03.12.2013

ОИТС — ТИРИКЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТ ДУШМАНИ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ОИТСга қарши кураш маркази билан ҳамкорликда Бутунжаҳон ОИТСга қарши курашиш куни муносабати билан «ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, халқимиз саломатлигини муҳофазалаш борасида амалга оширилаётган ишлар бераётган самаралар» мавзуида матбуот анжумани ўтказди. Унда вазирлик ва марказнинг масъул ходимлари иштирок этди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Сайдмурод Сайидалиев ўз кириш сўзида одам иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) чақирадиган ОИТС касаллиги бугунги кунда дунё мамлакатлари учун жуда катта глобал муаммога айланиб улгургани хусусида тўхталди. Бу касаллик асосан аҳолининг меҳнатга лаёқатли қисмини зарарлайди ва унга чалинганларни ижтимоий ҳимоя қилиш мажбуриятини пайдо қилади. Унга кетадиган сарф-харажатларнинг катталиги иқтисодий тараққиётга, аҳолининг соғлом ҳамда бехавотир турмуш кечиришига хавф туғдиради, миллий тараққиёт ва бар­қарорликка салбий таъсир кўрсатади. Республикамизда аҳолининг кенг қатлами, айниқса, ёшлар, ОИВ инфекциясини юқтириб олишга мойил гуруҳлар орасида тегишли профилактик тадбирлар олиб борилмоқда.

Масалан, сўнгги икки йил давомида ОИВ инфекцияли беморларни эрта аниқлаш, даволаш самарасини мониторинг қилиш мақсадида давлат бюджетидан 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилиб, 23 турдаги замонавий лаборатория ва даволаш асбоб-анжомлари харид қилинди ва ўрнатилди. 2012 йилда ОИВ инфекциясига текширувлар сони 2,2 миллионни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг ўтган 10 ойида бу кўрсаткич 2,2 миллиондан ортиб кетди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ОИВнинг аниқланиши 2010 йилга нисбатан 1,3 мартага камайгани кузатилди.

Жорий йилда ҳам ОИВ инфек­ция­ли шахсларни даволашга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда 7800 дан ортиқ ОИВ инфекция­ли шахслар ретровирусга қарши махсус даволанмоқда. Шу мақсадда Глобал Жамғарма ло­йиҳаси маблағларидан 3,4 миллион АҚШ доллари сарфланди. 2014 йилда давлат бюджетидан 2 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши режалаштирилган.

Республикамизда ОИВ инфек­ция­­сини онадан болага ўтишининг олдини олиш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Республикада ҳомиладор аёлларни ОИВ инфекциясига қарши текшириш жорий қилинган бўлиб, бундай тадбирлар натижасида ўтган йилда ОИВ инфекцияли ҳомиладорлардан 98 фоиз ҳолатда соғ­лом фарзанд дунёга келтирилган. Жорий йилнинг ўтган даврида ушбу кўрсаткич 94 фоизни ташкил этди.

Яқинда мазкур касалликнинг олдини олишга қаратилган янги ҳуқуқий ҳужжат — «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши кураш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. Унга асосан амалга ошириладиган тадбирлар нафақат касалликнинг олдини олиш, балки диагностика, даволаш ва ижтимоий муҳофаза каби масалаларга оид муносабатларни қамраб олади. Шу билан бирга, янги қонун билан ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш соҳасидаги давлат сиёсати, ушбу соҳада фао­лиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари вазифалари белгилаб қўйилди.

Анжуманда Республикамиздаги даволаш-профилактика муассасалари, ихтисослаштирилган марказлар, илмий-текшириш институтларининг масъул ходимлари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: