26.11.2013

КОНСТИТУЦИЯ — ХОТИН-ҚИЗЛАР ВА ОИЛАЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШНИНГ МУСТАҲКАМ АСОСИДИР

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар», деб белгиланган. 

Мустақиллик йилларида давлатимиз 200 дан ортиқ турли халқаро Конвенция, Битим, Шартномаларга қўшилган бўлса, улар орасида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар ҳуқуқ­ларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳужжатлар алоҳида ўрин тутади.

Хусусан, «Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Хотин-қизларни камситишларнинг барча шаклларига ­барҳам бериш тўғрисида»ги, «Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисида»ги, «Бир хил қийматдаги меҳнат учун эркаклар ва аёлларни тенг рағбатлантириш тўғрисида»ги конвенциялар ҳамда бошқа бир қатор халқаро ҳужжатлар қоидалари миллий қонунчилигимизда ўз ифодасини топган ва уларнинг бажарилиши таъминланиб келинаяпти.

Таъкидлаш жоизки, миллий қонунчилигимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш, уларга қўшимча имтиёзлар бериш бўйича ҳам ҳуқуқий асослар яратилган. Масалан, Оила кодексида оилавий муносабатларда аёл ва эркакнинг тенг ҳуқуқлилиги шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши белгиланган. Меҳнат Кодексининг 6-моддасида эса барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг им­коният­ларга эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Меҳнат кодексида, шунингдек, ҳомиладор аёлларни енгилроқ ишга ўтказиш, уларга қисқартирилган иш соатлари жорий қилиш, қўшимча таътил бериш каби бир қанча имтиёзлар белгиланган. Аҳамиятли жиҳати, мазкур қоида ва талаблар асосида юртимиз хотин-қизларининг жамиятдаги, оиладаги мавқеи ошиб, уларнинг ижтимоий ҳимоя­си кучайиб бораяпти.

Яна бошқа бир қатор қонунларда Конституциямиз қоидаларидан келиб чиққан ҳолда, хотин-қизлар ва оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Хусусан, солиқ ва иқтисодиётга оид қонунлар такомиллашиб бораётгани солиқлар юкини камайтириш ва бизнес фаолиятига асоссиз аралашувларга чек қўядиган кўплаб янги қонунларнинг яратилиши мазкур соҳаларда фаолият юритаётган хотин-қизларга, ўз ишини бошламоқчи бўлган аёлларга кўмаклашиш ва улар бандлигини таъминлаш бўйича кенг имкониятлар яратиб берди.

Натижада қўлидан иш келадиган, касби, ҳунари бор кўплаб хотин-қизлар оилавий тадбиркорлик ва касаначилик асосида меҳнат қилиб, оила даромадига улуш қўшиб келмоқда.

Юртимизда хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлашда сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар муҳим аҳамиятга эга бўлди. Унга мувофиқ, сиё­сий партиялардан депутатликка кўрсатиладиган номзодлар орасида хотин-қизлар 30 фоиздан кам бўлмаслиги  керак. Бу меъёр Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ичида биринчи бўлиб бизнинг юртимизда  жорий этилди ва шундан кейин бўлиб ўтган сайловлар натижасида мамлакатимиз парламентида аввалги сайловга нисбатан икки ярим баравар кўп хотин-қиз депутат этиб сайланди. Бу хотин-қизларни сиёсий жараёнларга янада кенгроқ жалб этиш, қонунлар ва қарорлар қабул қилишда уларнинг иштирокини фаоллаштириш учун мус­таҳкам замин яратди.

Бугун нафақат ижтимоий соҳалар, балки иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ҳисобланган банк-­молия тизими, ишлаб чиқариш жараёнида ҳам хотин-қизлар етакчи куч сифатида меҳнат қилаяпти.

Таъкидлаш жоиз, «Обод турмуш йили» Давлат дастури асосида ҳам аёлларимиз, опа-сингилларимиз меҳнатини енгиллаштириш, ижтимоий-маданий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда улар ўз салоҳиятини кенг намоён қилишини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида хотин-қизларни иш билан таъминлашнинг қонуний асосларини янада такомиллаштириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Шундан келиб чиқиб, ЎзХДП ташаббуси билан жойларда хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, саломатлигини муҳофаза қилиш, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини янада кучайтириш билан бир қаторда бандлик даражасини ошириш масалаларида ҳам амалий ишлар олиб борилаяпти.

Хусусан, уйда ўтирган, бола тарбияси билан банд бўлган аёллар, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Партиянинг «Фаол аёллар» қаноти ташаббуси билан барча ҳудудларда «Мустаҳкам оила — жамият таянчи», «Аёллар бандлиги — обод турмуш гарови» ло­йиҳалари доирасида кўплаб тадбирлар ташкил этилаяпти.

Буларнинг барчаси юртимизда аёл зотини эъзозлаш, қадр-қимматини жойига қўйиш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишнинг ёрқин намунасидир.

Назира МАТЁҚУБОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.