28.11.2013

ҲИНДИСТОНДАГИ ЕТАКЧИ СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР

ижтимоий ҳимоя тамойилини мустаҳкамлаш тарафдори

Ҳар қандай мамлакатда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришда сиёсий партиялар муҳим ўрин тутади. Сиёсий майдондаги курашлар ҳам бевосита сиёсий партиялар ўртасида кечади. Соғлом рақобат, тенг шароит ва имконият асосига қурилган бу жараёнлар демократиянинг асосий тамойилларидан  ҳисобланади.

Бу борада дунё тажрибасини ўрганиш, сиёсий партиялар ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўлиш партиямиз аъзолари ва фаолларининг сиёсий билимини ошириш, ибратли тажрибалардан фойдаланиш имкониятини беради.

Ҳиндистонда кўппартиявийлик тизими қарор топган. ­Сиёсий партиялар шаклланиш тарихи ХIХ аср охирларига бориб тақалади. Айни пайтда умумҳинд партиялари 10 тадан ошмаса-да, мамлакатда юзлаб сиёсий партиялар мавжуд. Хусусан, штат органларига сайловларда баъзан 300 га яқин партия иштирок этади. Уларнинг кўпчилиги штатлар миқёсида фаолият юритади. Ҳиндистонда миллий партия тушунчаси мавжуд. Парламент қуйи палатасига сайловларда камида 4 штатда 4 фоиздан кўп овоз олган партия миллий партия деб эътироф этилади. Одатда, бундай партияларнинг сони 5-7 тадан ошмайди.

Мамлакатдаги етакчи партиялардан бири Ҳиндис­тон миллий конгресси (социал-демократик партияси) ҳисобланади. ҲМК 1885 йил 28 декабрда ташкил этилган бўлиб, 1978 йил январда қайта тузилади. Ушбу партия Ҳиндистон давлатчилиги тарихида муҳим ўринга эга. Чунки, айнан шу партия мамлакатни мустақилликка етаклаган.

Партиянинг асосий ғояси дастлаб умуминсоний қадриятлар, давлат секторини ривожлантириш, аҳолининг турли қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш, ўрта синф вакилларини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлади. Аҳоли турли қатламининг ҳамкорлигини таъминлаётган социал ғоя партиянинг дастурий концепцияси ҳисобланади. ҲМК диний ва жамоага оид низоларга қарши чиқади, қашшоқлик, саводсизлик, каста (табақа) қолдиқлари билан курашади.

ХХ асрнинг 70 йилларига келиб, партия ғояси халқ­қа янада яқинлашади. Шу давр­даги сайловларда партия етакчилари асосий эътиборни аҳолининг ижтимоий ҳимоя­га муҳтож вакилларини қўл­лаб-қувватлаш, уларга тенг шароитлар яратиш учун курашга қаратади. Бу эса ўз нав­батида партия­нинг бутун мамлакат миқёсидаги обрўсини янада ошириб юборади. Натижада сайловларда ғо­либликни қўлга киритади.

Бундан кўриниб турибдики, партиянинг ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд, бозор иқтисодиёти шароитида тенг имкониятларга эга бўлмаган кишиларни қўллаб-қувватлаш ғояси кўпчилик томонидан маъқулланади. Чунки, мазкур ғоя Ҳиндистонда кўп минг сонли фуқаролар ўртасида ижтимоий бирдамлик мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Бугунги кунда ҳам ҲМК шу ғояни илгари сурмоқда. Бу партия ҳозир ҳам Ҳиндистондаги етакчи партиялардан ҳисобланади. 2009 йил апрель-май ойларида мамлакат парламентининг қуйи палатаси – Лок Сабҳага сайловлар бўлиб ўтди. 714 миллион нафардан ортиқ сайловчи иштирок этган мазкур сайловларда қуйи палатадаги 573 ўриндан 206 тасини ҲМК қўлга киритди ва ўзининг етакчилигини сақлаб қолди.

Бу натижа аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий соҳани ривожлантиришга хизмат қиладиган ғоя тарафдорлари Ҳиндистонда аксарият кўпчиликни ташкил этаётганини кўрсатиб турибди.

Ҳиндистонда фаолият кўрсатаётган Бхаратия жаната, Жаната дал каби йирик сиёсий партиялар ҳам ижтимоий йўналтирилган сиё­сат тарафдори бўлиб келаё­тир. Уларнинг асосий йўналишлари қишлоқ хўжалиги ва кичик саноатни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган стратегия ишлаб чиқиш, шунингдек, чет эл инвестицияси оқими кириб келишига ёрдам берувчи сиёсат юритишга қаратилган.

Шуни айтиш лозимки, иқтисодий ривожланишда ижтимоий адолатнинг қарор топиши, ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатларни ошириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш учун кураш олиб бориш Ҳиндистондаги етакчи сиёсий партияларнинг умумий хусусиятларидан бири ҳисобланади.

Нурали ОРИПОВ



DB query error.
Please try later.