишлар намуна сифатида тан олинди.

Бугунги кунда ҳар қандай мамлакатнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлиги нафақат табиий ресурсларнинг мавжудлиги, балки биринчи навбатда, замонавий янгиланиб турган технологияларни ўзлаштиришга қодир юксак билимли ва малакали кадрларга боғлиқдир. Бош қонунимиз ана шу юксак ахлоқли, замонавий билим ва кўникмага эга кадр­ларни тайёрлашнинг ҳу­қуқий асоси ҳисобланади.

Сотиболди БОБОҚУЛОВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, юридик фанлари доктори, профессор.



DB query error.
Please try later.