30.11.2013

ДЕМОКРАТИК МОДЕРНИЗАЦИЯ ЖАРАЁНИДА

тарғибот ишларини кучайтириш — долзарб масала

Мамлакатимизда фуқаролар ва миллатлараро тотувлик, ижтимоий барқарорлик, ижтимоий бирдамлик каби умуммиллий манфаатларни таъминлашда фаол иштирок этишни Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз дастурий мақсадлари сифатида белгилаб олган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан ўтказилган навбатдаги сиёсий семинарда мазкур вазифаларни самарали ижро этиш, бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Тадбирда иштирок этган партия Тошкент шаҳар кенгаши масъул ходимлари, туман ва шаҳар кенгашлари раислари, сиёсатшунос олимлар, тарғиботчилар мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар билдиришди.

— Партиямиз дастурий мақсад вазифаларини амалга оширишда тарғибот-ташвиқот муҳим аҳа­миятга эга, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева. — Шу боис Ўзбекистон ХДП аҳоли, айниқса, ўз электорати орасида сиёсий ва маърифий тадбирларни мунтазам ташкил этиб келаяпти. Уларда мамлакатимизда бўлаётган янгиланиш ва ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини чуқур тушунтириш, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бу борада Тар­ғиботчилар гуруҳлари фаолиятини такомиллаштириш муҳим ўрин тутади. Шу боис тарғиботчилар гуруҳларига тажрибали партия фаоллари, сиёсатчилар, депутатлар, халқ орасида обрў-эътиборга эга кишиларни кўпроқ жалб қилишга аҳамият берилмоқда.

— Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш билан боғлиқ вазифалар сиёсий партиялар зиммасига катта масъулият юклайди, — деди сиёсатшунослик фанлари номзоди, доцент Хайрулла Умаров. — Бу жараёнда Ўзбекистон ХДПнинг самарали иштирокини таъминлаш, шу билан бирга, партия Дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда мафкуравий-тарғибот ишларини кучайтириш ва такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.

— Ёшларни ёт ғоялар хуружидан асраш бугун ҳар бир партия фаоли зиммасида турган долзарб вазифалардан бири, деб ўйлайман, — деди ЎзХДП Сергели туман кенгаши раиси ўринбосари Салоҳиддин Аҳмадалиев. — Бугунги глобаллашув жараёни, инсон онги учун кураш кескин тус олган бир пайтда партиямиз ташкилотлари бу масалага чуқур эътибор қаратмоқда. Ёш­ларни мафкуравий хуружлардан асраш учун, аввало, уларда соғлом эътиқодни шакллантириш, Ватанга садоқат, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, умуминсоний қадриятларни эътироф этиш борасида ўтказилаётган тадбирларнинг аҳамияти катта бўлаяпти.

— Ўзбекистон ХДП дастурий мақсад ва вазифаларини ҳаётга, бугунги кунимизга боғлаб тарғиб қилиш ўзининг самарасини бераяпти, — деди ЎзХДП фаоли, тарғиботчилар гуруҳи аъзоси Наргиза Халилова. — Ҳар кимни, аввало, ўз ҳаёти билан боғлиқ ёки унга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган фикр, воқеа, факт ва рақам қизиқтиради. Шунинг учун ҳам партия аъзолари, электорат вакиллари орасига кирганимизда Президентимиз фармон ва қарорлари, давлат дастурлари, янги қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳиятини айнан уларнинг ҳаёти билан боғлаб тушунтириб беришга ҳаракат қилаяпмиз.

Семинарда интерактив усуллардан самарали фойдаланиш, партия аъзоларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини янада ошириш, электорат орасида сиёсий ва маърифий ишларни тизимли олиб бориш, ўқувларни ҳар томонлама такомиллаштириш масалаларида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Семинар сўнггида Тар­ғиботчилар гуруҳлари фаолиятини кучайтириш, сиё­сий ўқувларни мавзу жиҳатдан такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Матбуот хизмати.



DB query error.
Please try later.