Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
03.12.2013

ШАҲРУЛЛО МАҲМУДОВ: «ОЛТИН МЕДАЛЬ ҚЎЛИМИЗДА, НАВБАТ — ЖАҲОН РЕКОРДИГА!»

Шу йилнинг 18-27 октябрь кунлари Вроцлав (Польша)да оғир атлетика бўйича ўтказилган саксонинчи жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг эришган муваффақияти барчамизнинг кўксимизни фахр-ифтихорга тўлдирди. Унда моҳир полвонларимиз — Руслан Нурудинов ҳамда Улуғбек Алимов ғалабалари муносабати билан Ватанимиз байроғи сарбаланд бўлди, давлатимиз мадҳияси янгради. Ўзбекистон терма жамоаси эллик тўққиз давлат орасида умумжамоа ҳисобида кучли тўртликдан жой олди.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 30 октябрдаги Фармонига мувофиқ жаҳон чемпионатларида эришган ютуқлари билан Ватанимизнинг спорт соҳасидаги шон-шуҳратини юксалтиришда ибрат ва намуна кўрсатгани, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга қўшган муносиб ҳиссаси учун оғир атлетика бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари Руслан Нурудинов «Ўзбекистон ифтихори», Улуғбек Алимов «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвонлари билан тақдирланди.

Спортчиларимизнинг жаҳон чемпионатидаги иштироки, келгуси режалари ҳақида Ўзбе­кис­тон оғир атлетика федерацияси биринчи вице-президенти Шаҳрулло Маҳмудов билан суҳбатлашдик.

— Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларининг чемпионатга пухта тайёрланиши ва беллашувларда муносиб қатнашишида давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралда қабул қилинган Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро (Бразилия)да бўлиб ўтадиган ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарори муҳим дастурил­амал бўлди. — Мусобақанинг 105 килограмм вазн тоифасидаги баҳсларида ўн етти мамлакатдан йигирмадан зиёд оғир атлетикачи ўзаро рақобатлашди. Чемпионлик учун кураш асосан уч спортчи — икки карра Осиё чемпиони ва Бутунжаҳон универсиадаси ғолиби ҳамюртимиз Руслан Нурудинов, россиялик жаҳон рекордчиси Давид Беджанян ва Лондон Олимпиадаси совриндори, польшалик Бартломей Войцех Бонк ўртасида кечди. Полвонимиз штангани даст кўтаришда 190, силтаб кўтаришда 235 ва иккикураш натижасига кўра, жами 425 килограмм натижа қайд этиб, умумий кўрсаткич бўйича биринчи ўринни эгаллади. Иқтидорли спортчимиз Руслан Нурудинов оғир атлетикачиларимиз ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган биринчи спортчи сифатида мамлакатимиз спорти тарихидан жой олди. Шунингдек, нуфузли мусобақада Осиё чемпиони Улуғбек Алимов (77 кг) штангани силтаб кўтаришда 197 килограмм натижа қайд этиб, кумуш медалга, иккикураш бўйича 355 килограмм кўрсаткич билан бронза медалга сазовор бўлди.

— Шаҳрулло ака, бундан 15-20 йил илгари оғир атлетикачиларимизнинг бундай юксак натижалари ҳақида фақат орзу қилинарди. Бугун қўлга киритилаётган бу ютуқлар ўз-ўзидан рўёбга чиқмаётган бўлса керак, албатта.

— Ҳа, полвонларимизнинг жаҳон чемпионатларида кучли ўнликдан жой олишини интизорлик билан кутган пайтларимиз кўп бўлган. Оғир атлетикачиларимизнинг ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритиши эса кўпчилик учун тушдек туюлган, десам хато бўлмайди. Энди вазият ўзгарди. 2004 йилги Афина олимпиадасидан бошлаб спортчиларимиз ҳар тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаларида мунтазам равишда иштирок этиб келмоқда. 2008 йилги Пекин олимпиадасида икки нафар спортчимиз майдонга чиққан бўлса, Лондонда ўтказилган охирги ёзги Олимпия ўйинларида бир йўла олти нафар полвонимиз Ватанимиз шарафини ҳимоя қилди. Агар сўнгги ўн йилликда ўтган қитъа чемпионатлари тарихига назар ташласак, уларнинг барчасида вакилларимиз кучлилар қаторида эътироф этиб келинаётганини кўрамиз.

