30.11.2013

ЁШЛАР БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

депутатлик гуруҳлари фаолиятининг устувор йўналиши

Касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган ҳар бир ёш ўз мутахассислиги бўйича ишлашни, шу орқали оиласи фаровонлигига ҳисса қўшишни истайди. Жамиятда ўз ўрнини топишга интилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партия­си Ҳаракат дастурида уларнинг шу интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор вазифалар белгиланган. Айни пайтда партия кенгашлари ва депутатлик гуруҳлари бу борада изчил иш олиб бораяпти.

Жорий йилда халқ депутатлари Тошкент вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан сессия­лар кун тартибига битирувчилар бандлигини таъминлаш билан боғлиқ қатор масалалар киритилди. Бу орқали нафақат уларнинг банд­лигини таъминлаш, балки турмуш даражасини юксалтириш бўйича амалий натижаларга эришилди.

Биргина мисол. Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашининг жорий йил февраль ойида бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида ЎзХДП депутатлик гуруҳи ташаббуси билан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш масаласи муҳокама қилинган эди. Унда битирувчиларни доимий иш билан таъминлашдаги мавжуд камчиликлар таҳлил этилиб, бу борада мутасадди ташкилотлар масъулиятини ошириш, турли соҳаларда янги иш ўринлари яратиш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди.

– Партиямиз Сайловолди дастурида аҳолини, шу жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ иш билан таъминлаш борасида давлат ташкилотлари, ижро ҳокимияти идоралари ҳамда корхона-ташкилотлар масъулиятини ошириш муҳим вазифа этиб белгиланган, — дейди ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Сирожиддин Аъзамов. — Шундан келиб чиқиб, янги иш ўринлари ташкил этиш ва битирувчилар бандлигини таъминлаш биз учун энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада ЎзХДП фаоллари, депутатлик гуруҳлари қатор ташаббусларни илгари сурмоқда.

Сессия қарори ижросини таъминлаш мақсадида олиб борилган изчил чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг тўққиз ойида ви­лоят бўйича режада белгиланганидан қарийб мингта кўп иш ўрни ташкил этилди. Корхона ва муассасалар масъул ходимлари коллежларга бириктирилди. Битирувчиларни иш билан таъминлашга алоқадор бўлган барча идоралар вакиллари ўрта махсус таълим муассасаларида ёшлар билан учрашувлар ўтказишди. Ишга жойлашиш борасида уларни ўйлантираётган масалалар ўрганилди. Камчиликлар таҳлил қилиниб, бартараф этиш чоралари кў­рилди. Ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида кўп­лаб меҳнат ярмаркалари ташкил этилди. Хусусан, ЎзХДП Тошкент вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари, ҳокимликлар, прокуратура ҳамда бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари ҳамкорлигида  бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилди. Шунинг натижасида биргина Бекобод туманида 215 нафар коллеж битирувчиси ишга жойлашди.

Партия кенгашлари ва депуталик гуруҳлари томонидан, айниқса, Паркент, Пскент ва Ўрта Чирчиқ туманларида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш ҳисобига аҳо­ли, жумладан, ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича маълум натижаларга эришилаяпти.

Жорий йилда вилоятдаги мавжуд касб-ҳунар коллежларини 38257 нафар ўқувчи битирган бўлса, ­ноябрь ойи ҳолатига кўра уларнинг 24300 нафардан ортиғи иш билан таъминланди.

– Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгашининг май ойида бўлиб ўтган сессиясида ҳам айнан битирувчиларни иш билан таъминлаш масаласи чуқур муҳокама этилган эди, — дейди ЎзХДП Чирчиқ шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Дониёр Азизхўжаев. — Масалани муҳокамага тайёрлаш жараёнида биз битирувчиларни иш билан таъминлашга тўсиқ бўлаётган хато-камчиликларни ўргандик, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрладик.

Чирчиқ шаҳрида 8 та касб-ҳунар коллежи ва 1 та академик лицей фаолият юритмоқда. Уларда 9800 нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олади. Биламизки, битирувчиларни иш билан таъминлашда уч томонлама шартномаларнинг аҳа­мияти катта. Шаҳардаги 1300 дан ортиқ корхона ва ташкилот битирувчилар билан уч томонлама шарт­нома тузган.

Аммо шуни айтиш керакки, баъзи корхона, ташкилотлар томонидан мазкур шартномаларни бекор қи­лиш ҳоллари ҳам учраб турибди.  Сессияда биз айнан шу масалаларга шаҳар жамоатчилигининг эътиборини қаратдик. Ўз вақтида кўрилган чоралар натижасини берди. Жорий йил шаҳарда коллежларни 2952 нафар йигит-қиз битирган бўлса, ­ноябрь ойи ҳолатига кўра 2310 нафарининг бандлиги таъминланди. Қолганларини ҳам иш билан таъминлаш жараёни давом этаяпти.

Шунингдек, касб-ҳунар коллежларини битираётган ёш­ларни мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш масаласи халқ депутатлари Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Чиноз туман ҳамда Ангрен шаҳар Кенгашларининг сессияларида ҳам ЎзХДП депутатлик гуруҳлари ташаббуси асосида кўриб чиқилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди. Уларнинг ижросини изчил таъминлаш депутатлик гуруҳларимизнинг доимий назоратида.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.