Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
28.11.2013

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ИЖРОСИДА

ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган дастурлар ўз вақтида ва самарали молиялаштирилишидан аввало Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаат кўрмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар «Ўзбекистон Республикаси Давлат ­бюджетининг 2013 йил 9 ойидаги ижроси ­тўғрисида»ги масалани қизғин муҳокама этишди.

Мажлисда таъкидландики, ўтган тўққиз ой мобайнида Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорлик ҳамда иқтисодиётнинг юқо­­ри суръатлардаги ўсиши таъминланди.

Давлат бюджети ҳисобот даврида профицит билан ижро этилди. Ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқни ташкил этди. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 8,1 фоизни, саноат маҳсу­лотларини ишлаб чиқариш ҳажми 9,4 фоизни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 6,8 фоизни, чакана савдо айланмаси 14,7 фоизни ташкил этди. Машинасозлик ҳамда металлга ишлов бериш, енгил саноат, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати каби тармоқлар жадал ривожланди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг бошқарма бошлиғи Олимжон Жумаевнинг таъкидлашича, ҳисобот даврида 2013 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифалари, хусусан, иқтисодиёт ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш, турли инвес­тиция лойиҳалари бажарилишини жадаллаштириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини юксалтириш билан боғлиқ вазифалар ижроси таъминланган. Шу орқали иқтисодиётнинг бар­қарор ўсиш суръатларини сақлаб қолишга эришилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, истеъмол талабини рағбатлантириш, иқтисодиёт таркибини диверсификация қилишга доир чора-тадбирлар муваффақиятли амалга оширилди.

Таҳлилларга кўра, бунинг натижасида аҳолининг бандлик даражаси 2,5 фоиз, иш ҳақи 17,3 фоиз, пенсия ва ижтимоий нафақалар ўртача 27,8 фоиз, реал даромади 15,9 фоизга ўсган.

ЎзХДП фракцияси Давлат бюджетининг 9 ойлик ижросини кўриб чиқаётганда ижтимоий соҳани қўл­лаб-қувватлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий ҳимояни таъминлашга хизмат қиладиган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали молиялаштирилишига алоҳида эътибор қаратди.

Искандар АЗИЗОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Молия вазирлиги маълумотномасида келтирилишича, ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари Давлат бюджетининг 59,7 фоизини, яъни ялпи ички маҳсулотга нисбатан 13,3 фоизни ташкил этаяпти. Хусусан, ижтимоий ҳимоя­га муҳтож қа­риялар ва ногиронлар таъминоти билан боғлиқ харажатлар ўз вақтида молиялаштирилган.

Ҳудудлар ва тармоқларни ривожлан­тиришга қаратилган дастурларнинг са­марали амалга оширилиши Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида белгиланган иш жойларининг ўз вақтида очилишига шароит яратаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бандлик дастурига асосан жорий йилнинг тўққиз ойида мамлакатимизда 833,4 мингта иш ўр­ни, жумладан, қишлоқ жойларда 488 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.

Аҳолини ижтимоий қўл­лаб-қувватлаш ва фаровонлигини ошириш харажатларига, жумладан, кам даромадли оилаларга, болаликдан ногиронларга, уй-жой-коммунал хизматлари ҳа­қини тў­лаш бўйича имтиёзга эга фуқароларга зарур маблағ ажратилган. Фракциямиз буни мамлакатимизнинг юксалиб бораётган иқтисодий салоҳиятидан аҳолининг ижтимоий ёр­дамга муҳтож қатлами турмуш даражасини яхшилашда фойдаланишга қара­тилган кучли ижтимоий сиёсат самараси, деб ҳисоблайди.

Саттор РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ижтимоий соҳа харажатла­рининг 57,5 фоизи таълим тизимига, 24,2 фои­зи соғлиқни сақлаш ти­зими­ни ривожлантиришга йўнал­тирилгани партиямиз дастурий мақсадларида халқ таълими ва соғлиқни сақлаш ишларининг самарадорлиги бўйича белгиланган вазифалар амалга ошишида муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқув амалиётини ташкил этиш учун зарур бўлган хомашё материаллари харид қилишни молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Маълумки, ёшларнинг ўз мутахассислиги бўйича мукаммал билим ва кўникмаларни эгаллаши уларнинг бандлиги таъминланишида, келажаги кафолати мустаҳкам бўлишида муҳим аҳа­мият касб этади. Ёшлар назарий билимларини амалиётда татбиқ этишни мукаммал ўзлаштирса, бўлғуси иш жойида фаолиятини самарали давом эттира олади. Фракциямиз пар­тиямиз Дастуридан келиб чиқиб, бу масалага жиддий эътибор қаратади. Чунки таълим сифатининг ошиши коллеж битирувчилари бандлигини таъ­минлашга қаратилган чора-тадбирларнинг самарали ҳал этилишига хизмат қилади.

«Обод турмуш йили» Дав­лат дастури доирасида кў­риб чиқилаётган даврда 540 минг нафар биринчи синф ўқувчиси ўқув қуроллари ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига қишки кийим-бош ва пойабзаллар олинган, 64 та «Баркамол авлод» бо­лалар маркази ҳамда 132 та коллеж ва академик ли­цей капитал таъмирланган.

Фракциямиз муҳокама чоғида, шунингдек, таълим ва тиббиёт соҳасига ажрати­лаётган маблағларнинг тў­лиқ ўзлаштирилиши, бюджет маблағларининг мақсад­ли ишлатилишини таъминлаш ва бюджет интизомига қатъий риоя қилиниши юзасидан назоратни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Фракция аъзолари бюджет ижроси бўйича масъулиятни изчил ошириш, бу борада тезкор ва самарали чоралар кўриш зарурлигини таъкидлашди.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, «Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2013 йил 9 ойидаги ижроси тўғрисида»ги ҳисобот қўл­лаб-қувватланди.

Фракция мазкур масала юзасидан ўз нуқтаи назарини Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида ҳам қатъият билан илгари сурди. ЎзХДП фракцияси аъзолари Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ялпи маж­лисда кўриб чиқишда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини амалга ошириш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қа­ратдилар. Ҳисобот даврида бюджет харажатларининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳага тўғри келиши Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлигидан дарак беради. Айни вақт­да аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланишга бундан буён ҳам жиддий эътибор қаратилиши муҳим аҳа­миятга эга экани таъкидланди.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.