— Польшада Руслан Нурудинов жаҳон рекордини ҳам янгилаши мумкин эди. Бироқ мусобақа чоғида мураббийлар полвонимизга бош­қача кўрсатма беришди...

— 105 кг вазн тоифасида жаҳон рекордлари — даст кўтаришда 200, силтаб кўтаришда 238 килограмни ташкил қилади. Аслида Руслан ҳар иккала кўрсаткични ҳам машғулотлар чоғида бир неча маротаба қайд этган. Аммо жаҳон чемпионати бу шунчаки машғулот эмас. Катта спортда таваккалчилик доимо ҳам ижобий натижа беравермайди. Мусобақадаги кучли ҳаяжон ва босимни ҳисобга олган ҳолда мураббийлар вазиятни тўғри баҳолашди, деб ўйлайман. Агар биз жаҳон рекорди ортидан қувганимизда, чемпионат олтин медалидан қуруқ қолишимиз мумкин эди. Мана жаҳон чемпионлиги қўлга киритилди, энди — нав­бат жаҳон рекордига! Шу зайлда ишлашда давом этсак, ишонаманки, келгуси жаҳон чемпионатида янги рекорд­лар, албатта, спортчиларимиз томонидан ўрнатилади.

— Ҳадемай, 2016 йили Рио-Де-Жанейро (Бразилия)­да бўладиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларига саралаш мусобақалари бошланади. Олдинда эса кўплаб жиддий мусобақалар турибди. Бу спортчиларимизни толиқтирмайдими?

— Ғалабага фақат катта меҳнат ва машаққатлар эвазига эришилади. Биз жаҳон чемпионатидан қайтгач, Тошкент халқ­аро аэропортидан тўғри Чирчиқ шаҳрида жойлашган ўқув-машғулотлар қароргоҳимизга бордик. Чунки Польшада ўтказилган жаҳон чемпионати аллақачон тарихдан жой олди. Спортда чемпионликни қўлга киритишдан кўра, уни сақлаб қолиш мушкул, деган гап бор. Биз эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб қолмасдан янги-янги марралар сари ўзимизни тайёрлаб боришимиз зарур.

Келгуси йил оғир атлетикачиларимиз учун ниҳоятда масъулиятли саналади. Жумладан, биргина сентябрь ойида спортчиларимиз иккита йирик мусобақада иштирок этадилар. Даст­лаб 4-14 сентябрь кунлари Остона (Қозоғистон)да саксон биринчи жаҳон чемпионати ўтказилса, 19 сентябрдан 4 октябргача Инчеон (Жанубий Корея) шаҳри ёзги Осиё ўйинларига мезбонлик қилади. Бундан ташқари, шу йил охиригача оғир атлетикачиларимиз яна иккита йирик халқаро турнирда ўз омадларини синаб кўришлари лозим. Мазкур мусобақалардан бирига Руслан Нурудинов ҳам таклиф этилган. Аммо полвонимиз унда иштирок этмайди. Чунки Руслан йил бошидан бери Осиё чемпионати, Бутунжаҳон универсиадаси ҳамда жаҳон чемпионатларида ўзини кўрсатди. Тўртинчи мусобақа спортчимизни толиқтириб қўйиши мумкин. Шу боис йил охиригача ўтадиган турнирларда Достон Ёқубов (62 кг), Руслан Макаров (69 кг) каби оғир атлетикачиларимизга имконият берамиз.

Эркин ХОЛБОБО

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.